Радикаллашув ва дерадикаллашувнинг тарифи Ҳозирги даврда радикаллашув ва дерадикаллаштириш диний ва зўравон экстремизмга қарши кураш жараёнларини тушиниш учун асосий термин саналади. Бу икки концепцияга баъзи экспертлар экстремистик қараш тарафдори бўлиб турган мутассибнинг зўравонлик ишлатишини олдини олиш мақсадида деактивацияни ҳам қўшмоқдалар.
Радикаллашув – ўзида радикаллашув жараёнини тезлашганини ҳамда экстремистик ғояларни қабул қилиш жараёнини жадаллашувини намоён қилади. Халқаро ташкилотлар ва айрим мамлакатларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида радикаллашувга қуйидагича таъриф берилган: “бирор шахснинг тоборо кўпроқ экстремистик ғоя ва мақсадларни қабул қиладиган динамик жараён”. Россиянинг экстремизмга қарши кураш стратегиясида радикаллашувга “конституцион тузумни зўрлик билан ўзгартиришга ва давлат яхлитлигини бузишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишга ёрдам берадиган экстремистик мафкурага қаттиқ берилганлик” деб таъриф берилган. Америка жазони ижро этиш муассасалари тизимида радикаллашув шундай таърифланади: “инсон экстремистик қарашларни қабул қилиб, ҳарбий, диний ва сиёсий мақсадларга эришиш учун зўравонлик усулларидан фойдаланиш керак деган фикрга келишидир”.
Тадқиқотчилар дерадикаллаштиришни инсон экстремистик мафкурадан воз кечадиган ва унинг террорчилик фаолиятига қўшилиш хавфини сезиларли даражада камайтирадиган психологик жараён сифатида тарифлайдилар. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, дерадикализация “эътиқод тизимини ўзгартириш, экстремизм мафкурасини рад этиш ва доминант қадриятларни қабул қилиш жараёни” деб таърифланади. Муайян қадриятларни, муносабат ва қарашларни рад этишнинг когнитив жараёни, бошқача қилиб айтганда фикрлаш тарзининг ўзгаришидир. Бундай когнитив ўзгариш тегишли шахсларга радикал ёки экстремистик ғоялар ва эътиқодлардан воз кечишга ҳамда уларни ажратиб турадиган гуруҳларни тарк этишга ёрдам берадиган махсус тадбирлар натижасида рўй беради.
Д.э.о. ғоясидан қайтаришнинг микро даражадаги шартлари Дерадикаллаштириш дастурларининг асосий таркибий қисмларига коммуникатив ҳаракатлар, суҳбатлар, диний мунозара ва кўрсатмалар, тожовузкор хатти-ҳаракатларнинг сабаби деб қаралган масалалар бўйича ўзаро суҳбатлар, психолог ва психиатрларнинг тавсия ва кўрсатмалари киради. Натижада дерадикаллаштириш жараёни ғоялар курашидир. Муваффақиятли дерадикаллаштиришнинг микро даражадаги зарурий шартларига соха мутахассислари қуйидагиларни киритишади:
- объектнинг мафкурасини билиш ва тушуниш;
- террорчининг диний мотивларини тушуниш;
- у келиб чиққан жамият ва субмаданиятлар муаммоларини тушуниш;
- экстремистик ақидаларни аниқлаш ва радикализм кўрсаткичларини аниқ белгилаб олиш;
- диний мулоқот;
- диний таълим;
- таълим ва умумий марифатпарварлик фаолияти;
- тарихни ўрганиш бўйича дастур;
- психологик ёрдам ва тузатиш;
- террорчилар мафкураси ва хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф эканлигини тушунтириш ва уларни обрўсизлантириш;
- ижтимоий ёрдам;
- мутассибларни қайта ижтимоийлаштиришда уларнинг оиласига ёрдам бериш;
- муваффақиятли дерадикаллаштиришнинг муҳим шартларидан яна бири бу соҳа мутахассисининг малакасидир.