«Атроф муҳит ва ресурслар иқтисоди» фанининг методологияси. Қарорларни қабул қилиш учун муайян асослар зарур, уларни ҳисобга олмаслик қабул қилинган қарорлардаги хатоликларни келтириб чиқариши мумкин. Мазкур курсда атроф муҳит инсоният учун турли хизматлар заҳиралари ва материаллар йиғиндиси сифатида кўриб ўтилади.
Маржинал фойда (marginal benefits) ва маржинал ҳаражатларни (marginal costs) ўзаро таққослашни ўзида ифода этган маржинал таҳлилдан (marginal analysis) фойдаланиш ушбу курсни ўрганишда асосий тамойил бўлиб ҳисобланади (marginal – чекланган маъносида).
Атроф муҳит ва ресурсларга доир иқтисодиётни барқарор ривожлантириш вариантларини танлаш бўйича қарорни қабул қилиш учун ушбу услуб зарурдир. Давлат атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича харажатларни кўпайтириши керакми? Сиз ўзбек ижрочиларининг компакт дискларини ҳар ойда сотиб олиш учун камроқ ёки кўпроқ пул сарфлашингиз керакми? Корхона бошқарувчи ва менежерлари шу каби кўпроқ ишлаб чиқаришга доир бўлган саволларга дуч келадилар. Мисол учун, улар қўшимча равишда ишчиларни ёллаши ёки аксинча улардан айримларини ишдан бўшатиши керакми? Кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш керакми ёки камроқ?
Ҳар бир танлов маржинал фойда ва маржинал харажатларни ўз ичига олади. Бу уларни ўзаро таққослаш орқали оқилона қарор қабул қилиш учун зарур.
Масалан, бюджетни шакллантириш юзасидан давлат қарор қабул қилишда маржинал фойда ва маржинал харажатларни доимо эътиборга олади. Тиббиёт учун кўпроқ маблағ ажратилиши, атроф муҳит, ночорларга кўмаклашиш, таълим ёки мудофаа мақсадларига камроқ маблағ ажратилишини билдиради [4].
Иқтисодиётда икки хил жиҳатни кўриб ўтиш мумкин. Инсонлар ҳатти-ҳаракатлари ва уларнинг атроф муҳитни ташкил этувчи барча жиҳатларига таъсирини ёритишда ижобий иқтисодиёт қўлланилади. Меъёрий иқтисодиёт хизматларнинг мақбул даражаси ва нисбатларини баҳолаш учун икки шартли мезондан фойдаланишни кўзда тутади: самарадорлик ва барқарорлик. Ишлаб чиқарувчи жамият учун соф даромадни максималлаштиришни кўзда тутади. Табиий ресурс фойдаси бир босқичда тақчилликни келтириб чиқарса ёки кейинги босқичларда тақчиллилик даражасини оширса, самарали тақсимот чегаравий фойдали қийматни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак; бунда ресурс тақсимотидаги хатолик ушбу омилни ҳисобга олгандагидан камроқ бўлиши лозим. Барқарорлик мезони самарадорлилик тақсимотидан фарқли равишда адолатга эришиш имконини беради.
Ҳозирги шароитда жамоат ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг асосий вазифаси – бу ресурсларни тежашдир. Жамоат маҳсулоти бирлигига моддий харажатларни камайтириш қўшимча миллий даромад олиш имконини беради. Бу технологик қарорларнинг муқобил, ресурс тежовчи вариантларини қўллаш йўли билан эришилади. Ҳозирги шароитда тобора кўпроқ позициялар бўйича хом ашё ва ёнилғини иқтисод қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини янада оширишга нисбатан иқтисодий нуқтаи назардан самарали бўлиб бормоқда. Бундан ташқари, хом ашё ва ёнилғи қийматининг ошиб бориши моддий ресурсларни иқтисод қилиш бўйича самарали тадбирларни амалга оширишнинг иқтисодий чегараларини кенгайтирмоқда.
Иқтисодиётда ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун дедуктив ва индуктив услублар қўлланилади. Индукция услубида тамойил ёки умумлаштириш мумкин бўлган далиллар жамланади, сўнг тизимлаштирилади ва таҳлил қилинади. Индукция далиллардан назарияга, хусусийликдан умумийлик томон ҳаракат қилади.
Дедуктив услубда масала назария даражасида ҳал қилинади, сўнг даллиларга мурожаат этилган ҳолда мазкур назария текришилади ёки рад этилади. Ушбу икки услуб бир-бирини ўзаро тўлдириб боради.
Бундан сўнг тегишли хулоса қилинади ва ишчи фараз (гипотеза) ишлаб чиқилади ва у кўриб ўтилаётган муаммони тузатиш ёки бартараф этилишини таъминловчи сиёсатни, яъни маълум тадбир ва қарорларни ишлаб чиқиш учун замин бўлиб ҳисобланади.