Ер ости сувлари. Ҳудди шу таҳлилни ер ости сувларига уларнинг тугашини ҳисобга олиб қўллаймиз. Ер ости қатламидан сув олиш сув тўпланишидан кўра ортиб кетса, сув олиш ёки мавжуд заҳиралар бутунлай тугагунча ёки қўшимча сув олиш учун чегаравий харажатлар энг юқори даражага етгунча давом этади.
Сувга бўлган талаб ўзгармас бўлганда самарали сув олиш вақт бўйича ер ости сувларидан фойдаланишда камаювчи натижага олиб келади. Сувни олиш учун максимал ҳаражатлар (ёки сувнинг охирги қисмларини тортиб олиш учун ҳаражатлар) ер ости сувлари қатлами пасайганда ортиб боради. Сув олиш ёки заҳиралар тўла тугаганда ёки сув олишга кетган маржинал харажатлар сувни ишлатишдан олинадиган маржинал фойдадан ортиб кетганда ёки бошқа манбадан сув олишга кетадиган маржинал харажатлардан кўп бўлганда тўхтатилади.
Ер ости сувларига яқин жойлашган катта миқдордаги ер усти сувлари ер ости сувларининг ўрнини босиш ва сувни олишга кетган маржинал ҳаражатларнинг юқори чегарасини белгилаш учун хизмат қилиш мумкин. Истеъмолчи ер ости манбаларидан олинган сувга ер устидан олинган сувга кетган ҳаражатлардан кўп тўламайди.
Ер ости сувларининг самарали бозорида сувнинг нархи ортиб боради. Сувнинг нархи сувни олиш учун кетадиган маржинал ҳаражатлар ўта юқори даражага етгунча ёки бу харажатлар бошқа манбадан сув олишга кетган ҳаражатларга тенглашгунча ортиб боради. Бу нуқтада сувни олишга кетадиган маржинал ҳаражатлар сувнинг баҳосига тенг бўлади. Барча ҳолатларда соф нарх ёки сувнинг нархи билан уни олишга кетган маржинал харажатлар ўртасидаги фарқ вақт бўйича камайиб боради ва алмашиш (агар алмаштирувчи бўлса) ёки тўла тамом бўлиш (акс ҳолда) нуқтасида нолга тенг бўлади.
22.3. Замонавий тақсимлаш тизими
Ўзбекистонда қадимдан суғорма деҳқончилик билан шуғулланилади. Республикада дехкончилик маҳсулотларининг деярли барчаси суғориладиган ерларда етиштирилади. Мамлакат ҳудудида оз миқдордаги сув ресурларининг тўпланиши, давлатлараро сув тақсимлашдаги қийинчиликлар ва атроф муҳитга сезиларли даражада кўрсатилаётган таъсир оҳирги йилларда, аниқса, вегетация даврида сув ресурсларининг сезиларли даражади тақчил бўлишига олиб келмоқда. Сув ресурслари тақчиллиги муаммоси биринчи навбатда сув хўжалик тизимида сувнинг йўқолиб кетиши сабабли келиб чиқмоқда. Иқтисодчиларнинг баҳолашича йўқотилаётган сувнинг 2/3 қисми техник сабаблар - фильтрланиш натижасида, сувни манбадан истеъмолчига етказиб беришдаги буғланиш, каналлардаги фильтрланишга қарши қопламаларнинг йўқлиги сабабли келиб чиқмоқда. Йўқотишнинг бошқа тури ташкилий характерга эга бўлиб, унга йўқотилаётган сувнинг 1/3 қисми тўғри келади. Бундай йўқотиш қишлоқ хўжалиги товар маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланишга бўлган қизиқишининг ҳамда сув хўжалиги ташкилотларида зарур миқдордаги сувни вақтида етказиб беришга рағбатнинг йўқлиги туфайли юз беради. Агар техник йўқотишларни бартараф қилиш учун ўз-ўзини узоқ муддатда қоплайдиган ҳамда ҳозирги ўтиш даври иқтисодиёти учун анча оғир келадиган жуда катта миқдордаги инвестициялар талаб қилинса, ташкилий йўқотишларни тўхтатиш учун катта миқдорда маблағ талаб қилинмайди. Ҳам сувдан фойдаланувчиларни, ҳам сувни етказиб берувчи ташкилотларни сув ресурсларидан самарали фойдаланишга рағбатлантирувчи шароит яратиш лозим. Хўжалик ёки канал даражасидаги суғориш тизимини бошқаришни давлат ташкилотларидан Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари (СФУ) деб аталадиган маҳаллий ташкилотларга ўтказиш орқали институционал ислоҳотларни амалга ошириш бундай шароитни яратиш учун муҳим қадам бўлади.
Сув ресурсларидан фойдаланишда ўз-ўзини бошқариш тажрибаси Ўзбекистон учун янгилик эмас. Инқилобгача маҳаллий шароитларга қараб сувдан фойдаланиш ва сувни тақсимлаш тартиби турли-туман бўлган, лекин сув тақсимлашнинг ҳамма шакллари умумий принципиал тартибларга бўйсундирилган. Айтиш мумкинки, барча хусусий ҳолларга тегишли боғлиқ бўлмаган ҳолда сув ресурсларини бошқариш, асосан, қуйидаги муҳим мезонларга асосланган:
туганмас манбаларлардаги сув умумий бойлик ҳисобланган;
алоҳида шахсларнинг меҳнати билан қурилган ёпиқ сув ҳавзаларидаги сувлар уларга тегишли бўлган;
сувни ерсиз сотиш таъқиқланган;
сув етишмаган ҳолатларда у ариқлар бўйича тенг тақсимланган;
сувни тақсимлаш ёки улуш асосида ёки навбат асосда амалга оширилган;
ҳар бир сувдан фойдаланувчи суғориш тизимини сақлаб туриш ва уни таъмирлаш ишларида қатнашишга мажбур бўлган;
бегона ерлардан каналлар ўтказишга ер эгасига келтирилган зарарни қоплаб бериш шарти билан руҳсат этилган;
сувдан фойдаланиш ўз-ўзини бошқариш тамойилига асосланган, бунда бош ва қўшимча ариқлар ҳолатини ва уларда сув тақсимланишини кузатиб туриш учун алоҳида шахслар сайлаб қўйилган ва уларга натура кўринишида иш ҳақи тўланган.
Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари қишлоқ хўжалиги суғорма деҳқончиликка асосланган Ҳиндистон, Колумбия, Мексика, Непал, Туркия, Филиппин, Индонезия каби мамлакатларда кенг тарқалган. Давлат ташкилотларига қараганда СФУлар қуйидаги афзалликларга эга: сувни самаралироқ ва ишончлироқ етказиб бериш, сув билан боғлиқ зиддиятларни тез ҳал қилиш, давлат молиявий юкини қисқартириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш. СФУларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини акс эттирувчи жаҳон тажрибасидаги баъзи бир кўрсаткичларга тўхталиб ўтиш лозим. Масалан, Доминикан Республикасида ирригация тизимлари назорати СФУларга ўтганда сув бериш самарадорлиги ортган (ёки сувни йўқотиш камайган) ва суғориш суви 25-30 фоизга иқтисод қилина бошлаган. Филиппинда фермерлар иштирокида ушбу тизим жорий қилинганда суғориладиган майдонлар 35 фоизга кўпайган, бу бундай тизимни ташкил этиш кўзда тутилмаган ҳолатга қараганда қарийб икки баробар ўсиш эди. Филиппинда давлат бир гектар ер ҳисобига 12 АҚШ доллари миқдорида маблағни иқтисод қила бошлаган. Непалда фермерларнинг биргаликдаги ҳиссаси капитал харажатларни 15 фоизга қисқартиришга имкон берди. Ресурсларни жалб қилиш ва сувни иқтисод қилиш нуқтаи назаридан Қирғизистон (Жалолобод вилояти) ва Қозоғистон (Махтаорол тумани) да ҳам СФУлар ташкил қилиш ижобий натижа берган.
Ҳозирги кунда ирригация хизмати фаолиятида қуйидаги қийинчиликларга дуч келинмоқда:
хусусий сувдан фойдаланувчилар кўпаяётган бир шароитда хўжаликларда ўз вақтида иш ҳақи тўлаш имконияти йўқлиги туфайли ирригация хизматлари сонини қисқартириш жараёни рўй бермоқда;
мелиоратив техника ва транспорт воситалари жуда эскирган ва улар янгилаш ҳамда таъмирлашни талаб қилади. Техника ва эҳтиёт қисмлар нархларининг юқорилиги, маблағ йўқлиги туфайли хўжаликларда уларни сотиб олиш имконияти йўқ;
вегетация даврида хўжаликлар сувни ўз вақтида ва етарли миқдорда олиш муаммосига дуч келадилар ва сув хўжалиги ташкилотлари бунинг учун ҳеч қандай моддий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмайдилар.
Фаолиятининг бошланишида сувдан фойдаланувчилар уюшмалари давлатдан субсидия олишлари мумкин бўлсада, кўп холларда улар молиявий жиҳатдан мустақил бўладилар. СФУга аъзолик ихтиёрий асосда бўлади, лекин маълум мажбуриятлар тўплами мавжуд бўлади. Уларнинг орасида аъзолик бадалларини, бошқача қилиб айтганда сувга пул тўлаш энг муҳим шартлардан ҳисобланади.
Сув учун тўлов бир неча ўн йиллардан бери суғориладиган деҳқончилик иқтисодиётида анча мунозарали саволлардан бири бўлиб қолмоқда. Сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув етказиб берувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар бўйича жуда кўп миқдордаги услубий қўлланмалар, турли хил механизмлар ишлаб чиқилган. Лекин бозор шароитида режали иқтисодиёт шароити учун ишлаб чиқилган услубиёт ва механизмлардан тўла воз кечиш лозим. Уларнинг ўрнига «муқобил имкониятлар баҳоси», «маржинал харажатлар» ёки «тўлов учун ҳохиш ва тайёрлик» каби бозор воситаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, сув учун тўлов шундай ўрнатилиши керакки, токи сувдан фойдаланувчилар ушбу ресурснинг тақчиллигини сезишсин ва у сувдан фойдаланишда кўпроқ иқтисод қилишга рағбатлантирсин. Тўлов ирригация тармоқларига хизмат кўрсатиш ва уларни ишлатишга кетган йиллик харажатларни қоплаши лозим. Сув учун ўрнатиладиган тарифлар йирик ҳамда майда сувдан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда чуқур асосланган бўлиши лозим.
СФУ ўз-ўзини ривожлантирадиган ва ўз-ўзини маблағ билан таъминлайдиган ташкилот бўлиши лозим ва шунинг учун ҳам сувдан фойдаланувчиларга самарали хизмат кўрсатиш учун мавжуд техникаларни доимо янгилаб туриш зарур бўлади. Хўжалик даражасида ирригация хизматлари тарифи СФУ бюджетига асосланади ва харажатлар плюс инвестицияларни молиялаштириш учун зарурий заҳира тамойилига асосан ҳисобланади. СФУ фаолиятининг дастлабки даврида ўрнатиладиган тарифлар иложи борича паст даражада бўлиши, лекин шу билан бир вақтда ишлаб чиқариш харажатларини қоплаши лозим. Бундай ёндашув нарх шакллантиришнинг илгари мавжуд бўлган, фермерларни харажатларни минималлаштиришга рағбатлантирмаган «харажатлар плюс» концепцияси билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас. Сув учун тўлов сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда фермерларнинг юқори даромад олишини таъминлаш мақсади сари йўналтирилиши лозим.
Биргаликда бошқариш категориясини қуйидагича синфлаштириш мумкин:
Биргаликда ўзаро тенг бошқариш – бунда сувдан фойдаланувчиларнинг СФУ орқали вакиллигини сув хўжалик ташкилотлари томонидан тизимни ишлатиш ва уни сақлаб туришга жавобгарлиги тушунилади. Бу ташкилот биргаликда бошқаришнинг энг кенг тарқалган шаклларидан бири ҳисобланади;
Ишлатиш ва сақлаб туриш: бунда сув хўжалик ташкилотлари тизимнинг эгаси бўлиб, ҳал қилувчи рол ўйнашни давом эттираётган бўлсада, фақат бошқариш СФУга бериш тушунилади;
СФУ мулки СФУ тизимини ишлатиш, сақлаб туриш ва давлат ташкилотларида давлат томонидан мувофиқлаштириш роли сақланиб қолган бир вақтда сувдан фойдаланувчилар вакиллигини таъминлашни кўзда тутади;
СФУнинг тўла назорати-мувофиқлаштириш функцияси билан биргаликда, давлат ташкилотларининг иштироки кам самарали бўлган чекка туманларни ҳисобга олмаганда амалиётда жуда кам учрайди.
Сув хўжалиги ташкилотлари ва СФУлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш тизим даражасига қараб ўзгариб туради. Сув хўжалиги томонидан назорат қилиш тизимнинг юқори қисмида, СФУнинг таъсир доираси эса тизимнинг қуйи қисмида кўпроқ кузатилади. Кўпгина суғориш тизимлари бошланадиган дарё ҳавзаси даражасида давлат асосий ролни ўйнайди. Асосий тизим даражасида сувдан фойдаланувчилар қарорлар қабул қилишда қатнашиши мумкин, лекин бу ерда сув хўжалик ташкилотлари асосий мулк эгаси бўлиб қоладилар ва тизимни ишлатишни амалга оширадилар. Биргаликда бошқариш тақсимлаш даражасида кўпроқ учрайди. Сув тақсимлашнинг энг охирида сув хўжалиги ташкилотларининг қатнашиши одатда минимал даражада бўлади.
Ўзбекистонда СФУларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарурий шароитларни яратиш лозим. Бунинг учун биринчи навбатда хусусий характердаги сувдан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда зарурий ҳуқуқий асос яратилиши мақсадга мувофиқ. Ҳуқуқий база етарли даражада эгилувчан, СФУда қатнашишни етарли даражада рағбатлантиришни таъминлайдиган, СФУнинг ҳуқуқ ва бурчларини ўзаро бир хилда ушлаб турадиган бўлиши лозим. Ҳуқуқий асос қуйидаги шартларни ўзида жамлаши лозим:
банкда ҳисоб-рақамларини очиш ва юритиш ҳамда кредит олиш имконияти;
СФУ аъзоларининг сувга бўлган ҳуқуқларини тан олиш;
Ирригация қурилмаларига бўлган мулк ҳуқуқи ва/ёки сувдан фойдаланувчиларнинг сувга бўлган ҳуқуқи (СФУнинг суғориш қурилмаларига мулкдор бўлиши бу қурилмаларни тўғри ишлатишни рағбатлантиради);
Ўз ҳудудларидаги суғориш тизимларида қайта тиклаш ишларини олиб бориш учун пудратчилар билан шартномалар тузиш ҳуқуқи;
СФУ ва давлат ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар ўртасидаги шартномалар ўзаро келишув ва тенг ҳуқуқлилик асосида бўлиши;
Эгилувчанлик даражаси имконияти (ҳуқуқий асос СФУга тўсиқ бўлмаслиги, аксинча уни қўллаб-қувватлаши керак. Бундай асос СФУ аъзоларига ўз ташкилотларининг вазифалари ва йўналишларини белгилашда эркинлик бериши лозим).
СФУ ташкил қилишнинг ижтимоий характердаги афзалликлари ҳам бор. Уюшма, энг аввало, фермерлар манфаатларини ифода қилади ва демократлаштириш, ҳокимият ва ваколатларни қуйига бериш каби жамият мақсадларига жавоб беради. Бундай ижтимоий капиталнинг таъсири уни ҳисоблашнинг мураккаблигига қарамасдан сезиларли даражада катта бойлик ҳисобланади. Лекин фақатгина СФУ институционал таркиби ҳуқуқий асосининг яратилиши қишлоқ хўжалиги товар маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ўз маҳслотлари учун ҳақиқий бозор нарҳидаги тўловларни ололмаётган ўтиш шароитида ҳамма муаммоларни ҳал қилмайди. Ўз навбатида дастлабки босқичда СФУлар имтиёзли кредит ва субсидиялар шаклидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож бўладилар.
Давлат келгусида ҳам «..институционал ислоҳотларни чуқурлаштириш, бошқариш тизимини такомиллаштириш» йўлида бош ислоҳотчи бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари янги институционал таркибининг ҳаётийлигини таъминлаш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим: рентабелли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун иқтисодий шароит яратиш; ишлаб чиқарилган маҳсулотга эгалик ва уни ўз ҳоҳишича тасарруф қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш; маҳсулот сотиш ва нархни шакллантириш тизимини эркинлаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |