23.2. Тик ва горизонтал дренаж
Дренаж тадбирлари. Суғориладиган ерларда мақбул мелиоратив шароитни сақлаб туриш, тупроқ унумдорлигини ошириш учун мелиоратив тадбирлар комплекси ўтказилади.
Сугориладиган худудларда сув-туз режими мухандислик-мелиоратив ва агротехник тадбирлар мажмуасининг муҳим элементларидан бири бўлган сунъий дренаж орқали тартибга солинади. Ушбу тадбирлар комплекси таркибига суғориш тармоғи, далаларни текислаш, шўр ювиш, дренаж, суғориш техникаси ва режими, алмашлаб экиш, тупроққа ишлов бериш ва ўғитлаш тизими ва бошқа агромелиоратив тадбирлар киради.
Бугунги кунда ўзида фақат ижобий сифатларга эга бўлган универсал дренаж тизими мавжуд эмас. Аралаш дренаж энергия харажатлари ва мураккаб насос жиҳозлари зарурлигини ҳисобга олганда горизонтал ва тик дренажларга хос бўлган барча ижобий ва салбий хусусиятларга эга.
Минтақаларда дренаж турларини танлаш, аввало, табиий шароитлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Ўзбекистонда гидрогеологик шароити бир неча турдаги дренажларан фойдаланишга имкон берадиган майдонлар жуда кўп. Бу ҳолда дренаж турлари иқтисодий самарадорлиги ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари бўйича ранжировка қилинади. Марказий Осиёда дренаж бўйича ўтказилган тадқиқотлар таҳлили шуни кўрсатадики, турли хил дренажларни мелиоратив кўрсаткичлари бўйича солиштирма баҳолаш тик дренажларнинг самарали эканлигини кўрсатади. Энергия сиғими ва капитал сиғими иқтисодий кўрсаткичлари бўйича горизонтал дренаж бошқа дренажлардан устун туради.
Эски ва янги суғориладиган турли хил ҳудудлардаги табиий шароитларда турли хил дренажлардан фойдаланиш бўйича 50 йил давомида тўпланган тажриба қуйидагича хулоса қилишга имкон беради: ҳар қандай дренаж ер шўрини камайтирмайди, фақатгина ташкилий-хўжалик ва агро мелиоратив тадбирлар мажмуи энг юқори натижа берадиган шароитни яратишга ёрдам беради. Шунинг учун ҳам дренажни қуриш ва уни оқилона ишлатиш билан бир қаторда сувдан фойдаланишни тартибга солиш, ерларни текислаш ва шўрланган ерларнинг шўрини ювиш, шунингдек, суғоришнинг мақбул режимини қўллаш лозим.
Турли хил сув хўжалик лойиҳаларини жорий этишнинг навбатини ранжировка қилиш қишлоқ хўжалигида хох ҳусусий, хох давлат инвестицияларидан ИТТ (илмий-техник тараққиёт) бўйича тадбирларни амалга оширишда самарали фойдаланишга имкон беради.
Шундан келиб чиқиб, турли хил иқтисодий ва табиий ҳудудларда турли хил сув хўжалик лойиҳаларида инвестицияларнинг самарадорлиги турличадир. Баъзи ҳудудларда инвестициялар тезроқ, баъзи ҳудудларда эса секинроқ қайтади. Мана шундан бозор иқтисодиёти шароитида кўпроқ самара берадиган тадбирларни танлаш ва уларга капитал қўйилмаларни йўналтириш зарурияти келиб чиқади.
Суғориш воситалари сони ортаётган шароитда жорий этиш навбатлилигининг долзарблиги доимо ўсиб боради. Фермер хўжаликлари зарурий техникани ўзлари танлаш ҳуқуқига эга бўлган бозор муносабатлари шароитида навбатлилик энг юқори даражада даромад олиш мезони бўйича амалга оширилади. Шунинг учун ҳам суғориш техникасини соф даромад ва ишлаб чиқаришга жорий этиш учун соф қиймати бўйича ранжировкалаш катта амалий аҳамиятга эга бўлади. Шу билан биргаликда, тадбирлар тобора такомиллашиб боради, баъзи ранжировкалаш бўйича тавсиялар эса эскиради ва бу тадбирлар ранжировкаларни доимо янгилаб туриш заруриятини туғдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |