1.1. «Атроф муҳит ва ресурслар иқтисоди» фанининг вазифалари, предмети ва методологияси
Барча табиий ресурслар, иқтисодий ресурслар каби чеклангандир. Инсонлар ўз эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган барча нарсани бевосита табиатдан олади ёки ўзлари тайёрлайди. Шунинг учун биз доим ҳам энг яхши натижага эришолмаймиз. Бизнинг моддий эҳтиёжларимиз йиғиндиси ихтиёримизда бўлган ресурслар ишлаб чиқариш имкониятларидан бир неча маротаба юқорилиги бундай вазиятнинг сабаби бўлиб ҳисобланади. Демак моддий тўкинчиликка бўлган эҳтиёжни қондиришнинг имкони йўқ. Ушбу ҳақиқат «Атроф муҳит ва ресурслар иқтисоди (АМРИ)» фанининг предмети бўлиб ҳисобланади.
Шундай қилиб, АМРИ инсоннинг моддий эҳтиёжларини максимал даражада қондириш ва атроф муҳитга таъсирини камайтиришга эришиш мақсадида чекланган табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқаришни ўрганади.
Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш муаммолари илмий адабиётларда «табиатдан фойдаланиш» атамаси билан юритилади.
Табиатдан оқилона фойдаланиш деганда комплекс ёндашув асосида табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қайта тикланадиган табиий объектларни тиклаш ва кўпайтириш, шунингдек табиий ҳудуднинг айрим участкаларини фойдаланишдан чиқариш, энг асосийси-табиатнинг биологик тизимлари унумдорлигини ошириш мақсадларида уни режали, мақсадли йўналтирилган ва илмий асосланган ҳолда ўзгартириш тушунилади.
Табиатдан оқилона фойдаланишни ташкил этишнинг асосий тамойиллари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: табиий ресурсларни жамлаш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган ҳудудни танлаш ва баҳолаш; ресурслардан комплекс равишда фойдаланиш; табиат бойликлари истеъмол қилингандан сўнг ер, сув ва ўрмон ресурсларини қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш.
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг асосий йўналишлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
- мамлакатда табиатдан фойдаланишни бошқариш тизимини такомиллаштириш (минтақаларда);
- эскирган технологияларни чиқариб ташлаш ва янгиларини жорий қилиш, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш;
- ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш;
- ишлаб чиқаришнинг бирламчи материаллари ва чиқиндиларини комплекс равишда утилизация (йўқ) қилиш;
- ер, сув, ўрмон ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш борасида ёнилғи-энергетика ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ўртасидаги зиддиятларни тугатиш ва мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларни жорий қилиш.
Табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизми, ресурслардан оқилона ва комплекс равишда фойдаланишнинг асосий йўналишларини ўрганиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муаммоларни ҳал этиш, шунингдек табиатдан фойдаланишда инвестициялар самарадорлиги ва муҳитни муҳофаза қилиш харажатларининг самарадорлиги, етказилган зарарни баҳолашда иқтисодий ҳисоб китоблар қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлиш фаннинг мақсади бўлиб ҳисобланади.
Иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга эришишга қаратилган лойиҳаларни техник, молиявий ва иқтисодий таҳлиллари асосида қарорлар қабул қилиш фаннинг вазифалари бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |