2.2. Қишлоқ хўжалиги ва ер ислоҳотлари
Қишлоқ хўжалиги ислоҳоти 1998 йилда бошланди, ва ушбу давр мобайнида ер ислоҳоти бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинди:
Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси» 30.04.1998
«Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги қонун 30.04.1998
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун 30.04.1998
«Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонун 01.08.1998
Ер билан боғлиқ барча муносабатларга доир асосий ва кенг кўламли қоидалар ер кодекси билан белгиланади (1998 йил) [2]. Ўзбекистон Республикасининг барча тоифадаги ерлари «ер фонди» ни ташкил этади. Ердан фойдаланиш режимлари турлича бўлган саккиз тоифадаги ерлар мавжуд. Ерга бўлган ҳуқуқлар кодексда аниқ белгилаб берилган. Ер давлат мулки ҳисобланади, у шахсий эгаликда бўлиши мумкин эмас, балки фойдаланишга берилади. Жисмоний шахслар ер участкаларини мерос қилиб олиши мумкин ёки уларга доимий ва вақтинчалик асосда ердан фойдаланиш ёки ижарага олиш ҳуқуқи берилиши мумкин.
Қишлоқ хўжалик ерлари муҳофаза қилинади, суғориладиган ерлар эса фақатгина қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун фойдаланилиши мумкин. Шунингдек, Кодексда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ширкат, фермер хўжаликлари ҳамда айрим ҳуқуқий ва жисмоний шахсларга берилаётган ерларни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режими батафсил ёритилган. Тартиблар деградацияга учраган тупроқларни қайта тиклаш, эрозияга қарши кураш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳолларида тупроқни чиқариб ташлаш ва қайтариш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича тадбирларни амалга ошириш мажбуриятларини ўз ичига олади.
«Кодекс» бир томондан маъмуриятнинг барча даражалари, иккинчи томондан эса ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тарибга солади. Унда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Шунингдек, Кодексга ерлар консолидацияси, ерлар мониторинги, табиий қишлоқ хўжалик районларини ташкил этиш, ер участкалари тоифалари ва ерларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш устидан давлат назоратини ўрнатиш тамойиллари киритилган.
Қишлоқ хўжалик ерларига доир асосий талаблар Кодекснинг махсус бўлимида акс эттирилган. Мазкур тартибларга мувофиқ, ҳуқуқий нуқтаи назардан ширкат (кооперативлар), фермер ва деҳқон хўжаликлари (кичик оилавий фермалар) каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг бир нечта турлари мавжуд. Деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслар томонидан мерос қилиб олиниши мумкин. Деҳқон хўжаликлари ўлчами Кодексда белгилаб берилган: бир оилага суғориладиган ерларда 0,35 гача, суғорилмайдиган ерларда 0,5 гача ҳамда чўл ва саҳро ҳудудларида 1 гача.
«Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ширкатларни ташкил этиш, фаолият юритиши, қайта тузиш ва тугатишнинг ҳуқуқий тамойиллари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқа жисмоний ва ҳуқуқий шахслар билан ўзаро муносабатларини белгилайди. Ширкат одатда оилалар ёки пайчилар гуруҳидан иборат ҳуқуқий шахсдир. Шунингдек, ширкатлар ташкилий тузилмасида фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳам ташкил этилиши мумкин. Мажбурий тартибда қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланилиши лозим бўлган қишлоқ хўжалик ерлари доимий эгалик қилиш учун ширкатларга берилади.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонун уни ташкил этиш, фаолият юритиш, қайта тузиш ва тугатишнинг ҳуқуқий тамойиллари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқа жисмоний ва ҳуқуқий шахслар билан ўзаро муносабатларини белгилаб беради. Фермер хўжаликлари узоқ муддатли ижарага олинган ерларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи ёки чорва молларини парвариш қилувчи ҳуқуқий шахс ҳисобланади. Мазкур қонунга мувофиқ чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари камида 30 шартли мол бош сонига эга бўлиши ва ҳар бир мол бош сонига суғориладиган ерларда 0,3-0,45 гача, суғорилмайдиган ерларда эса 2 гача ер ажратилиши лозим. Пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари эса камида 10 га ерга эга бўлиши лозим. Узум, мева-сабзавот ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликлари 1 га дан кам бўлмаган майдонга эга бўлиши лозим.
«Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонун ер участкаларининг табиий, иқтисодий ва ҳуқуқий режими, уларнинг тоифалари, сифат кўрсаткичлари ва баҳоси, жойлашуви ва х.к. тўғрисидаги ахборотлар тизимидан иборат бўлган давлат ер кадастрини ишлаб чиқиш учун ҳуқуқий асосни белгилаб беради. Кадастр маълумотлари иқтисодий ривожланиш мақсадларида фойдаланилади, ер участкалари, тупроқни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш, ундан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари Давлат қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, хариташунослик ва Давлат кадастри Бош бошқармаси давлат ер кадастрини ишлаб чиқиш учун маъсул бўлган давлат органлари ҳисобланади. «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳар йили давлат ер ресурслари тўғрисида маъруза тайёрланишини кўзда тутади.
Юқорида қайд этилган қонунларга қўшимча тариқасида Вазирлар Маҳкамаси бир қатор қонун ости ҳужжатларини қабул қилди:
«Давлат ер кадастрини амалга киритиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори, 31 декабр 1998 йил, № 543;
«Ўзбекистон Республикасида ерлар мониторинги тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 23 декабр 2000 йил, № 469.
Лекин иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун янги ёндашув, тартиб ва меъёрларни қўллаш зарур.
Суғориш Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун ҳаётий муҳим бўлиб ҳисобланади; 2001 йилда гектар ҳисобига 12 000 м3 гача сув фойдаланилган (1993 йилда - 13200м3, 1988 йилда - 15 100 м3). Суғориладиган қишлоқ хўжалик ерлари майдони 4,3 млн. га ташкил этади. Суғориладиган ерларда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотининг 95% ишлаб чиқарилади. Турли сабабларга кўра ҳар йили 130 000 дан 140 000 га бўлган ҳайдаладиган суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланилмайди. Суғориладиган ерларнинг потенциал унумдорлиги, ҳозирда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан бирмунча юқоридир.
2001 йилдаги ҳайдаладиган суғориладиган ерлар таркиби 2.1-чизмада келтирилган. Ҳайдаладиган ерларнинг фақатгина 0,8 млн. га суғорилмайди (лалми ерлар), асосан Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида. Суғориш мумкин бўлган ерлар 7 млн. га ташкил қилади. Лекин, сув етишмовчилиги сабабли янги ерларни ўзлаштириш имконияти йўқ.
22 млн. га яқин суғорилмайдиган ерлар яйловлар сифатида фойдаланилади, шу жумладан 18 млн. га саҳро яйловлари, 3 млн. га адирликлар, 0,9 млн. га тоғ яйловлари (таус) ва 0,6 млн. га баланд тоғлар яйловлари (яйлауслар) ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |