6. Жамоавий қарорларни қабул қилиш
Ҳар бир спортчининг олдида турган машғулотлар, дам олиш , маданий-оммавий, соғлиқни тиклаш ва бошқа тадбирларга оид масалаларни ҳал этишда, ва улар бўйича жамоавий қарорларни қабул қилишда иштирок этиши машғулотлар жараёнидаги ижобий мотивлардан бири саналади. Буларнинг барчаси спортчиларнинг фаоллиги ва онгини ошириб, уларнинг спорт машғулотларини теранроқ англашларига ёрдам беради.
Спортчилар томонидан у ёки бу жамоавий қарорни қабул этилиши мураббий учун ҳам унинг бажарилишини талаб қилишда енгиллик туғдиради, зеро бу қарорга жамоавий тарзда келган эканмиз, уни биргаликда амалга оширамиз, деган фикр спорт мураббийсига асос бўлади. Кейинги машғулотлар даври учун ҳам мураббий мотивациянинг яҳши воситаси, яъни спортчилар билан биргаликда қабул қилинган қарорга эга бўлади.
7. Тайёргарлик машқларининг эмоционаллиги
Бир хиллик, зерикиш- ишчанликнинг азалий душманидир. Минглаб бир хил такрорланишлар, бир хилдаги топшириқларни қайта -қайта бажариш кишининг ўз - ўзини назорат қилиш хусусиятини, зийраклигини ўтмаслаштиради, психик ўта зўриқиш пайтида эса бундай ҳолатлар уни асабийлаштиради, ҳатто спортчи машғулотларга қатнашишини рад этиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда ҳис - туйғуларга эҳтиёж туғилади. Мураббий қандай йўл билан бўлса-да спортчиларда қизиқиш уйғотиши, уларнинг юзига табассум югуртириши шарт; энг кескин вазиятларда спортчининг диққатини у мутлоқо кутмаган бошқа бир нарсага йўналтириши; топшириқларни ҳеч бир методик асосларсиз, шунчаки, машқлардаги бир хилликни йўқотиш учун ўзгартириши керак.
Агар машғулотлар жараёни спорт мураббийси учун зерикарли бўлса улар спортчи учун ҳам зерикарли бўлади. Мураббий ўз хатти – ҳаракатлари билан спортчидаги ғайрат - шижоатни ривожлантириши ва аксинча сўндириши ҳам мумкин. Тайёргарлик машқларининг эмоционал ҳолатини кўтариш учун махсус усуллар ишлаб чиқилган. Буларга спарринг - шерик-
лик ва бошқа турли ўйинларни мисол қилиб келтириш мумкин. Уларнинг ўрни айниқса сузиш, эшкак эшиш, чанғида учиш, велосипедда учиш, югуриш, енгил атлетика каби спорт турларида ниҳоятда каттадир. Чунки, бу турдаги спорт ўйинларида рақибларсиз бирор бир натижага эришиш қийин, машғулотлар ҳам рақобатсиз яхши самара бермайди. Шунинг учун ҳам спортчиларни мотивациялаш мақсадида одатда жуфтлик ёки гуруҳ тарзидаги машғулотлардан кенг фойдаланилади.
Спарринг-шерик рақобат шароитини яратади, спортчида ўз ҳаракатларини рақибидан сал бўлсада илгарироқ бажариш истагини, машғулотлар жараёнида бўлса, ғолиб чиқиш истагини пайдо қилади. Ҳар бир тайёргарлик машғулоти кичкина бир мусобақага айланиб натижада машқларнинг эмоционаллиги табиий равишда ошади.
8. Спорт мураббийси шахсининг хусусиятлари
Тайёргарлик машқлари жараёнида спортчилардаги фаоллик, астойдил ҳаракат қилиш, спортга нисбатан узоқ йиллар давомида қизиқишни бир хил маромда сақлаб қолиш учун спорт мураббийсининг шахси ҳам ниҳоятда муҳим мотивация омили бўлиб хизмат қилади.
Спорт мураббийсидаги оптимизм, яъни фақат ижобий, натижага ишониш, яхши ният қилиш туйғуси спорт ҳаётига оид ҳар қандай вазиятларда ҳам машғулотларда ҳам мусобақаларда ижобий ахамиятга эга. Айниқса спортчи ҳар бир машғулотни ўзининг бор имкониятларини сарфлаб тугаллайдиган, спорт машғулотларининг ниҳоятда оғир, катта куч-қувватни талаб этадиган даврида мураббийнинг оптимизми, унинг қувноқлиги, келгуси ютуқларга ишончи ниҳоятда муҳимдир. Бундай пайтларда, қошларини чимириб оладиган, доимо спортчилардан юқори натижаларга интилишни талаб этадиган, хўмрайган пессимист “шу йўл билан спортчиларимни юксак натижаларга даъват этаяпман”, -деб ўйласа, шубҳасиз янглишади.
Мураббийнинг серғайратлиги, унинг спортга нисбатан чексиз муҳаббати, ўз ишига ўта садоқати, доимий равишда уни такомиллаштиришга интилиши ҳам машғулотлар жараёни учун олий даражадаги ижобий омилдир. Машғулотлар жараёнида энг яхши мотивацияга айни шундай ўз ишига жон-жаҳди билан кириша оладиган мураббийлар эришадилар. Ҳар бир мураббий спортдаги ўз ишини чин дилдан севиши керак. Фақат шундагина у ўз спортчиларини эркин ва табиий равишда спортга йўналтира олиши, яъни ўзининг шахсий фазилатлари билан уларга намуна кўрсатиб, спортчиларни мотивларини юксалтириши мумкин. Аксарият мураббийлар ўзларидаги “дозаланган фанатизм” билан ажралиб турадилар. Ушбу хусусият одатий мураббийларнинг асосий хусусияти бўлиб, уларнинг ўз ишларига нисбатан муносабатини янада яққолроқ ифодалайди дейиш мумкин.
Албатта ҳар бир мураббийнинг у ёки бу ўқувчисига нисбатан меҳри бўлади (ёки аксинча, у бирор бир ўқувчисини ёқтирмаслиги ҳам мумкин). Бироқ, мураббий ҳеч қачон ўз ички туйғуларини ташқарига чиқармаслиги керак. Ўқувчилар билан машғулот олиб бориш жараёнида, уларга турлича муносабатда бўлиш, баъзиларини асоссиз эркалаш, сийлаш ёки айримларини камситиш мулоқотдаги эмоционал ҳолатга салбий таъсир қилиши, ҳар томонлама мувофиқлаштирилган мотивациялар тизимини бузиб юбориши мумкин. Айниқса бу машғулотлар жуда оғир кечаётган даврда яққол сезилади.
Юқоридаги фикрларимизни якунлаб, шундай хулосага келиш мумкинки, спортчиларни мотивация қилиш мураббийнинг бор маҳоратини намоён этадиган жараёндир, ва бу жараён унинг фаолиятини ифодалайдиган кўзгудир. Шунинг учун ҳам узоқ йиллар ўқувчиларни энг сўнгги имкониятлари даражасида машқ қилдира олган ва улар билан доимий равишда яхши муносабатларни сақлаб қолган мураббийларни юқори тоифали мураббийлар деб санашади.
Юқорида санаб ўтган тайёргарлик машғулотлари жараёнидаги спортчиларни мотивациялаш усуллари рўйхати, мураббий ўз фаолияти давомида фойдаланиши мумкин бўлган барча усулларни қамраб олмаган албатта. Мураббий спорт туридан ва спортчининг ёши, мойиллиги, қизиқишлари ва бошқа асослардан келиб чиқиб, уларнинг янги ва замонавий турларидан фойдаланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |