Қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкатлар) – стратегик экинлар: пахта ва буғдой етиштириш билан шуғулланувчи, собиқ жамоа ва давлат хўжаликлари меросхўри бўлиб ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалик кооперативлари «оилавий пудрат» деб ном олган кичик ишлаб чиқариш бўлинмаларидан ташкил топган (илгариги бригадалар). Оилавий пудратларда банд бўлганларнинг асосий қисмини оила аъзолари ва қариндошлари ташкил этади (83%). Ер давлат мулки ҳисобланади ва кооперативларга муддатсиз фойдаланишга ва фақатгина қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун берилади. Ширкат оилавий пудратлар билан икки турдаги шартномалар тузади. Биринчиси оилавий пудратчилар билан бир йилга тузилади ва одатда пахта ва буғдойнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ўз ичига олади. Ширкат барча турдаги моддий-техника ресурслари билан таъминлашни кафолатлайди. Шартномаларнинг иккинчи тури бўлиб одатда узоқ муддатга тузиладиган ер ижараси шартномаси ҳисобланади. Лекин ижара шартномалари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида катта рол ўйнамайди. Ҳар йилнинг бошида ширкат маъмурияти маҳсулот ҳажми ва экин майдонларини белгилаб берувчи юқори давлат ташкилотларидан давлат буюртмаси режасини олади. Давлат буюртмаси учун ажратилган майдонларда бошқа турдаги экинларни етиштиришга рухсат берилмайди.
Фермер хўжаликлари– хўжалик юритишнинг янги бозорга йўналтирилган шаклидир. Фермер хўжаликлари сони 90 йилларнинг охирига бориб тез суръатлар билан ўсди ва 2004 йилга бориб 1,5 миллион га майдонда ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи фермерлар сони 100 мингтага етди. Фермер хўжаликлари ерни 49 йилдан кам бўлмаган муддатга давлатдан ижарага олади. «Фермер хўжалиги тўғрисида» ги Қонунга (1998) мувофиқ ишлаб чиқариш фаолияти юзасидан қарорлар қабул қилишда фермерлар тўлиғича мустақилдир. Давлат буюртмасидан ташқари фермерлар мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқарадилар.
Деҳқон хўжаликлари– мустақилликнинг дастлабки йилларида фермер хўжаликлари ва ширкат ишчилари бўлган ҳар бир оилага 0,25 – 0,30 га ўлчамда ажратилган ер майдонларига (томорқа деб номланувчи), қўшимча даромад олиш манбасига эга бўлди. Мустақилликнинг бошларидан ҳозирга қадар деҳқон хўжаликларининг умумий ер майдони 750 минг га етди. Томорка одатда ширкат ерларидан ажратилади ва асосан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган, қонунга мувофиқ бу майдонларда уй-жой қуриш тақиқланади. 2000 йилдан бошлаб давлат томорқа эгаларини ҳуқуқий шахс, деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтиши юзасидан қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Рўйхатдан ўтиш хўжаликлар учун кредит олиш имконини беради, лекин шу билан бирга солиқ солиш орқали улар даромадлари устидан давлат назорати кучайтирилади, шунинг учун хўжаликлар ушбу дастурда иштирок этишга шошилмаётир. Ишлаб чиқаришнинг ушбу турини хусусий тартибда кўриш мумкин, чунки қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари маҳсулот ишлаб чиқариш ва маркетинги бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қиладилар.
Давлат буюртмаси билан боғлиқ бўлмаган деҳқон хўжаликлари ялпи маҳсулоти сезиларли равишда ошди. Хўжаликнинг ўлчами, жойлашуви ва суғориш тизими улар фаолиятини чегараловчи омиллар бўлиб ҳисобланмоқда.
Хўжалик юритиш шакллари орасида фермер хўжаликлари ўзини истиқболли сифатида кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 октябрдаги «2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш Концепцияси тўғрисида» ги Фармонига мувофиқ паст рентабелли ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.