МАВЗУ-4. МДҲ ДАВЛАТЛАРИДА ЎСИМЛИКЛАР
ИНТРОДУКЦИЯСИНИ РИВОЖЛАНИШИ
Россияда интродукциянинг бошланиши.
Россияда ўсимликларни интродукция қилиши дастлаб XI асрда, асосан монастирлик боғларида бошланган. XVI асрга келиб буюк географик кашфиётлар даврида бу ишлар анча жонланган. Шу даврда Европага Америкадан картошка ва маккажўхори, кунгабоқар, қалампир, помидор, тамаки ва бошқалар келтирилган.
XVIII асрда Петр-I томонидан шаҳарларни қурилиши кенгайиши муносабати билан интродукция ишлари ҳам кенгайган. Унинг буйруғи билан Петербургда “Аптекарский огород” ташкил қилинган.
Кейинги даврларда интродукция ишларининг кенгайиши Петербург ва Москвада, Қиримда Никита ботаника боғининг ташкил этилиши билан боғлиқ.
Ўсимликлар интродукцияси мутақил фан сифатида XIX асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Бу даврда техника тараққиёти сабабли Америкадан гевеялар и какао, Австралиядан – эвкалиптлар, жанубий Европа ва шимолий Африкадан – пробкали эман ва лавр, Шарқий Осиёдан – чай, цитрус мевалар ва бамбук келтирилган.
1854 йилда ўсимликларни акклиматизация қилиш бўйича Парижда жамият, 1857 йилда Москвада қўмита ташкил этилган.
Ўсимликлар интродукциясини назарий асосларини яратиб бошланиши унинг фан сифатида шаклланганлигининг белгисидир.
“Ўсимликлар интродукцияси” назарияси дастлаб 1855 йилда Альфонс Декандол томонидан асослаб берилган. У шундай ёзган эди: “Деҳқончилик ... қадимда бир биридан жуда узоқ ва ҳеч қандай ўзаро алоқада бўлмаган 3 та ҳудудда пайдо бўлди. Булар Хитой, жанубий-ғарбий Осий (Миср билан биргаликда) ва Тропик Америка.... Мен деҳқончиликка асосланган буюк цивилизацияни ушбу учта мамлакатларда мустақил бошланганлигини айтмоқчиман”
Интродукция назарияси академик Вавилов Николай Иванович томонидан 1926 йилда ёзилган «Маданий ўсимликларни келиб чиқиш марказлари” асарида ривожлантирилди ва бойитилди.
Н.И.Вавилов эмпирик усуллар, яъни “синов ва хатолар” ўрнига аниқ натижалар асосида хулоса чиқаришни таклиф қилди. Интродукцияни амалга ошириш учун ўсимликнинг табиий ҳолда ўсаётган ватанидаги табиий омиллар билан интродукция қилинаётган жойнинг кўрсаткичларини таққослаш лозимлигини таъкидлади.
Ўсимликлар табиий ўсган бирламчи марказда улар ёввойи аждодларининг асосий генофонди ва маданий ўсимликларнинг қадимги шакллари тўпланиб, улар ўсимликлар селекциясида генларнинг муҳим ташувчилари ҳисобланади.
Иккиламчи географик марказларда кўпчилик маданий ўсимликлар (мутация ва чатиштиришлар натижасида) аксарият ҳолларда орттирилган белгиларни (юқори ҳосилдорлик, юқори сифатли маҳсулотлар, эрта пишарлик ва б.) ташувчилари ҳисобланади. Инсон аралашуви натижасида бу марказлардан кўплаб ўсимликлар янги жойларга кўчирилган, уларнинг тарқалиш ареаллари кенгайиб борган.
Шулар оқибатида қимматли генетик белгиларга эга бўлган ёввойи турлардан ҳозирги маданий авлодлари – буғдой, арпа, жавдар, сули, маккажўхори, соя, ғўза, кунгабоқар ўсимликлари пайдо бўлган.
РОССИЯДА ЎСИМЛИКЛАРНИ ИНТРОДУКЦИЯ ҚИЛИШ ТАРИХИ
Россияда янги ўсимликлар дастлаб савдо-сотиқ ишлари ва ҳарбий юришлар билан бевосита боғлиқ. Бу ишда монахлар энг муҳим ўрин тутган. Улар янги ўсимликларни келтириш монастирликнинг ҳовлисида етиштиришган. Кўпинча доривор, мевали ва сабзавот экинлари экилган. Секин аста монастирликлар атрофида йирик боғлар пайдо бўлган.
Монахлар XVI асрда мамлакатнинг европа қисмида сибирь кедри, сибир пихтаси, тилоғоч ва бошқа дарахтларни етиштира бошлашган. Маданий алоқалар ва савдо-сотиқнинг ривожланиши натижасида Россияда янги ажнабий дарахтлар пайдо бўла бошлаган.
XVI асрда календула (Ўртаер денгизи), тагетес (Мексика) каби гуллар ўстирилган. Гуллар билан безалган манзарали боғлар пайдо бўлган. Майоран, розмарин, молочай гуллари шу даврда Ғарбий Европадан келтирилган. Эфирмойли майоран, розмаринлардан духи ишлаб чиқарилган [3].
XVII асрнинг иккинчи ярмида бу соҳада анча жиддий ишлар амалга оширилган. Алексей Михайлович Романов даврида Измайловда ёнғоқ ва тут дарахтлари экилган. Подшо қароргоҳида узумзор, нокзор ва сабзавотзорлар ташкил қилинган.
1645 йилда Голландиядан Архангельскка апельсин, лимон, тут, ўрик, шафтоли, қароли, гилос ва бодом келтирилган. Чет эллардан келтирилган ўсимликлар дастлаб подшо, таниқли боярлар ва савдогарларнинг боғларида экилган.
Шундай қилиб бу даврда Россияда ўсимликлар интродукцияси соҳасидаги ишлар режали амалга оширилмаган, кўпинча тасодифий амалга оширилган.
XVIII асрнинг биринчи ярмида янги ўсимликларнинг келтирилиши режали ва мақсадли амалга оширилган. Петр I буйруғи билан 1706 йилда Москвада “аптекарский огород” ташкил этилган. Бу ҳозирги ботаника боғларининг дебочаси бўлган, дейиш мумкин. Шу даврда кўпчилик мевали дарахтлар, ҳатто олма дарахти ҳам иссиқхонада ўстирилган бўлиб, уларни очиқ жойда етиштиришни кейинчалик ўрганишган.
!714 йилда “аптекарский огород” Петербургда ҳам ташкил этилган. Унда етиштирилган доривор ўтлар давлат аптекаларини хом ашё билан таъминлаган. Кейинчалик манзарали дарахтлар экишга эътибор қаратилган. Дастлаб арғувон, заранг ва эман келтирилган. Кейинчалик Голландия, Германия ва Швеция махсус буюртмалар берилиб кўп миқдорда каштан, олма, гилос, беҳи, мушмула, грек ёнғоғи, сирень, самшит ва лавандалар келтирилган.
Кейинги йилларда дарахт ва гулларга буюртмалар ҳар йили берилган ва улар кемаларда ташиб келтирилган. Булар қаторида ўсимликларнинг уруғлари, илдиз тугунаклари, пиёзлари ҳам келтирилган. Олиб келинган ўсимликларда Петербург ва Москвада кўплаб боғ ва парклар яратишда фойдаланилган. Шу даврда ўрик, шафтоли, сариқ атиргуллар, жасмин, левкой, пионлар, лолалар, примула, колокольчик, крокуслар, лихнис, львинқй зев, натурция, гладиолус, тувакда ўстириладиган цекламен, канна ва фукциялар келтирилган.
Петр I даврида Россияда дастлабки ботаника боғи ташкил этилган. Булардан эътиборга сазаворларидан бири меценат П.А.Демидов томонидан 1756 йида Москва дарёси қирғоғида яратилган хусусий ботаника боғи бўлган. Унинг каталогида 4363 номдаги ўсимлик қайд қилинган.
Кейинги йирик ботаника боғи 1798 йилда Горенкада ташкил этилган. Уни ўсимликларни шайдоси меценат Граф А.К.Разумовский ташкил қилган. 1812 йилга келиб Горенкадаги ботаника боғининг каталогида 7000 турга мансуб ўсимликлар рўйхати қайд қилинган.
XIX асрга қадар ботаниклар ва ўсимликшунослар эътибори Сибир томонларда ўсадиган ўсимликларга қаратилган бўлса асрнинг бошида ва ўрталарида Қирим, Кавказ ва бошқа жанубий ўлкалардан ўсимликлар келтирилиши бошланган. Қирим қарағайи, жийдалар шу даврда келтирилган.
Болқон ярим орлидан оддий сирень, сохта каштан, сербия қора қарағайи, румелия қарағайлари келтирилган.
Россияга Шимолий Америкадан дарахтлар ҳам асосан XVIII асрда келтирилган. Оқ акация 1736 йилда, катальпа 1937 йилда, ясенбаргли заранг, ва пенсильвания ясени 1753 йилда келтирилган бўлса ғарб туяси бундан 200 йил кейин Франция орқали келтирилган.
Х.Стевен томонидан 1812 йилда Никита ботаника боғи ташкил этилган. Бу боғда ҳозирги кунда жанубий ўлкаларда ўсадиган ўсимликларнинг энг катта коллекцияси тўпланган.
1912 йилда ботаник-географ А.Краснов томонидан Батуми ботаника боғи ташкил қилинган.
!917 йилдаги революциядан кейин СССР мамлакати пайдо бўлди. Янги давлат ўз олдига илми фанни ривожлантириш мақсадини қўйганлиги сабабли 200 та жойда ботаника боғлари ва ўсимликларни интродукция қилиш пунктлари пайдо яратилган. Энг муҳими чекка ўлкаларда ҳам ботаника боғлари яратиш режалаштирилган. Шу режага мувофиқ мамлакат жанубида Ашхобод ва Тошкент ботаника боғлари, шимолда Қутб-Альп ботаника боғи яратилган.
Ўсимликлар интродукцияси назарияси ва амалиётини тараққиёти ва ривожланиши учун йирик совет олимларининг бутун бошли армияси ўрмончилар, дендрологлар, ботаниклар, интродукторлар фидокорона меҳнат қилишган. Академик Н.И.Вавилов Ленинградда Бутуниттифоқ ўсимликшунослик институтини ва унинг кўплаб филиалларини ташкил этган. Вавилов Н.И. раҳбарлигида бутун Ер шари бўйлаб ўнлаб экспедициялар ташкил этилган бўлиб бу экспедицияларда қарийб дунёнинг 200 га яқин мамлакатларига ташриф буюрилган. Натижада Бутуниттифоқ ўсимликшунослик институти ва уларнинг филиалларида дунё миқёсидаги қимматли хусусиятларга эга маданий ўсимликларнинг энг катта коллекцияси яратилган.
Шундай қилиб, Россияда турли тарихий даврларда ўсимликларни интродукция қилиш ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Жумладан:
Қадимги дунёда – озиқ-овқатга ишлатиладиган ўсимликлар;
Ўрта асрлар ва Тикланиш даврларида – озиқ-овқат, доривор ва манзарали;
Янги даврда – хўжалик аҳамиятига эга ўсимликларни интродукция қилиш, ўсимликлар коллекциясини бойитиш;
20 асрда – табиатни ўзгартириш ва маданий флорани бойитиш мақсадида ўсимликларни интродукция ва акклиматизация қилиш;
20 асрдан ҳозирга қадар – камёб ва ноёб турларни сақлаш ва қўриқлаш.
Россияда олиб борилган ишлар:
1. Дастлабки давр;
2. «Аптекарский огород» даври;
3. Хусусий ботаника боғлари яратиш даври;
4. Давлат томонидан яратилган ботаника боғларида режали интродукциянинг бошланиши;
5. Университет ботаника боғларини яратилиши даври;
6. Ботаника боғлари фаолиятини ташкил этиш даври;
7. Совет даврида ботаника боғлари тармоғининг кенгайиши;
8.Ботаника боғлари Кенгашининг ташкил этиши ва Россияда интродукцион ишларнинг координацияси.
Дастлабки давр:
Петргача бўлган даврда Ғарбий Европа андозаларига мос равишда монастрлик боғлари ташкил қилинган. XIV асрнинг ўрталарида Кремль атрофидаги тепаликларнинг жанубий томонида Москва митрополити Алексейнинг боғи бўлган. Кейинги даврларда бу боғда на фақат доривор, балки озиқ-овқат ўсимликлари етиштирилганлиги ва бу ишлар XIX аср бошларигача давом этгани маълум.
XVII асрнинг 2-ярмида эски рус боғдорчилигининг янги йўналиши бошланди. Алексей Михайлвоч подшолигида Москва яқинидаги Измалова қишлоғида боғ яратилди. Ушбу боғ 1666 йилда яратилиб, унда доривор, озиқ-овқат, техник ва манзарали ўсимликлар экиш режалаштирилди. Унда подшо қароргоҳи яқинида манзарали ўсимликлар экилган участка, шунингдек, узумзор, нокзор, қаролизор, гилосзор ва сабзавотзорлар ташкил қилинган.
«Аптекарский огород» даври XVIII асрнинг 1-ярмида бошланиб, бу даврда жуда кўплаб «аптекарский огород»лар ташкил қилинди. Биринчи «аптекарский огород» 1706 йилда Петр I топшириғи билан 1706 йилда медико-хирург мактаби қошида дастлаб ўқув-ёрдамчи хўжалик сифатида муассасани уруғ ва тирик ўсимликлар билан таъминлаш мақсадида ташкил қилинган.
XVIII аср охирига келиб аптекарский огород секин-аста ботаника боғларига айланиб борди. Дендрарий ва оранжерия хўжалиги қурилди, уларда П.А.Демидов ботаника боғидан олинган иссиқсевар ўсимликлар етиштира бошланди.
Петербургдаги аптекарский огород 1714 йилда ташкил этилиб, аввал бошдан ўз номига мос фаолият олиб борди. XVIII-асрнинг 30-йилларида унда 300 турдаги доривор ўсимликлар етиштирилиб, улар давлат дорихоналарини хом-ашё билан таъминлаб туришган. Шу даврда Петр 1 томонидан подшонинг ёзги қароргоҳи қурилди. Унинг қошида янгидан қурилаётган Россия марказини манзарали ўсимликлар билан таъминлаш режалаштирилиб, интродукция пункти ташкил этилди. Унда бошқа ўлкалардан келтирилган ўсимликлар (тропик молочайлар, апельсин, лимон, лола дарахти. Пальма, алоэ, опунция, кофе дарахти, ливан кедри) синовдан ўтказилди. Петр I буйруғи билан ёзги боққа Киевдан граблар, Швециядан олмалар, Данцигдан зирк ва атиргуллар, Соликамскдан кедрлар, Карвадан арғувонлар, Голландиядан пионлар ва оқ лилиялар келтирилди. Паркдаги йўлаклар ёқаларида карагана, сперия, тисслар экилди.
XVIII-асрнинг 40-йилларида Астраханда аптекарский огород ташкил қилинган бўлиб, унда беҳи, акация, ўриклар, тут ўстирилган. Асрнинг 2-ярмида унда ялпиз, ромашка, розмарин, салвия ва бошқа асал берувчи ўтлар етиштирилган.
Петр I буйруғи билан 1721 йилда аптекарский огород Лубнада ташкил этилган. 20 гектар майдонда ташкил қилинган бу хўжалик 1862 йилгача фаолият кўрсатган. Ундан андоза олиб 1805 йилда Полтавада аптека ва учта боғ яратилган. Уларнинг бири мевали боғ, иккитаси ботаника (аптека) боғлари бўлган. 1763 йилда Тобольскда ҳам аптекарский огород ташкил қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бор.
Хусусий ботаника боғлари яратиш даври:
Россия тарихида XVIII асрнинг иккинчи ярмида йирик саноатчи ва меценат П.А.Демидовнинг хусусий ботаника боғининг ташкил этиши йирик воқеа бўлган. Боғ 1756 йилда ўша пайтдаги Москва яқинида ташкил этилган. Унинг коллекциясида 4363 номдаги ўсимликлар қайд қилинган. Улар орасида Сибирдан, Америка ва Ҳиндистондан келтирилиб очиқ ва ёпиқ жойда ўстирилган ўсимликлар кўп бўлган. Айниқса “пакана боғ”, япон андазалари асосида яратилган “бонзай” барчани эътиборида бўлиб, у ерларда Курилия чайи, сантолина, атир гуллар, смородиналар, ракитниклар пакана қайинлар ўстирилган.
Демидов боғининг давомчиси сифатида ўсимликлар шайдоси меценат граф А.К.разумовский томонидан 1798 йилда Горенкида жуда катта ботаника боғи яратилган. Унинг майдони 730 га бўлиб, боғ Жюссье систематикаси асосида режалаштирилган. Катта оранжереядан ташқари боғда парк ташкил этилган, ботаника бўйича муҳим адабиётлар тўпланган кутубхона, гербарий,уруғчилик бўлимлари бўлган. 1812 йилда боғнинг коллекциясида 7000 турдаги ўсимлик ўстирилган бўлиб, ундаги айрим ноёб ўсимликлар шу даврда Европада ҳам бўлмаган.
Россияда XVIII асрнинг охири - XIX асрнинг бошларида яратилган бошқа ботаника боғлари у қадар аҳамият касб этмаган. Улар асосан дам олиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадларида яратилган.
Таниқли ботаник О.А.Федченко томонидан Москва яқинидаги Ольгине қишлоғида яратилган яратилган боғни алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ерда у Марказий ва Ўрта Осиёда ташкил қилинган илмий экспедициялари чоғида тўплаган ўсимликлари, жумладан эремуруслар ўстирилган.
Давлат томонидан яратилган ботаника боғларида режали интродукциянинг бошланиши:
Демидов ва Горенковдаги ботаника боғлари билан бир даврда Россияда давлат ботаника боғлари ҳам тузилган. Бу Фанлар академиясининг ботаника боғи бўлиб у 1735 йилда Петербургда ташкил этилган. Кичик майдонда ташкил этилган бу боғда маблағ етишмаслигидан катта ишларни қилиш имкони бўлмаган, шундай бўлишига қарамасдан унда кўп янги ўсимликларни интродукция қилиш амалга оширилган ва бошқа ботаника боғлари, жумладан Харьков университети қошидаги ботаника боғини ташкил қилишда ундан анча ўсимликларнинг уруғлари олинган. 1811 йилда унинг коллекциясида 3236 номдаги ўсимлик ўстирилган бўлсада, харажатларни қоплашга маблағнинг етишмаслиги туфайли ўсимликлар коллекциясининг бир қисми Петербургдаги аптекарский огородга бериб юборилган.
Эркин иқтисодиёт жамиятида анча ишлар юришгач XVIII асрнинг иккинчи ярмидан XIX асрнинг бошларигача Англия орқали кўплаб америкада ўсадиган ўсимликлар уруғларини олиб шахсий хўжаликлар, Киев ва бошқа шаҳарларда ўстириш учун тарқатилган. Sorbus аmericana, Junglans nigra, Prunus аmericana, Padus virginiana сингари ўсимликлар ўша пайтда келтирилган.
Университет ботаника боғларини яратилиши даври:
XIX асрнинг дастлабки чораги Россияда ботаника боғларининг яратилиши билан тарихда қолган. Ўқув жараёнига жиддий эътибор университетлар қошида ботаника боғлари бўлишини тақоза қилган. 1803 йилда Дерптск (ҳозирги Тарту) ва Вильненск, 1894 йилда Харьков, 1806 йилда Қозон университетларида ботаника боғлари яратилган.
Шулардан Дерптск университетининг ботаника боғида 1811 – 1836 йилларда директорлик қилган таниқли флорист олим К.Ф. Ледебур томонидан эътиборли ишлар амалга оширилган. У биринчи бўлиб Рус флораси «Flora Rossica» (1842 – 1853) ва Олтой флорасини «Flora Altaica» (1829 – 1831) яратган. У биргина Олтойга қилинган экспедициясидан 1341 номдаги 8 мингта уруғ намуналари келтирган. Оқибатда бу боғ бошқа боғлар учун узоқ йиллар давомида Сибирь ва Алтай флорасининг ўчоғи бўлиб хизмат қилган.
Москвадаги аптекарский огород 1805 йилдан ботаника боғи деб атала бошланди.Шундан сўнг унинг биринчи директори Г.Ф.Гофман томонидан коллекцияни бойитиш йўлга қўйилди. 1808 йилда унда 3954 тур бўлиб, уларнинг 200 таси дарахтлар эди.
Ботаника боғлари фаолиятини ташкил этиш даври:
Россия Қрим ва Кавказни қўшиб олганидан кейин мамлакат жанубида иссиқсевар ўсимликларни интродукция қилиш ишлари бошлаб юборилди.
1812 йилда Никита ботаника боғи ташкил этилди. Париждан мевали дарахт кўчатлари, чой дарахти, пробкали эман келтирилди. 1818 йилда унинг директори Х.Стевен дастлабки 7 йилда 175 минг номдаги мевали дарахтлар, жумладан зайтун, каштанлар, сарвилар, лимонлар ва чой келтирилган тўғрисида Александр I га ҳисобот жўнатган. 1824 йилгача ушбу боғда Albizzia julibrissin, Arbutus unedo, Ailanthus altissima, Buxus balearica, Catalpa bignonioides, Cupressus horizontalis, Liriodendron tulipifera, Eriobotrya japonica, Gleditsia triacanthos, Hibiscus syriacus, Juniperus virginiana, Nerium oleander, Phillyrea laufolia, Pinus pinea, Platanus orientalis, Laurocerasus officinalis, Padus virginiana, Quercus suber, Thuja orientalis (Щербаков, 1913). Боғнинг каталогида жами 450 турга мансуб экзотих дарахт ва буталар қайд қилинган.
Стевеннинг издоши Н.А.Гартвис коллекцияни бойитиш билан бир қаторда узумчилик ва виночиликни ҳам ривожлантирди. Шу даврда (1824 – 1860) жуда ноёб дарахтлар келтирилди. Булар қаторида Ҳимолайдан Picea morinda, Cedrus deodara, Cupressus torulosa, Калифорниядан Pinus sabiniana, Sequoia sempervirens, Мексикадан Pinus leiophylla, Кавказдан Abies nordmanniana. Picea orientalis, Хитойдан Paulownia tomentosa, Cunninghamia lanceolata, Жанубий Америкадан Araucaria araucana, Япониядан Cryptomeria japonica, эманнинг ҳар хил турлари, жумладан Quercus castaneaefolia ва бошқалар келтирилган.
Шу даврда дастлаб бу мамлакатга пальманинг турли туркумлари келтирилди, зайтун ва тамаки плантациялари яратилди.
1840 йилда Сухумида ботаника боғи яратилди. Унда шу даврда 65 турдаги экзотик турлар ўстирилган. Булар: пробкали эман Quercus suber, пассифлора, рожка дарахти Ceratonia siliqua, цитрон, бергамот, лиметта, янгизеландия зиғири Phormium tenax, Австралиядан жуда ноёб Sollya heterophylla ва бошқ. Боғ директори этиб Биттер тайинланганидан кейин кенг масштабдаги ишлар амалга оширилган. 1865 йилга келиб унда кўплаб субтропик дарахтлар ўсган. Булар жумласига дарахсимон тамаки Nicotiana glauca, Rhus succedanea, Acacia melanoxylon, A. dealbata, Pinus pinea, P. laricio, Taxodium distychum, Ginkgo biloba, Sequoia gigantea. Аксарият дарахтлардан ўрмончиликда фойдаланиш режалаштирилган. Сухуми ботаника боғи, афтидан, XIX асрнинг 70-йилларида Кавказда анжирнинг тарқалиши учун манзил бўлган.
1842 йилда Петербургдаги аптекарский огород Императорнинг ботаника боғига айлантирилди. Горенкадаги ботаника боғи тугатилгач унинг директори Ф.Б.Фишер бу ердаги ишларни анча жадаллаштирди. 1955 йида унинг директори этиб Э.Л. Регель тайинлангач боғдаги интродукцион ишлар янги босқичга кўтарилди, назарий тадқиқотлар ҳам амалга оширила бошлади. У Россия боғдорчилик жамиятига асос солди. 1909 йилга келиб боғда 600 номдаги мевали дарахт навлари, 1200 тур манзарали дарахт ва буталар, 4900 та атиргул навлари, кўп йиллик ўтларнинг бир неча минг турлари ўстирилган. XIX асрнинг сўнгги чорагида Рус географик жамияти ташаббуси доирасида П.П.Семенов-ТянШанский томонидан Россиянинг шарқига ташкил этилган йирик экспедициялар натижасида Петербург ботаника боғида интродукция ишлари қамрови янада кенгайди. Марказий Осиё ўсимликлар оламини кенг ўрганган Г.Н.Потанин томонидан кўплаб янги ўсимликлар келтирилган.
1912 йилда Батуми ботаника боғининг ташкил этилиши ўсимликлар интродукцияси тарихида жуда муҳим воқеа бўлди. Унинг асосчиси профессор А.Н.Краснов томонидан субтропик ўсимликларни иқлимлаштириш, шунингдек олдинги барча тажрибаларни умумлаштириш асосида замонавий усулда илмий тадқиқот ишлари олиб бориш имкониятини берувчи боғ ташкил этилди. А.Н.Краснов ва И.Н.Клинген ҳамкорлигида Япония, Хитой ва Ҳимолайга экспедиция уюштирилиб кўплаб ноёб ўсимликлар келтирилди ва улар боғнинг колекциясини бойитиш учун хизмат қилди. Улар орасида “Шарқнинг ўн икки инъоми” номи билан аталган қуйидаги ўсимликлар ҳам бор эди. Булар: Citrus, Thea sinensis, Phyllostacys sp. div., Oryza sativa, Diospyros kaki, Rhus verniciflua, Rh. succedanea, Broussonetia papyrifera, Aleurites cordata, Boehmeria, Dioscorea.
Хусусий питомник эгаларидан, Қора денгиз бўйидаги давлат питомникларидан, Петербург ва Никита ботаника боғларидан, чет эл боғлари ва фирмаларидан кўплаб ўсимликлар боғ колекциясини бойитиш учун текинга совға қилинди.
Интродукция ишларини марказлаштириш даври:
1857 йилда Москва қишлоқ хўжалиги жамияти қошида қўмита, кейинчалик Россия ўсимлик ва ҳайвонларни иқлимлаштириш жамияти тузилди. Жамият ўзининг структураси ва вазифаларини белгилашда Франция андозасидан фойдаланди.
Жамият ўзининг режа ва дастурини қуйидаги йўналишлар
- Иқлимлаштириш станциялари тармоғини ташкил қилиш;
- Фойдали, жумладан манзарали, доривор, техник ва озиқ-овқат ўсимликлари ва дарахтларни етиштириш бўйича тажрибаларни олиб бориш;
- Маҳаллий шароитда ўсадиган фойдали ўсимликларни инвентаризация қилиш;
- Иқлимлаштириш музейини ташкил қилиш, бу ерда фойдали ўсимликлар гербарийлари, улардан олинадиган маҳсулотлар, касаллик ўйғотувчи замбуруғлар коллекцияси ва ушбу ўсимлик зараркунандалари.
Жамият ташаббуси билан Батуми ботаника боғи ёнида Чаквин чой плантацияси иш бошлади. Шунингдек, 1899 йилда жамият томонидан Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Ашхободда иқлимлаштириш тажриба станциясини ташкил этди, Бу станцияда дон экинлари, пахта, горчица, тамакининг Америка навлари ва Шимолий Америкадан келтирилган дарахт ва буталар стида тажриба ишлари бошланди. Лекин уни амалга ошириш қийинчиликлар билан амалга оширилди.
1905 йилда амалий ботаника Бюросига Р.Э.Регель директор этиб тайинглангач режадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. У бюро таркибида 3 та бўлим: маълумотлар бўлим, илмий бўлим ва иқлимлаштириш бўлимини ташкил этди. 1913 йилга келиб бюро таркибида 78 та тажриба далалари ва 44 та тажриба станциялари мавжуд бўлиб, улар маданий ўсимликлар навлари ва турларини синовдан ўтказиш билан шуғулланаётган.
Совет даврига келиб ботаника боғлари тарихи янги даврни бошлади. 1917 йилга келиб СССР территориясида 23 та ботаника боғлари фаолият олиб борган. Лекин улар асосан мамлакатнинг европа қисми ва авказда жойлашган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |