Кунгабоқар чақилмасини сепарациялаш. Аспирацияли шамол машинаси (семеновейка) М1С-50 (3.5.-расм) рассев ва аспирацион камерадан иборат. (2) рассев тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, ички қисмида уч ярусли қия (30) жойлаштирилган элаклар мавжуд.
Элаклар кетма-кет ишлайди. Рассев айланма ҳаракат қилади (айланиш частотаси 180 айл/мин).
Кунгабоқар чақилмасини ажратишда рассев элакларининг тешикларини ўлчамлари қуйидагича (мм):
1-ярус 6,0-7,0; 2-ярус 4,5-5,0; 3-ярус 2,5-3,0; га тенг бўлади.
Элакларнинг умумий юзаси – 11,5 м2.
Чақилма (1) қабул қилувчи енг орқали ускунага берилади ва рассевда еттита фракцияга ажратилади. Олтита фракциянинг ҳар бири ўз енги орқали (12) аспирацион камеранинг вертикал жойлашган каналлари (I, II, III, IV, V, VI)га берилади.
Мойли чанг (еттинчи фракция) енг орқали машинадан чиқариб юборилади. Ҳар бир каналда бир неча қия тўсиқлар (3) жалюзлар ўрнатилган, уларнинг қиялигини ўзгартириш мумкин. Жалюздан сочилиб тушаётган чақилманинг фракцияси (10) вентилятор ёрдамида ҳосил қилинган ҳаво оқими таъсирига учрайди. Натижада, чақилманинг энг енгил фракцияси бўлган пўчоқ аспирацион камерага ўтиб, (7) чўнтакларда йиғилади.
3.5-расм. М1С-50 аспирацияли шамол машинаси
Пўчоқ, уруғлар, мағизнинг майда бўлакчалари аралашмаси (перевей) (5)чўнтакда йиғилади. Чақилманинг энг оғир фракцияси бўлган мағиз жалюздан ва (4) каналдан ўтиб, мағиз учун шнекга тушади.
Пўчоқларни (7) чўнтакда йиғилиб оғирлиги ошиши натижасида (8) ва (9) клапанлар очилиб, пўчоқ шнекига тўкилади. Перевей ҳам худди шундай (5) чўнтакдан (6) клапан орқали қобиқ шнекига тушади.
(10) вентилятор билан сўрилган ҳаво фильтр ёки циклонда тозаланади. Ҳар бир каналда ўрнатилган (11) шибер ёрдамида ҳавонинг тезлиги ростланиб турилади.
Чақилманинг элакларда фракцияларга ажратиш аспирацияли шамол машинасининг ишончли ишлашини таъминлайди. Пўчоқ таркибидаги мағиз ва перевей миқдорини камайтириш муҳим ҳисобланади.
Мағизнинг пўчоқ билан чиқиб кетиши мойнинг йўқолишини оширади. Перевей миқдорини кўпайиши эса унга қўшимча ишлов беришни талаб қилади. Бунда, турларга ажратилган чақилма ҳаракатланадиган ҳаво канали жалюзларининг роли жуда каттадир. Жалюзлар қиялигини, улар орасидаги масофани ростлаш билан материал ва ҳаво тезлигини ўзгартириб, мағиздан пўчоқни тўлиқ ажратишга перевей миқдорини ва мағизни пўчоқ таркибига ўтиб кетишини камайтиришга эришиш мумкин.
М1С-50 русумли аспирацияли шамол машинасини унумдорлиги кунгабоқар уруғи бўйича мағизни пўчоқдорлиги 3%гача бўлганда 50 т/кун, 8%гача бўлганда эса 60 т/кун га тенг бўлади. М2С-50 русумли аспирацияли шамол машинасини ҳам иш унумдорлиги худди шундай, лекин рассевнинг айланиш сони каттадир (200 айл/мин гача).
Аспирацияли шамол машинаси рассевида чақилмани фракцияларга ажратишда, пўчоқни элакларда ҳаракатланиши давомида унинг юқори мойли мағиз ва мойли чанг билан контактда бўлиши уни мойланишига олиб келади. Чақилманинг рассевда бўлиш вақти йирик фракциядан, майда фракцияга ошиб боради.
VI ва VII фракцияларни элаш вақти 60 с бўлиб бу вақтда пўчоқнинг мойлилиги сезиларли ошади. ВНИИЖ маълумотларига асосан I бўлимдаги пўчоқнинг мойлилиги – 1,88%, VI бўлимда эса 4,44%га тенг бўлади.
Пўчоқ мойлилигининг ортишига пўчоқ юзасининг, уни ўлчамларини камайиши ҳисобига, катталашуви, чақилмаси семеновейкани охирги бўлимларида бўладиган, майда уруғларнинг ботаник мойлилигини ошиши таъсир этади.
Ҳозирги вақтда ёғ-мой саноати корхоналарида иш унумдорлиги кунгабоқар уруғи бўйича 80 т/кун бўлган аспирацияли шамол машинаси Р1-МСТ қўлланилмоқда (3.6-расм). Бу ускуна конструкциясининг фарқи шундаки, (1) элакли рассевга чақилма берилишидан аввал (2) рассев олди иккита параллел ишловчи элакларда (тешиклар ўлчами – 3 мм) майда фракциялар ажратиб олинади. Пўчоқ ва мағиз бўлакчалари М1С-50 семеновейкага қараганда кам контактда бўлади, шунинг учун чиқиб кетаётган пўчоқнинг мойлилиги 0,25%га камаяди. Рассев олди элакларидан ўтган қисми (оқшоқ ва мойли чанг) (3) патрубка орқали ҳаво оқими билан қўшимча ишлов берилмасдан вейкани мағиз бўлимига берилади. Элакнинг юзасидан тушган чақилма рассевнинг юқори ярусига берилади ва юқорида ёзилгандай ҳаракатини давом эттиради. Элак тешиклари диаметри мағиз ўлчамларига боғлиқ бўлади.
Семеновейка конструкциясининг яна фарқи шундаки, унинг бешта вентилятордан иборат блоки (8) бор. Улар гуруҳ ҳолатида: иккитаси – битта валга, учтаси бошқа валга ўрнатилган.
Ҳар бир вентилятор аспирацион камеранинг бешта каналларидан бири билан патрубкалар орқали уланган, бу эса уларда ҳаво оқимини мустақил равишда ростлаш имконини беради. Бундан ташқари семеновейканинг (7) шибер ва (6) ички тўсиқларининг жойлашишини ўзгартириб, ускунанинг аэродинамик ишлаш шароити яхшиланган (4) ва (5) пўчоқ клапанлари контрукцияси ўзгартирилган, бу эса бўшатиш мосламасининг ишлашини яхшилайди. Бунинг ҳаммаси мағиз пўчоқдорлиги 3%дан 8%гача бўлганда, семеновейканинг бир хил иш унумдорлигини сақлаб туради.
Аспирацион семеновейканинг асосий камчилиги, чақилмани элакларда элаш давомида пўчоқ ва мағизнинг узоқ вақт контактда бўлиши натижасида пўчоқнинг мойлилиги ошади ва ишлаб чиқаришда мой йўқотиш ортиб кетади.
Охирги вақтда кунгабоқар чақилмасини электростатик усулда ажратиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу усул чақилма таркибидаги компонентларнинг электрофизик константаларини ҳар хиллигига асосланган. Кунгабоқар чақилмасидаги мағиз ва пўчоқнинг нисбий қаршилиги ва диэлектрик ўтказувчанлигини текшириш шуни кўрсатдики, намлиги, заррачалар шакли ва ўлчамлари ҳар хиллиги учун электростатик усулда ажратишни бошқа усул масалан, ўлчамлари бўйича фракцияларга ажратишдан олдин, кейин ёки биргаликда олиб бориш керак.
3.6-расм. Р1-МСТ русумли семеновеёканинг технологик схемаси
Мағиз ва пўчоқнинг электрофизик хусусиятига таъсир қилувчи омил бу намликдир. У ошиши билан мағиз ва пўчоқнинг диэлектрик ўтказувчанлиги ошади.
МСР-1 русумли электросепараторнинг (3.7-расм) ишлаш принципи чақилманинг электрофизик хусусиятидан фойдаланишга асосланган.
Чақилма (4) таъминлагичдан сепараторнинг ички қисмида жойлашган тембранма ҳаракат қилувчи, ерга уланган (3) электродни конус қисмининг учига келиб тушади ва точкадан-точкага тўкилиб конуснинг асосига йиғилади. Чақилма ҳаракатланиши мобайнида пўчоқ юзага қалқиб чиқади ва (2) электродга тортилиб унга юқори кучланишли потенциал берилади.
Узлуксиз айланувчи радиал куракчалар ёрдамида пўчоқ (2) электроддан олинади ва электр майдондан чиқиб, тембранма ҳаракат қилувчи (7) конуссимон элакнинг чет қисмига тушади. Элакда пўчоқ марказга томон ҳаракатланиб, мойли чангдан тозаланади ва пўчоқ учун нов орқали сепаратордан чиқариб олинади. Мағиз ва яримчақилма пўчоқдан тозалангандан сўнг (6) конуссимон элакнинг чет қисмига тушади. (6) элакдан тушган ярим чақилма махсус новлар билан сепаратордан қайта чақишга, элакдан ўтган мағиз мойли чанг билан қўшиб, майдалашга жўнатилади.
Шундай қилиб, электросепаратор чақилмани мағиз, яримчақилма, пўчоқ ва мойли чангга ажратади, бунда фракциялар назорат қилинмайди. Чиқиб кетаётган пўчоқнинг мойлилиги аспирацион вейкадан чиқган пўчоқнинг мойлилигидан 0,2-0,5% кам бўлади.
Ишлаб чиқаришдан чиқиб кетаётган кунгабоқар пўчоқсини назорат қилиш аспирацион колоннада олиб борилади (3.8-расм). Унда мағизнинг майда бўлакчалари, юпқа парда ва мойли чанг пўчоқдан ажратилади, натижада пўчоқ билан мой йўқотилиши камаяди.
Аспирацион колоннанинг асосий қисмлари (2) шахта, унумдорлиги 8300 м3/соат бўлган ВЦП-8 русумли вентилятор, (4) ҳаво камераси ва (5) ҳавони чиқарувчи қувурлардан иборат.
Шахтанинг ён томони цехдан ҳавони сўриб олиш учун очиқ, иккинчи қарама-қарши томони эса ҳаво қувурлари ёрдамида ҳаво камераси ва вентилятор билан уланади, қолган иккита томони берк бўлади. Шахтанинг ички қисмида қиялиги 450 бўлган токчалар шахмат тартибда икки қатор қилиб ҳар қаторда 16тадан корпусга маҳкамланган.
Пўчоқ назорати қуйидагича олиб борилади. Пўчоқ (3) таъминлагич орқали (2) шахтага берилади ва (1) токчадан-токчага тўкилиб, цехдан сўриб олинган ҳаво билан пуркалади. Натижада таркибида ёғ бўлган заррачалар (5) ҳаво қувурлари орқали (4) ҳаво камерасига ўтади, сўнгра ҳаво қувурлари ёрдамида циклонга узатилади.
Пўчоқни тутиб қолиш учун ҳаво қувурларида (6) қайтаргичлар бор.
Мойли чанг, юпқа парда, мағиз бўлакчаларидан тозаланган пўчоқ (7) нов орқали колонкадан чиқариб юборилади. Аспирацион колоннанинг пўчоқ бўйича иш унумдорлиги – 60 т/кун.
Do'stlaringiz bilan baham: |