Зангори қорақарағай, тиканли қорақарағай (Picea pungens). Табиий ҳолда Шимолий Американинг ғарбида, денгиз сатҳидан 1750‒3000 м баландликларида, тоғ водийларида, дарё ўзанларида сернам жойларда ўсади. Бўйи 25‒30 м, баъзан 46 м гача етадиган баланд бўйли манзарали дарахт.
Канада қорақарағайи, кўк қорақарағай (Picea сanadensis). Табиий ҳолда Шимолий Американинг шимолида, ўрмон зонасида, кўпинча дарё ва кўллар ёқасида ўсади. Бўйи 20‒35 м га етади. Секин ўсади. Хиёбон ва истироҳат боғларида ўстириш учун тавсия қилинади.
Энгельман қорақарағайи (Picea engelmannii). Табиий ҳолда Шимолий Американинг Қояли тоғларида денгиз сатҳидан 1500‒3500 м баландликларда, кўпинча тоғнинг соя тарафларида, водийларда ўсади. Бўйи 30‒50 м гача етадиган йирик дарахт.
Аризона сарвиси (Cupressus arisonica). Табиий ҳолда АҚШнинг жануби-ғарбида ва Мексикада ўсади. Бўйи 20 м га етади, баъзан ундан ҳам ошиши мумкин. Ёруғсевар. Ёруғлик яхши тушадиган очиқ жойда шох-шаббаси чиройли шаклланади.
Доимяшил сарв (Cupressus sempervirens). Табиий ҳолда Европа жануби ва Осиёнинг ғарбида ўсади. Инсоният томонидан жуда қадимда ‒ антик даврларда маданийлаштирилган. Узоқ умр кўрувчи, табиатда 2000 йилгача яшайдиган дарахт. Бўйи 25‒30 м гача етади.
Лавсон кипарисовиги (Chamaecyparis lawsoniana). Табиий равишда Калифорния ва Аризонада дарё ва ирмоқлар ёқасидаги водийларда ўсади. Баландлиги 40‒50 м га етадиган баланд бўйли, юксак манзарали дарахт.
Виргиния арчаси (Juniperus virginiana). Табиий ҳолда Канададан бошлаб Флоридагача бўлган ҳудудда ўсади. Оддий шароитда 15‒20 м, оптимал шароитда 25‒30 м гача етадиган дарахт.
Сабина арчаси (Juniperus sabina). Ўрта ва жанубий Европа, Кавказ ва Кичик Осиё тоғлари чўл зонасининг тоғ қоялари, қумли тепаликларда, денгиз сатҳиданн 1000‒2300 м баландликларда ўсади. Ётиб ўсувчи, бўйи 1‒1,5 м га етадиган, икки уйли кичик бута.
Қоя арчаси (Juniperus scopulorum). Табиий ҳолда Шимолий Америкада, тоғ ён бағирларининг тошлоқ қояларида денгиз сатҳидан 1200‒2700 м баландликда ўсади. Икки уйли бута ёки дарахт, бўйи 12‒15 м га етади.
Оддий арча (Juniperus communis). Табиий ареали жуда кенг, шимолий ярим шарнинг муътадил иқлимли (Европа, Осиё ва Шимолий Америка) ўлкаларининг турли-туман тупроқ шароитига эга жойларида ўсади. Кўпинча бўйи 1‒3 м га етадиган бута, баъзида 10‒12 м га етади, доим яшил.
Қрим қарағайи, Қрим санобари (Pinus pallasiana). Қримнинг тоғлари, Қора денгиз соҳилининг шимол томонларида денгиз сатҳидан 1000 м баландликда ўсади. Ўзбекистон шаҳарларини кўкаламзорлаштиришда кенг қўлланилади. Баландлиги 20‒30 м га етадиган дарахт.
Қора қарағай (Pinus nigra). Табиий ҳолда Ўртаер денгизи шимолида, қисман Марокко ва Алжирда, тоғнинг оҳакли тупроқларида денгиз сатҳидан 1400‒1500 м баландликда ўсади.
Do'stlaringiz bilan baham: |