МАВЗУ-1. КИРИШ. ЎСИМЛИКЛАР ИНТРОДУКЦИЯСИ ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ, МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
Интродукция – маҳаллий флора генофондини бойитишнинг муҳим йўлларидан бири бўлиб, у муҳим назарий ва турли амалий эҳтиёжларни қондириш мақсадида қимматли хўжалик аҳамиятига эга бўлган турларни танлаш имкониятини беради. Ўсимликларни интродукция қилиш учун маҳаллий флора ўсимликлари, қўшни ҳудудлар, мамлакатлар ҳатто бошқа континентлар ҳам манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ўсимликлар интродукцияси фани ботаниканинг бошқа соҳаларидан фарқли ўлароқ ўсимликлар оламини кенгроқ қамрайди ва уни чуқур, ҳар томонлама ўрганади. Қўпқиррали бўлиши билан инсон фаолиятининг турли соҳаларини бойитиб боради.
Ўсимликлар интродукцияси фанининг предмети – интродукция назарияси ва методларига асосланиб инсоннинг маълум ҳудудда илгари учрамаган ўсимликни олиб кириши, уни иқлимлаштириши, бу билан маданий флорани бойитиши, охир оқибатда ундан хўжалик мақсадида фойдаланишдан иборат.
Иқлимлаштириш бу ўзгарган иқлим шароитига ўсимлик организми реакциясининг йиғиндиси ёки инсоннинг ижобий таъсири туфайли амалга оширилган жараёндир.
Иқлимлаштириш икки йўналишда амалга ошиши мумкин.
1. Организмдаги модда алмашинувининг ўзгариши. Бундай ўзгариш (модификация) авлоддан авлодга ўтмайди ва организмнинг ижобий реакцияси ҳисобланади. Бунда натурализация амалга ошади (масалан, кўпчилик бегона ўтлар ва зараркунандалар кенг мослашиш имкониятига эга бўлганлиги сабабли ер шарида кенг тарқалган) ва тур ёки популяциянинг генетик структураси ўзгармайди.
2. Турнинг генетик структураси ўзгаради. Бу ҳақиқий иқлимлаштириш ҳисобланади.
Ўсимликнинг иқлимлаштириш жараёнини таъминлаган тур генетик структурасининг ўзгариши - табиий танлашнинг маҳсулидир. Онтогенез жараёнида иқлимлаштириш натижасини популяциялар генофонди белгилайди. Генофонди бой бўлганда иқлимлаштириш тез ва мувоффақиятли амалга ошади.
Интродукция жараёнида маданий ўсимлик турлари ва ҳайвонларни (суньий иқлимлаштириш), ёввойи турлар табиий шароитда (табиий иқлимлаштириш) бошқа иқлим кўрсаткичларига эга бўлган жойга кўчганда (ҳайвонлар миграцияси ёки кўчиши, инсон, ҳайвон ёки шамол ёрдамида) иқлимлаштириш содир бўлиши мумкин. Жуда қадимда кўчманчи қабилалар ўзлари билан фойдали ёввойи ўсимликларни ва ҳайвонларни олиб юришган, улар эса ўзгарган иқлим шароитига мослашиб боришган. Ҳайвон ва ўсимликларни кўчириб юрилиши кейинчалик дунё миқёсида савдо сотиқни ривожига олиб келган ва транспорт сифатида хизмат қилган.
Ўсимликларни иқлимлаштириш ҳамиша улар ареалини кенгайишига олиб келади. Европа фитоценозида ватани Африка ҳисобланган сохта каштан, Шимолий Америкадан оқ акация, атлас кедри (Африка), секвоядендрон (Шимолий Америка) ва эвкалипт (Австралия) сингари ўсимликларни учратиш мумкин ва улар Қора денгиз бўйларида жуда яхши ўсади. Ватани Жанубий Европа ва Кичик Осиё ҳисобланган сиреннинг ареали полиморфизм ва генофонднинг бойлиги (мутациялар кўплиги) туфайли жуда кенгайиб кетган.
Ўсимликларни иқлимлаштиришда иқлим омиллари (ҳаво ҳарорат ва намлиги, ёғин миқдори ва унинг тақсимланиши, қор қоплами, ҳаво оқими), ёруғлик режими, тупроқ типи ва ундаги микрофлора таркиби, биогеоценоз ва албатта интродукция қилинган ўсимликнинг биологик хусусиятлари муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ксерофитлар намликни яхши кўрувчи ўсимликка нисбатан ҳаво ҳарорати кескин пасайишига анча чидамли.
Ўсимликларни иқлимлаштириш халқ хўжалигидаги муҳим муаммолардан бири бўлиб, унинг натижаси кўпчилик ҳолларда қўлланилган методларнинг тўпламига боғлиқ. Мичурин мевали ўсимликларни иқлимлаштириш ишларида географик ва систематик жиҳатдан ўзаро узоқ бўлган шаклларни, шунингдек ёввойи турларни чатиштирган.
Рус ботаниги А.Н.Бекетов (1896) ўсимлик уруғдан уруққача бўлган даврнинг барча фазаларини очиқ ҳавода тўлиқ ўтаса, мева ва сифатли уруғ ҳосил қилсагина уни тўлиқ иқлимлашган дейиш мумкин, шунингдек, у турли иқлим ўзгаришларига бардош бериб ўсиши лозим, иқлимнинг турли тебранишларини ўтказиш учун эса камида 25 йил керак, деб ҳисоблаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |