Дискли чақиш машинаси (3.3-расм) қабул қилиш мосламаси (2) қабул қилиш камераси (3) ва иккита вертикал дисклардан иборат. Дисклардан бири қўзғалмас ва иккинчиси (4) эса айланувчан бўлиб, улар чўянли корпус(8)га маҳкамланган.
Ҳар бир дискларга олтита сегмент кўринишидаги пичоқлар болт ёрдамида маҳкамланган. Уларнинг юзасида радиал рифлилар бор. Бу рифлилар уруғни кесиш учун хизмат қилади.
Айланувчан диск горизонтал вал(7)га ўтказилган бўлиб, вал бир жуфт подшипникларга ўрнатилган. Бу валдан тасмали узатма (6) ёрдамида қабул қилиш мосламаси ҳаракатга келтирилади. Дискни айланиш частотаси 1000-1200 айл/мин.
Қабул қилиш мосламасидан тушаётган уруғ қўзғалмас дискнинг марказига келиб тушади. Айланаётган диск уруғни пичоқлар орасига тортиб кетади, кесади ва корпусни қуйи қисми орқали чиқариб юборади.
3.3. – расм. Дискли чақиш машинаси
Пахта чигитини пичоқли машинада чақиш (3.4-расм). Пахта чигити (2) таъминлагич (3) таъминловчи вал орқали диаметри 596 мм бўлган (айланиш сони 960 айл/мин) айланувчи вал устига берилади. Сўнгра кўзғаладиган дека ва барабан оралиғидаги бўшлиқга тушади. У ерда дека ва барабанга ўрнатилган пичоқлар (4) ёрдамида кесилади. Дека шундай жойлаштирилганки, уруғ ҳаракати йўналишида дека ва барабан орасидаги масофа кенгайиб боради. Шунинг учун уруғларнинг ишқаланиши содир бўлмайди. Шулханинг мойлилиги кам бўлади. Барабан ва дека орасидаги масофа ричагли қурилма (6) ёрдамида ростланади.
Ингичка толали пахта уруғини қайта ишланганда чақиш машинасининг унумдорлиги 70-80 т/кунни ташкил этади. Бунда чақилма таркибида 15-20% бутун чигитлар бўлади.
3.4-расм. Пахта чигити учун пичоқли чақиш машинаси
4-§. Уруғларни чақишнинг янги усуллари
Ҳозирги вақтда чақишнинг янги усулларини яратиш бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда.
Энг аҳамиятли усуллар қуйидагилар:
1) аэрочақиш, яъни ҳаво ёки газни товуш ёки товуш тезлигидан юқори тезлигидан фойдаланиб чақиш.
2) уруғнинг ички қисмида ортиқча босим ҳосил қилиб чақиш.
Биринчи вариантда аппаратга келаётган уруғ Лаваль соплосидан бериладиган сиқилган ҳаво билан илиб олиниб, қувур орқали бўшатгичга тўкилади. Уруғларнинг ҳаракатланиши жараёнидаги баъзи яъни оқимнинг қобиққа фрикцион таъсири, уруғларнинг ортиқча инерцион кучи ва бироз ортиқча босим ҳосил бўлиши натижасида уруғлар чақилади. Бу жараён механизми ҳозирча тўлиқ ўрганилмаган.
Иккинчи усулда яъни уруғнинг ички қисмида ортиқча босим ҳосил қилиб чақишда бир неча вариантлардан фойдаланилади.
Қуйидаги ҳолатларда уруғлар чақилиши мумкин:
а) товушдан кучли частотали электромагнит майдонида;
б) босимни бир неча марта ўзгартириш ҳисобига;
в) уруғларда ҳосил қилинган босимни бир марта пасайтириш ҳисобига.
Бу усулнинг барча модификацияларида қобиқни чақиш жараёнини икки фазали деб қараш мумкин. Биринчи фазада бирон-бир омил таъсирида уруғнинг ички қисмида яъни мағиз ва қобиқ оралиқ бўшлиғида босим ҳосил қилинади.
Иккинчи фазада уруғнинг ички ва ташқи қисмидан босимлар фарқи ҳисобига қобиқ чақилади.
Уруғнинг ички қисмида юқори босим ҳосил қилишнинг ҳар хил усуллари бор.
Товушдан кучли частотали электромагнит майдонидан фойдаланилганда, уруғлар тўлиқ ҳажми бўйича тез ва бир текис қизийди ва мағиздан намлик буғланади. Ҳосил бўлган буғлар мағиз ва қобиқ орасида йиғилиб, қобиқни ёрадиган босим ҳосил бўлади. Ҳозирги вақтда кунгабоқар уруғини товушдан кучли частотали майдонда чақишнинг оптимал режимларини топиш учун илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Иккинчи вариантда, уруғнинг ички ва ташқи қисмида босим ўзгариши аппарат ичига жойлаштирилган эластик тўсиқ ёрдамида ҳосил қилинади. Аппарат ҳаво ёки суюқлик билан тўлдирилади. Сўнгра аппаратга уруғ солинади ва герметик ёпилади. Ҳаво ёки суюқликни бирон бир механизм ёрдамида аппаратдаги тўсиқ тебранма ҳаракатга келтирилади, у ўз навбатида ҳаво ёки суюқликни сиқади ёки сийраклаштиради.
Натижада аппаратдаги уруғлар ичидаги босим ортиқчадан вакуумгача ўзгаради. Босимнинг навбатма навбат ўзгаришидан қобиқ ёрилади.
Охирги вариант қизиқарли ҳисобланади. Бу йўналишда изланишлар ВНИИЖ (Россия), АҚШда олиб борилмоқда.
Ушбу усулнинг моҳияти қуйидагича.
Уруғга тўлдирилган ишчи аппаратда юқори босим ҳосил қилинади. Сўнгра аппаратнинг герметиклиги тезлик билан бузилгандан кейин уруғ атмосфера босими остидаги қабул қилгичга тушади. Уруғнинг ички ва ташқи қисмидаги босимларнинг ўзгариши натижасида қобиқ ёрилади. Саноат миқёсида ушбу усулни синаб кўриш ишончли натижалар берди.
Лекин усулни саноат миқиёсида қўллаш учун бир қатор қийинчиликлар бор. Бу усулда юқори босим (0,8-1,5 МПа) остида ишловчи аппарат керак бўлади, босимни пасайтириш кучли шовқин чиқиши билан содир бўлади ва катта миқдорда энергетик сарф талаб қилинади. Ушбу усулнинг афзаллиги қобиқ билан мой йўқотилиши кам бўлади.