2- дастур. Мусобақалашув шароитларида спортчининг психик ишончлилигини шакллантириш.
Футбол бўйича жахон чемпионатининг Италия ва Бразилия жамоалари ўртасидаги финал ўйини ниҳоясига етди (1996-йил) ҳисоб 0:0. Ўйин тугагач 11 метрлик пенальтилар белгиланди. Коптокка чемпионатнинг энг яхши ўйинчиси Италиялик Баджио яқинлашди, зарба, афсуски копток дарвоза тўсинининг устидан анча баландлаб ўтиб кетди. Оқибатда Бразилияликлар чемпион бўлишди. Гимнастикачиларнинг финал чиқишлари, уларнинг чиқишлари жуда гўзал давом этмоқда, машқлар ниҳоясига етишига озгина қолган, бироқ кутилмаганда оддий бир машқни бажариш жараёнида гимнастикачи қўлидаги буюмини тушириб юборди, натижада у олимпиаданинг шундоққина нақд бўлиб турган олтин медалидан маҳрум бўлди.
Бундай ҳолатларни спорт тажрибасида, ҳамда турли даражадаги мусобақалар жараёнида кўплаб учратиш мумкин. Бу хатолар техник сабаблар туфайли юзага келмайди, ҳатто бу машқларни бажариш чоғида спортчидаги барқарорликнинг йўқлигидан ҳам содир бўлмайди, балки уларнинг мутлоқо бошқа сабаблари бордир. Бу сабаблар айни, энг масъулиятли вақт келганда, бирор бир машқнинг (техник элементнинг), тўғри бажарилишига, бутун бошли спорт чиқишининг, спортчининг, жамоанинг тақдири, хаёт - мамоти ҳал бўладиган, мана шу машқдаги айни шу элементни шу ерда ва ҳозир албатта тўғри ва гўзал тарзда бажариш лозим бўлган пайтда ўзини намоён этиб, уни тўғри бажаришга йўл қўймайди. Бу сабаб аслида ана шу элементни тўғри бажаришнинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини ҳис этиш орқали юзага келадиган юкдан, яъни ҳиссий эмоционал зўриқиш юкидан иборатдир. Айни шу ҳиссиёт туфайли спортчилар мусобақанинг энг ҳал қилувчи дақиқаларида хатоларга йўл қўядилар.
Спорт психологиясида бундай хатоликларни спортчининг психик жиҳатдан етарли даражада ишончли эмаслиги билан изоҳлашади. Ушбу ҳолатни Чехиялик психологлар Ф.Манн ва В.Гошек шундай таърифлайдилар “ Психик ишончлилик биринчи навбатда психологик ноқулай муҳитда (масъулият юқори бўлган, ҳал қилувчи уриниш ҳолларида) спорт натижаларининг (техник усулларни бехато бажариш орқали) жуда сезилар- сезилмас даражада ўзгариши билан характерланади (Плахтиенко В.А., Блудов Ю.М. Надежность в спорте., 1983.).
Демак, спортчининг психик ишончлилиги – бу мусоба-
қаларнинг энг масъулиятли пайтларида у ёки бу техник усулни энг олий даражада, ҳатто машғулотдагидан ҳам кўра яхшироқ бажара олиш қобилиятидир.
Спортчиларнинг психик ишончлилигига уларга хос бўлган бир қанча психик омиллар кучли таъсир кўрсатади.
Энг масъулиятли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритувчи спортчиларда қуйидаги жиҳатларнинг доимий ҳолда учрашини кузатиш мумкин: ютуқларнинг оптимал мотивацияланганлиги, кўтаринки эмоционал барқарорлик, юқори даражада иродавий ўз-ўзини назорат қилиш қобилияти. Психик барқарорликнинг кўрсаткичлари ичида энг муҳимларидан бири бу диққатни узоқ муддат бир нарсага қарата билишдан иборат.
Психик барқарорликни шакллантиришга кўмаклашувчи психологик кўрсаткичлардан қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш мумкин: ўз-ўзини назорат қилиш даражаси, ўз диққати ва ҳис-туйғулари, яъни эмоцияларини бошқара олиш қобилияти, шунингдек ўзини идеомотор тарзда бошқара олиш ҳамда дас-
турни тўғри бажаришдаги ўзига бўлган ишонч.
Ушбу омиллар спортчининг психик ишончлилигини шакллантиришга ёрдам қилиши ҳам ёрдам қилмаслиги ҳам мумкин.
Спортчилардаги психик ишончлиликни шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири, бу - спортчиларнинг мазкур жиҳатларига ситуатив, яъни муайян бир қисқа вақт ичида таъсир кўрсатувчи омиллардир.
Спортчиларда психик ишончлиликни қарор топтирувчи омиллар қаторида қуйидагилар туради: биринчидан умумий жисмоний тайёргарлик. Агар спортчилар яхши жисмоний тайёргарликка эга бўлмасалар, унда жуда тез чарчаб қолишлари мумкин. Жисмоний тайёргарлиги яхши бўлмаган спортчилар, муайян вазифани, хатти-ҳаракатларни зарур даражада бажаришлари учун уларнинг иродавий зўриқишларига тўғри келади, бу эса ўз навбатида улардаги ишчанликни зарур даражада таъминлаб берувчи организмнинг функционал тизимлари зўриқишига олиб келади. Натижада спортчилар зиммасига қўшимча психологик юк тушади. Бу эса мусобақалардаги экстремал шароитларда организмнинг функционал тизимлари ишини издан чиқариб, спортчи бутун фаолиятининг ёмонлашувига сабаб бўлади.
Катта тажрибага эга мураббийлар бу муаммони спортчилардаги ишчанликни янада оширувчи шарт-шароитлар яратиш, улардаги спорт техникасини автоматик даражага етказиш орқали ҳал этишга ҳаракат қиладилар. Буларнинг барчаси психологик ишончлиликни шакллантиришга кўмаклашувчи пойдеворни яратади. Аммо бу пойдевор ҳам фақат муайян вазиятларда, аввало, спортчидан жуда кучли ирода, кучли сабр ва қудрат талаб этиладиган вазиятлардагина асқотади. Аммо, муваффақият спортчининг ўз диққатини бир нуқтага жамлай олиши, ўзини ўзи бошқара олиши, яъни натижалар биринчи галда спортчининг ўзига нисбатан ишончи, ўз-ўзини назорат қила олишига боғлиқ бўладиган ҳолатларда ҳеч қандай, ҳатто энг олиймақом функционал ва техник тайёргарлик ҳам етарли бўлмай қолади. Бундай пайтларда муаммони ҳал этишга спортчиларда ўзига ишонч ва ўз-ўзини назорат қилиш қобилиятларини шакллантиришга йўналтирилган психологик услубларни қўллай билиш орқали эришиш мумкин бўлиб, бу усул бамисоли муаммоларни ҳал этувчи калитга айланади.
Спортчилардаги ўз муваффақиятига ишонч туйғуси, аввало, уларнинг навбатдаги спорт чиқишларига вазифаларни белгилаш олдидан ўз имкониятларига реал баҳо бера олишларига асосланади. Бу эса ўз навбатида техник усулларни меъёрида ва самарали бажаришнинг муҳим омили бўлган оптимал психик ҳолатнинг вужудга келишига кўмаклашади. Спортчилардаги психик ишончлиликни шакллантиришга кўмаклашувчи иккинчи омил, бу - спортчининг ўз-ўзини назорат қила олиш қобилияти бўлиб, бу фазилат унинг узоқ муддат ўз диққатини маълум нуқтага қаратиб тура олишида намоён бўлади. Бу омилнинг аҳамияти спортчининг ўзига бўлган ишончидан кам эмас. (Н.И.Наенко, 1977; Р.С.Уэйнберг, Д.Гоулд, 2001).
Спортчиларнинг психик ишончлилигини шакллантириш муаммосини ҳал этиш борасида талайгина усул-услублардан фойдаланилади: машғулотлар чоғида психологик бошқарув йўли билан ўз-ўзини ишонтириш, тайёргарлик машғулотлари жараёнидаги машқларни бажаришда бериладиган вазифаларни тобора мураккаблаштириб бориш, спортчилар чарчаган ҳолатларда ҳам ишлашни давом эттириш ва ҳоказолар. Аммо, мазкур услуб-
лар тилга олинган муаммони юз фоиз ҳал этиши тўғрисида қатъий хулоса чиқаришга ҳали эрта, чунки спортчилардаги ўзига ишонч ва ўз-ўзини назорат қилиш каби фазилатларни шакл-
лантириш учун зарур бўлган психологик механизмлар баъзи ҳолларда эътибордан четда қолиб кетмоқда.
Хўш, спортчига мусобақалар пайтида, машғулотларида ўзи бир-неча маротаба аъло даражада уддалаган машқларини бажариши учун тўсиқ бўладиган ва халақит берадиган қандай психологик омиллар пайдо бўлади ва салбий таъсир кўрсатади? Улар қуйидагилардан иборат:
1) Ушбу уринишнинг натижаси учун ўта катта масъулиятни ҳис этиш. Айнан мана шу уриниш учун шахсий масъулиятни ҳис этиш ва унинг қайта такрорлаш имкониятининг йўқлиги, хато қилган тақдирда бу хатони тузатиш мумкин эмаслиги спортчининг кўнглида қўрқув уйғотади, бу эса спортчи машғулотлар пайтида ҳеч қачон дуч келмайдиган қўшимча психологик зўриқишдир;
2) Мусобақанинг энг масъулиятли даврида бажарилиши лозим бўлган уриниш имконияти одатда фақат бир маротабагина берилади. Шу тарзда спортчи фақат биттагина уриниш билан чеклаб қўйилади, у нимага қодир бўлса, фақат мана шу биргина уринишда намойиш этиши лозим, ундан олдин ҳам эмас, ундан кейин ҳам эмас, фақат мана шу уриниш чоғида...
3) Техник усулларни олий даражада бажарилиши ҳар гал, спортчининг имкониятлари чегарасида юз беради, яъни уни бажариш чоғида спортчи маълум даражада таваккал қилади, тавакал эса-хато қилиш имкониятини янада оширади, спортчи таваккал қилмаган чоғида унда бу каби туйғу бўлмайди. Қолаверса, таваккал қилишнинг ўзи ҳам қўшимча психологик зўриқишдир. Демак, спортчи мусобақалар жараёнида машғулотда учрамаган психологик қийинчиликни хис қилади, тажриба шуни кўрсатадики, аксарият спортчилар ана шу психологик зўриқиш ёки сиқувни-прессингни кўтара олмайдилар ва психологик ишончсиз, деб топиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |