Гулзорлар кўкаламзорлаштиришнинг муҳим элементларидан биридир. Алоҳида аҳамиятга молик иншоотлар – ҳайкаллар, мемориаллар, музейлар, театрларга ёндош ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда чиройли, ёрқин рангдаги ва турли ком позициядаги гуллар билан безалган партерлар ҳосил қилинади. Ҳозирги пайтда оддий ва аниқ композицияда қурилган гулзорлар урфга кирган бўлиб, жуда мураккаб ва турли хил шакллар яратишдан воз кечилган.
Хушманзара ва оддийликни табииий равишда яратиш мумкин, улар ўзининг табиий гўзаллиги билан мураккаб ва гажак чизиқлар ёрдамида яратилган безакларга нисбатан анча кўркам бўлади. Пушти петуния, дағал вербена, ялтироқ сальвия, тагетес, дурагай рудбекия, паст бўйли канналардан иборат йирик массивлар чиройли кўринишга эга бўлади. Паст бўйли бир хил рангдаги ёзлик гуллар – кичикроқ жойларда ёрқин манзаралар ҳосил қилади.
Гулзорлар ташкил қилишда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак:
Энг ёрқин рангдаги ва эътиборни дарҳол тортадиган гуллар клумбанинг марказида жойлашиши лозим. Бу типдаги гулзорлар ҳайкаллар ва сув ҳовзаларининг атрофида ташкил қилиниши ёки мустаъқил объект ҳам бўлиши мумкин.
Гулзорларда гуллар ҳосил қилган фигуралар кичкина бўл маслиги керак, сабаби бундай ҳолларда улар хунук кўринади. Аслида четлари оддий бўлган йирик фигуралар бўлгани маъқул.
Гуллар ёрдамида ҳосил қилинган фигуралар кам сонли ҳамда газонлар ёрдамида бир-биридан маълум масофада ажратилган бўлиши керак.
Гулзорлар ташкил қилинаётганда уларнинг экилишига қараб клумба, рабатка, безаклар, гуруҳлар, бордюрлар, массивлар ва алоҳида экинларга ажратилади.
Клумба – гулзорнинг бир қисми бўлиб, барча йўналишлардаги ўлчамлари қарийб бир-бирига яқин ва турли йўналишларда тугалланган контурли геометрик шаклга эга.
Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ иқлимли шароитида вегетация давомида гулзорлар доимий равишда суғориб туришни талаб қилади. Шу сабабли клумбалар ясси шаклда, ҳатто бироз чуқурликда ташкил қилинади. Гулларни оқизиб суғориш назарга тутилганда, уларни қаторлаб экилади ва улар орасида жўяклар олинади.
Ташқи кўринишда камчилик бўлмаслиги учун ясси клумбанинг марказий қисмида йирик, чеккаларида пастроқ бўйли гуллар экилади. Клумба чеккалари чим ёрдамида мустаҳкамланади, ёки доимяшил япон нормушки ёхуд шамшодлар ёрдамида ўралади.
Клумбалар қуйидаги турларга бўлинади:
– тўшамалар – паст бўйли, гуллайдиган ёки турли ранглардаги барглари манзарали бўлган ўсимликлардан йиғиндисидан иборат. Ўсимликларнинг бўйини бир хил баландликда ушлаб туриш ва ҳошиялари аниқ билиниб туриши учун улар доимий равишда кесиб турилади;
– гулзорлар – бу ерда асосан йирик гуллар ҳосил қиладиган ўсимликлар ёки унча катта бўлмаган бир йиллик ва кўп йиллик, барглари манзарали бўлган ўсимликлар экилади.
Ўзбекистон шароитида ўсимликларнинг гуллаши февралнинг охири ва март ойининг бошидан бошланиб (виола, маргаритка) токи совуқ тушгунга қадар, яъни ноябрь ойининг ўртасигача (майда гулли хризантемалар) давом этади. Бу даврда муҳим аҳамиятга молик объектлардаги клумбада ўсимликлар бир неча марта алмаштирилади (масалан, виола – тагетес – майда гулли хризантемалар);
- рабаткалар – йўллар, аллеялар, майдон ёки қурилишлар атрофларида жойлаштириладиган, бўйи узун, эни анча қисқа бўлган гулзорларга айтилади. Улар яхлит ёки узун бўлганлиги сабабли бир неча қисмларга бўлинган бўлиши мумкин. Жуда узун рабаткаларни кичикроқ ўлчамдаги клумбалар, йўлаклар, ёлғиз экилган йирик дарахтлар (пальмалар, бананлар, агавалар, доимяшил буталар) ёрдамида бўлиш тавсия этилади. Бу уларни узундан-узун чўзилган ва киши кўзини толиқтирувчи бир хилликдан халос қилади;
– гуруҳ – гулзорнинг унча катта бўлмаган, фақатгина бир турга ёки навга мансуб ўсимликлардан таркиб топган қисмига айтилади. Гуруҳ яратиш учун кўпинча баланд бўйли, чиройли гуллайдиган ёки барглари манзарали бўлган ўсимликлардан фойдаланилади ва улар тиғиз қилиб экилади;
– солитер – алоҳида (яккалаб) экиладиган ўсимликлар бўлиб, газон, гулзор, парк ёки хиёбонларнинг фонида, гуруҳ, клумба, рабаткалардан узоқда экиладиган кичик архитектура шаклидир.
Солитер манзараси билан барча жиҳатдан ниҳоятда кўркам бўлиши: барглари қалин жойлашган, габитуси чиройли, барглари манзарали ўсимликлар учун баргининг шакли ва ранги билан ўзгача тароватга эга, гулли ўсимликлар учун узоқ муддат гуллаши ва бўлиқ гуллари билан ажралиб туриши керак;
– бордюрлар – гуллардан иборат бўлиб, улар гуллар ёки барглари манзарали бўлган ўсимликлардан ташкил қилинган клумбаларнинг контурлари бўйлаб, йўлаклар ёқаларида, рабатка лар, газон ва аллеяларнинг чеккаларида ҳошия тарзида экилади.
Баъзида бордюрларни рамка ёки кайма ҳам дейилади. Бордюрларнинг эни унда экилаётган ўсимлик турига ва бордюрнинг типига қараб 10 – 40 см энликда, улардаги қаторлар сони эса 1 – 5 тадан иборат бўлиши лозим. Бордюрларда гуллайдиган, тўшама ҳосил қиладиган, паст бўйли (25 – 35 см), бир ёки кўп йиллик, шунингдек, барглари манзарали ўсимли клар экилади.
– партер — тантаналар ўтказиладиган жойларда ташкил қилинадиган гулзор бўлиб, бинолар олдида ёки парк ва хиёбон ларнинг бошланиш қисмида барпо қилинади. Улар бир нечта элементлардан ташкил топиб, барча гулларнинг композициясидан бир бутунлик яратишда хизмат қилади. Партер элементларига газонлар, махсус танланган барглари манзарали ва яхши гуллайдиган ўсимликлар, йўлаклар, кичик архитектура шакллари киради;
– гулли вазалар – асосий аҳамиятга эга бўлган жамоатчилик биноларининг олди, чорраҳалар ва осойишта кўчалардаги асфальт ва бетон қопламаларига кўрк бериш, уларга жон киритиш учун қўлланилади. Вазаларга гуллашга тайёр бўлган гуллар экилади. Бунинг учун виола, петуния, тагетес, сальвия ва паст бўйли канналар жуда мос келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |