МАВЗУ-3. ЎРТА ОСИЁГА ЎСИМЛИКЛАР ИНТРОДУКЦИЯСИ ТАРИХИ
Ўрта Осиёга ажнабий ўсимликлар интродукцияси қачон бошланганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар бўлмасада, унинг бу ҳудудда қадимги Суғдиёна, Бақтрия ва Хоразм давлатлари мавжуд бўлган ва улар орқали Буюк ипак йўли ўтган даврда бошланганлиги аниқ. Демак, ўсимликларни бу ўлкага дастлаб интродукция қилиш даври тахминан 2500 йиллик тарихга эга. Бу даврда кўпроқ мевали дарахтлар ва озиқ овқат ўсимликлари келтирилган. Тут, ўрик ва шафтоли дарахтлари Хитой ва Тяньшандан шу даврда олиб келинган.
Юртимизда ислом динига эътиқод бошлангач эса Маккага борган ҳожилар ҳам айрим ўсимликлар уруғларини олиб келишган. Ҳарбий юришлар ва савдо-сотиқ ишлари олиб борилган турли мамлакатлардан кўпинча мевали ва озиқ-овқатда ишлатиладиган ўсимликларнинг уруғлари ёки кўчатлари келтирилган. Илоҳий деб ҳисобланган ўсимликларнинг уруғлари Дарвешлар томонидан олиб келинган. Хусусан, Шоҳи-Зинда мавзолейида ўсган ва О.Федченко томонидан топилган япон софорасининг кекса дарахти ҳам худди шу йўсинда Самарқандга келтирилган.
Ўрта Осиё мамлакатларининг ҳозирги ҳудуди Ер шарининг энг қадимги деҳқончилик маданияти пайдо бўлган ҳудудларидан биридир. Аждодларимиз қишлоқ хужалиги экинларини етиштириш учун биринчи қадамларни эрамиздан олдин 15-10 минг йиллар илгари бошлаган. Оқизиқлар тўпланиши ҳисобидан озуқага бой ва қўшимча тадбирларсиз бемалол суғориш имконияти бўлган дарё ўзанларида ғалла, дуккакли ва полиз экинларини экиб ўстириш ва улардан турмушда фойдаланиш эса анча кейин, тахминан эрамиздан олдинги VII-V асрларда бошланган. Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Мурғоб, Қашқадарё, Вахш ва Кофирниҳон дарёлари ўзанларида ариқлар қазилиши ва дастлабки ирригация ишлари бажарилиши орқали деҳқончилик ҳудудларини кенгайтирилганлиги эрамидан олдинги III-II асрларда бошланган.
Бу ҳудудда дастлабки цивилизациялар - Суғдиёна, Бақтрия, Марғиёна, Хоразм давлатларининг пайдо бўлиши суғорма деҳқончилик ишларининг гуркураб ривожланишига сабаб бўлган. Бу жараён эрамиздан олдинги ва эрамиздан кейинги I асрларда пайдо бўлган.
Асосий етиштирилган ўсимликлар – ғалла экинларидан буғдой, арпа, сули, чечивица, нўхат, шоли ба бошқалар; техник экинлардан зафарон, бўёқбоп марена, кунжут, зиғир, соя, ғўза ва бошқалар; полиз экинларидан қовун, тарвуз ва қовоқлар; сабзавот экинларидан бодринг, пиёз, шолғом, редиска, сабзи, саримсоқпиёз, лавлаги, бақлажон, қалампир, укроп, карам, кўкат ва бошқалар; мевалардан беҳи, олча, ўрик, гилос, анор, сариқгилос, шафтоли, олма, нок, анжир, қароли, писта, бодом ва бошқалар;
Узумчилик кенг ривожланган. Гуллар ва хушбўй ўсимликлардан – атиргул, нарцисс, жасмин, лола, фиалка ва бошқалар бўлиб улардан парфюмерияда хушбўй моддалар олишда ва доривор сифатида фойдаланилган.
Кейинги даврларда аждодларимиз ёзувларини билмаганлиги оқибатидан улар ёзиб қолдирган меросларидан фойдаланилмаган.
Экзотларни Ўзбекистонга кўплаб интродукция қилиш 19-асрнинг охирларида, мамлакатимизга руслар бостириб келгандан кейин бошланган. Чунки Туркистоннинг ўта иссиқ шароити уларнинг бу ерда яшашига қийинчилик туғдирган. Архив материалларига кўра, 1875 йилда чет элдан дарахт ва буталарнинг уруғларини сотиб олинган. Улардан Самарқанд ва Жиззахда ўрмон питомниклари ташкил қилинган, етиштирилган ўсимликлар эса иҳота дарахтзорлари яратиш ва тоғ-ўрмон мелиорация ишларида фойдаланилган. 1982 йилда Каспий денгизи орқали кемада кўплаб дарахтларнинг кўчатлари келтирилиб, улар от араваларда Туркманистондан ўтиб Самарқандга келтирилган.. Уларнинг орасида жуда ноёб ўсимликлар ҳам бўлган. Қрим қарағайи, Ботқоқ сарвиси, секвойядендрон ва Ливан кедри шулар жумласидандир. Самарқандаги “Университет” хиёбони ва унга ёндош истироҳат боғида ҳозиргача барқ уриб ўсиб турибди 1930 йилга келиб Самарқандда ўсадиган интродуцентларнинг умумий сони 200 турни ташкил қилган.
Жанубий Ўзбекистон ажнабий дарахтларнинг келтирилиши Қарши ва Термиз шаҳарларига 1914 йилда темир йўл тармоғининг ўтказилиши туфайли жадаллашган. Темир йўл қурилиши якунлангач, унинг атрофида иҳота дарахтзорлари ва темир йўл станциялари яқинида парклар ташкил қилиш бошланган. Шу даврда Россия жанубидан кўплаб иссиқликка бардош берадиган дарахтлар кўчатлари келтирилган. Гледичия, ясень, софора, акация, америка заранги, маклюра, виргиния можжевельниги сингари дарахтлар ўша пайтда келтирилган бўлиб, уларнинг аксарияти ҳалигача ўсиб турибди. Шунақа дарахтларни Қарши вокзали атрофида ҳозиргача топиш мумкин. 1920 йилга келиб ушбу дарахтлар ҳосил қилган уруғлардан питомникларда кўплаб кўчатлар етиширилган ва бошқа шаҳарларда ҳам парклар яратиш бошланган.
Ўзбекистон жанубида дарахтларни кўплаб етиштириш Денов шаҳрида 1930 йилда “Давлат ўрмон питомниги” ташкил этилиши билан боғлиқ. 1935 йилда эса Бутуниттифоқ қуруқ субтропиклар институтининг таянч пунти ташкил этилганидан кейин дарахт ва буталарни ёппасига интродукция қилиш ишлари бошланган. 1947 йилгача бўлган даврда бу ерда 500 турдаги субтропик иқлимга мансуб ўсимлик интродукция қилинган. Шулардан кейинги йилларда 100 турга мансуб дарахт ва буталар сақланиб қолган (Кульков, 1965).
Жанубий Ўзбекистонга дарахт ўсимликларини ёппасига интродукция қилиш 1971 йилда Сурхондарёнинг Бандихон туманида Р.Р.Шредер боғдорчилик хўжалиги ҳудудида 31,5 га ерда дендрарий ташкил қилиш билан бошланган. Бу ерда 350 турдаги субтропик иқлимга мансуб ўсимликлар интродукция қилинган. 1980 йилда дендрарий коллекциясида 165 тур, питомникда 100 га яқин турдаги дарахт ва буталар ўсганлиги қайд қилинган (Корчагина, 1980).
Ўтган асрнинг 90-йилларида Жанубий Ўзбекистондаги дендрарий, парклар, хиёбонлар, аҳоли яшайдиган манзиллар ва питомникларда 215 тур, 4 та форма ва 5 та дурагай, жами 224 та ажнабий дарахтлар ўсаётганлиги аниқланган. Айни пайтда бу регионда 237 тур, 12 та форма ва 26 та дурагай, жами 268 таксонга мансуб дарахт ва буталар ўстирилади.
Шундай қилиб, Жанубий Ўзбекистонда дарахт ўсимликларини интродукция қилиш анча қадим замонларда бошланган бўлсада унинг тарихи тахминан бир ярим асрлик даврни қамраб олади. Уни қуйидаги этапларга бўлиш мумкин:
1. Стихияли интродукция: 1875-1880 йилларгача бўлган давр;
2. Режали интродукция:
а) 1875-1880 йиллардан 1914 йилгача; б) 1914 йилдан 1935 йилгача;
3. Ялпи интродукция:
а) 1935 йидан 1947 йилгача; б) 1971 йилдан 1980 йилгача (Ёзиев 1997).
.
Do'stlaringiz bilan baham: |