3. Муваффақиятга эришиш кўрсатмасини шакллантириш
ва даъват этиш.
Тобора юқори натижаларни босқичма-босқич қўлга кирита бориш, спортчида машғулотлар жараёнидаги ғайрат-шижоат ва фаолликнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолларда спортчидаги эришилган ютуқлардан қониқиш ҳисси, янги марраларни забт этиш иштиёқи билан алмаштирилиши лозим. Акс ҳолда, муваффақиятларни қўлга киритишга интилиш ўрнини, мағлубиятдан қочиш мақсади эгаллаши мумкин. Бундай пайтда спортчи ташқи жихатдан ўзининг ҳалоллиги ва фаоллигини сақлаган ҳолда, эришилган натижаларнинг етарли эканлиги тўғрисидаги нотўғри ва ўзи ҳам ҳали тўлиқ англаб етмаган туйғулар таъсирига тушиб қолиши мумкин.
Фаолият жуда ҳам қизғин кечаётган пайтда, спортчи ўзи эришган ютуқдан кўра юқорироқ натижага эришиш мумкинлигига ишонмай қўйган ҳолатларда, машғулотлар жараёни уни қониқтирмайди (чунки, у ўз натижаларининг кўтарилишига ишонмайди ва машғулотларга қатнашишни ҳам ҳоҳламай қўяди). Бундай пайтларда спортчи спортга қизиқарли ўйин сифатида эмас, балки оғир меҳнатга қарагандай қарай бошлайди. Бу эса ўз навбатида машғулотлардаги машқларнинг эмоционаллигини пасайтириб, спортчининг куч-ғайрати имкониятларини камайтиради. Оқибатда спортчи кўрсатадиган натижаларнинг ўсиши маҳол бўлиб қолади. Бу айниқса юқори спорт натижаларига тегишлидир. Шу сабабли ҳам спортчини мотивациялаш борасида илгари ўрнатилган ва шакллантирилган спортчини доимий қўллаб- қувватлаш, яъни уни доимий равишда ғалаба қозонишга, изчил равишда ўсиб боришга, такомиллашишга, ривожланишга даъват этиш ниҳоятда муҳимдир.
Спортга оид мотивларнинг ижобий жиҳатларини ўстиришга спортчи эришган ютуқларни кўз - кўз қилиш ҳам яхши ёрдам беради. Яхши фаолият юритаётган, намунали спорт клубларида, жамиятларида спорт иншоотларининг деворларида ҳамиша мазкур жамоадаги энг яхши спортчиларнинг фотосуратларини, рекордлар жадвалини (жаҳон, Европа, Ўзбекистон, Шаҳар, вилоят, жамият, клуб, болалар спорт мактаби ва ҳоказо), газета ва журналлардан олинган мақолаларни, мусобақалар давридаги табрик-
ларни ифодаловчи тезкор плакатларни учратиш мумкин. Шунингдек бу борада спортчиларнинг ўзлари эришган спорт совринларини: медаллари, нишонлари, фахрий ёрлиқлари, совринлари, хуллас ўзларининг спортда эришган ютуқларини тасдиқловчи ҳар қандай эсдаликни, жумладан матбуотдаги мақолаларни ҳам йиғиб боришлари ниҳоятда фойдалидир. Юқори даражада спорт натижаларини қўлга киритиш ҳамда спортга доимий қизиқишни, машқлар жараёнида фаолликни сақлаб туришда спортчи иштирок этган мусобақалар тўғрисидаги радио эшиттириш ва телекўрсатувларнинг ҳам аҳамияти катта.
4. Рағбатлантириш ва жазолашни самарали мувофиқлаштириш
Педагогиканинг анъанавий тамойилларига кўра рағбатлантириш ва жазолашга доимо катта аҳамият бериб келинган. Бу усуллар инсонни бирор бир фаолиятга даъват этишдаги энг кенг тарқалган усуллар ҳисобланади, айниқса бу, кишидан ўзининг бор имкониятларини намоён этишни талаб қилувчи спортда янада яққолроқ намоён бўлади. Рағбатлантириш ва жазолашнинг самарадорлиги уларнинг адолатлилигида, кучи ўз вақтида амалга оширилиши шаклида, шунингдек спортчи ҳамда мураббийнинг индивидуал ҳусусиятларида, бошқарув усули ва ҳоказоларда намоён бўлади. Рағбатлантириш ва жазолашни самарали равишда мувофиқлаштириш ниҳоятда муҳим бўлиб, бунда албатта рағбатлантиришлар сони кўпроқ бўлишини талаб этади. Спортчини сифатли машғулот ўтказишини талаб қилиш асосида, мураббийлар аксарият ҳолларда жудаям қаттиққўллик қилиб юборадилар. Бироқ бу, мураббийлар ҳар куни ва ҳамиша бир хилда талабчан ва қаттиққўл бўлишлари керак, дегани эмас. Жазолаш ҳам яхши рағбат, лекин спортда кўпинча рағбатлантиришнинг ўрни юқорироқдир, зеро рағбатлантириш спортнинг қудратли мотивидир. Оддийгина сўз билан рағбатлантириш ҳам спортчига керакли далдани бериши мумкин.
5. Моддий мотивация
Спортчиларни мотивациялашда моддий рағбатлантириш-
нинг ўрни беқиёсдир.
Кунлардан бир куни Европа чемпионлигини қўлга киритган ва бунинг эвазига квартира олган спортчидан: “Агар сиздан ушбу ютуқларингизга фақат бирини танланг, дейишса Сиз учун квартира муҳимми ёки Европа чемпионлигими? -деб сўрашганида у: “Саволингиз жуда кулгили. Мен истаган пайтим ва истаган йўл билан квартирага пул топишим мумкин. Қолаверса, миллионлаб одамлар квартирага эгадирлар. Аммо Европа чемпионатининг олтин медалини қўлга киритганлар саноқли” - деб жавоб берган эди. Ҳақиқатдан ҳам, аксарият спортчилар учун бундай медал ўз ҳаётларидаги энг юқори ютуқ ҳисобланади. Зеро бундай ютуқ кишига кўтаринки кайфият бахш этиб, ўзини ҳурмат қилиш туйғусини шакллантиради. Унинг узоқ йиллар давомида ўзгалар эътиборида ҳурмат ва иззатга сазовор бўлиб юришини таъминлайди. Ўз касбини пухта эгаллаган, соҳасини севган ва кўплаб ютуқларга эришган бир олимга шундай савол беришган: “Нега сиз шунчалик ақлли бўла туриб, жуда камбағалсиз?”. Олим “Мен бахт асоси деб бойликни эмас, балки ўзим яратган ихтироларимни биламан. Менинг мақолаларим, китобларим -бойлигимдир, қолган бари нарсалар мен учун майда - чуйдадир” деб жавоб берган. Ҳа, бу унинг қадриятлар тизимига боғлиқ. Бу ерда биз савол берувчи ва жавоб берувчиларнинг ўртасидаги қадриятлар тафовутини кўрдик. Спортда ҳам ҳудди шундай. Кимдир спортга катта пулни деб кириб келади. Ким учундир бу қизиқарли, қийин ва олдиндан айтиб бўлмайдиган Олимпия ўйинларига бўлган ниҳоятда чуқур эҳтиёжларидан келиб чиқади. Улар учун пул мукофотлари ана шу эҳтиёжлари устига ёқимли қўшимча ҳолос. Бундай спортчилар бошқаларга нисбатан анча дадил, енгил ҳаракат қиладиган бўладилар, чунки улар юрак ҳоҳиши билан ўйнайдилар, бажараётган ишларини пул топиш заҳмати деб тушунмайдилар. Спортчиларда мотивлар кўп бўлади айни пайтда уларнинг етакчи мотивлари, бош мотивлари ва асосий мотивларини фарқлаш мумкин. Уларнинг ҳар бири алоҳида спортчи учун ўзгачадир. Спортчининг моддий мотивацияга ҳаддан ташқари ружу қўйиши ниҳоятда муҳим мусобақаларда кучли зўриқишларни келтириб чиқариб панд бериб қўйиши мумкин. Аксарият ҳолларда бу мусобақа олдидан спортчи аҳволини ёмонлашувига сабаб бўлади, мусобақалашув жараёнида моддий рағбат ёрдам бериши ҳам ва аксинча спортчига ҳалақит бериши ҳам мумкин. Кимдир муваффақиятдан оладиган пулини эслаб, чарчаб турган ҳолатда ҳам, хеч ким бажара олмайдиган ажойиб усулни намойиш қилиши мумкин. Бошқа биров эса айни шу ҳолат туфайли, тузатиб бўлмас хатоликларга йўл қўйиши мумкин. Баъзан моддий рағбатнинг йўқлиги спортчилардаги куч - ғайратнинг тўлақонли сарф этилишига тўсқинлик қилади. Албатта, узоқ йиллик машғулотлар жараёнида моддий рағбатнинг ўрни муҳимдир. Чунки спортчи нима учун катта спортнинг барча машаққатларига дош бериб келаётганини доимий ҳис қилиб туриши керак. Албатта, бу айни пайтда шон-шуҳратга, машҳурликка, ўзининг бор имкониятларини намойиш этишга, ўзидаги энг ижобий ҳис-туйғуларни узоқ вақт давом эттиришга бўлган интилиш ҳамдир. Моддий рағбатлантиришлар спортчининг даражасига ва реал шарт-шароитларга мувофиқ бўлиши керак. Шунингдек у ўз вақтида амалга оширилиши лозим. Олдиндан ёки аксинча вақт ўтиб кўрсатилган моддий рағбат ўзининг мотивацияловчи вазифасини йўқотиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |