6. Натижалар мотивацияси ва машғулотлар
мотивациясининг ўзгариши
Шуни ҳам унутмаслик керакки, спорт ҳаётида баъзан мотивацияларнинг ўзгариши ҳам юз бериб туради. Бу ҳақда лангарчўп билан баландликка сакраш бўйича халқаро тоифали спортчи А.Миллер шундай ёзади.
Агар иродаси кучли ва етарли даражада ақлли бўлган бирор бир спортчи “мен қанча кўп спорт билан шуғуллансам, шунча кўп муваффақиятларга эришаман”, деган фикрга келса, бу албатта нотўғри бўлади. Сабаби, у ана шу фикрга келган пайтдан бошлабоқ, жуда кўп машқларни бажариш орқали ўз характерини кўрсатишга интилади, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада кўп ишларни қилишга ўзини мажбур қилади. Ўша пайтдан эътиборан спорт машғулотларининг ўзи спортчи учун унинг фаолиятидаги асосий мотивацияга айланиб қолади. Спортчи айнан тайёргарлик машғулотлари чоғида ўзини кўрсатишга, қанчалик оғир машқларни қила олишини исботлаш орқали ўзини намоён этишга эришади.
Шундан кейин эса, бу спортчи мусобақаларда иштирок этади, аммо у мусобақаларда ўзи кутган спорт рекордларини ўрната олмайди ва бу ҳолатнинг сабабини хам тушуниб етаолмайди. У бунинг сабабини аввало ўзидан қидиради, ўзини истеъдодсиз, ишчанлик қобилияти паст деб ҳисоблай бошлайди, кўпроқ ўз танасининг мукаммаллигини ошириш, уни чиниқтириш, машғулотларнинг услубиятини ўзгартириш ҳақида ўйлайди, бошқа мураббий қидиришга, турмуш тарзини ўзгартиришга тушади, аммо бу жараёнларда унинг ўзига бўлган талабчанлиги зинҳор пасаймайди, у ўзига ҳеч қандай раҳм –шафқат қилмайди.Дам олиш учун, ўзини тиклаб олиш учун вақт ҳам ажратмайди.
Унинг бутун фикру-зикри, ўзини янада баркамол қиладиган ниманидир топишга, излашга йўналтирилган бўлади. Шу тариқа тайёргарлик машқлари, тинимсиз машғулотлар унинг ҳаётидаги асосий ўринни эгаллаб олади. Спортчининг оддий ва жўн ҳиссиётларининг пайдо бўлиши ҳам бевосита унинг машғулот жараёнида эришадиган ютуқларига боғлиқ бўлиб қолади. Агар тайёргарлик машқлари яхши ўтган бўлса спортчи ўз ҳаётидан мамнун бўлади. Лекин машғулотлар орқага қараб сусайиб кетадиган бўлса - спортчи ўзини қўярга жой тополмай қолади, ҳамма нарса унинг асабини қўзғатади, у ҳатто овқат ейишни ҳам, ўқишни ҳам, ишлашни ҳам, бошқа ишлар билан машғул бўлишни хам истамай қолади, ёки бутунлай стресс ҳолатига, тушкунликка тушиб қолади...
...Вақт ўтиб, спортчилар ўзларини тиклаб, ўзларини чалғитадиган бошқа бирор бир машғулотни топадилар, бошқа спортчилар билан мулоқотда бўладилар ва натижада ўзларига нимадир етмаётганлигини ҳис қиладилар. Шундан сўнг уларнинг ҳаётида жуда ғалати воқеалар юз бера бошлайди. Спортчи энди, ўзи бутун машғулотлари жараёнида орзу қилган ишларни қила бошлайди, вақт ўтган сари жуда тез фурсат ичида ўзининг тест кўрсаткичлари бўйича рекорд натижаларни қўлга кирита бошлайди.”Спортчида уни фақат спорт билан боғлаб қўйишдан сақлаб қолувчи бошқа ҳаётий омиллар пайдо бўлади (Тайёргарлик машқларидан чалғишлар, З.Г. Гаппаров). Спортчи ўзи мустақил равишда, ёки бошқаларнинг, мураббийнинг ёрдамида тайёргарлик машқлари жараёнида йўл қўйган хатоларини англаб етади. Ана шу ерда мотивацияларнинг ўзгариши юз беради. Спортчи учун мусобақаларда қўлга киритиладиган натижалар етакчи мотивацияга айланади. Шунинг учун ҳам спортчи, нима қилиб бўлса-да, спорт мусобақаларига яхши спорт тайёргарлиги, яхши кайфият билан боришга, уларда яхши натижаларни кўрсатишга интила бошлайди.
Бу икки мотивация ўртасидаги чегара жуда нозик. Бу муаммо бошловчи спортчиларда ҳам юқори даражадаги спортчиларни тайёрлаш жараёнида ҳам мавжуддир. Юқори даражадаги спортчиларни тайёрлаш жараёнида ушбу муаммо энг истеъдодли спортчиларни ҳам руҳан синдириб қўйиши мумкин.
Шунинг учун ҳам мураббий натижалар мотивациясининг машғулотлар мотивациясига айланишига, яъни машғулотларнинг спортчи ҳаётининг мазмунига айланиб қолишига йўл қўймаслиги керак. Машқ қилмадингми - демак бир кунинг бекорга кетди, деган ақида ҳамма вақт ҳам тўғри бўлавермайди. Спортчи шуни яхши англаб етиши керакки, машғулотлар жараёни бу ўзини қийнаш эмас, балки - юқори натижаларни қўлга киритиш учун тайёргарлик воситасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |