Ҳикматли сўзлари
Доноларнинг доноси – сон.
Сон нарсаларга эгалик қилади.
Ҳамма нарса сондан иборатдир.
Коинот тартибли ва мутаносиб яхлитликдир.
Фақат ақлгина оламни билишга қодирдир, сезгилар оламни билишга қодир эмас.
ЭлеЙ фалсафий мактаби
Милоддан аввалги VI-V асрларда Жанубий Италияда жойлашган Элей шаҳрида ҳам фалсафий тафаккур барқ уриб ривожланди.
Элей фалсафий мактаби намояндалари дунёқараши тизимида оламни онтологик тавсифлаш алоҳида ўрин тутди. Элейликлар борлиқ ва уни билиш тўғрисида фикр юритар эканлар, инсон сезгилари ва ҳиссий борлиқ беқарор, ўзгарувчан деган хулосага асосланадилар, улар фалсафа тарихида биринчи бўлиб яхлитлик тўғрисидаги тушунчани ишлаб чиқишди, уни ўзгармас ва бўлинмасдир, деб ҳисоблашди. Яхлит борлиқ тўғрисидаги бу тушунчалар кейинчалик Афлотун ва неоплатончиларнинг ғоявий негизларидан бири бўлиб хизмат қилган.
Элейлик файласуфларнинг қарашларини субъектив идеализм билан метафизиканинг қўшилиши деб ҳисоблайдиган файласуфларнинг фикрича, элейликлар гўё моддий оламнинг мавжудлигини инкор этганлар ва уни инсоннинг субъектив фаразларига тенглаштирганлар, қандайдир билиб бўлмайдиган ноаниқ борлиқ ҳақида сўз юритганлар, бу борлиқни эса билиб ҳам, тасвирлаб ҳам бўлмайди.
Фалсафа тарихи билимдонлари фикрича, юнон фалсафаси таркиб топишининг илк даврида ҳеч қандай субъектив идеалистик қарашлар мавжуд бўлган эмас. Дарҳақиқат, элейликлар сезиб ҳис қилинадиган моддий олам абадий «оқиб туради», бу эса нарсаларнинг яхлит ва тўла муайянлигини, уларнинг тафовутларини қайд этишга имкон бермайди, деб ҳисоблаганлар. Чунки ҳар қандай нарса ҳар бир оний лаҳзада бошқачароқ бўлади ва бошқа нарсага айланади. Агар эътибор берилса, бу ерда нарсаларнинг қўнимсизлиги, «оқиб туриши» ҳақида сўз бормоқда, холос.
Элейликлар фикрига кўра, моддий оламни билишда нотайин ва ноаниқ сезгиларга суянишнинг ўзи етарли эмас, шунинг учун қўнимсиз оламдаги қўнимлиликни топишга қодир бўлган ақл қобилиятидан ҳам фойдаланиш зарур. Бу, албатта, моддий оламни инкор этишни назарда тутмайди, балки уни янада тўлароқ ва атрофлича англаш йўлларини топишга бўлган интилишни билдиради. Элейликлар фикрича, борлиқ — бу ҳамма вақт мавжуд, у кўпликнинг зидди, ҳиссий оламнинг кўплигидир. Ўз-ўзича ягона бўлган нарса ўз-ўзига айнан тенг бўлади, ўзгармас ва ҳаракатсиз қолади. Тафаккурда ягоналикни англаб етиш қобилияти мавжуд бўлса, ҳиссий идрок нарса-ҳодисаларнинг ранг-баранглиги ва кўп хиллигини қайд этади, холос. Бироқ ҳиссий идрок тарафидан «кашф» этиладиган бу кўплик, кўп хиллик, нарсалар мажмуи белгиларнинг кўп хиллигидан бошқа нарса эмас.
Шуни айтиш керакки, элейликлар таълимоти қадимги юнон фалсафасининг таркиб топишида, унинг тушунчалари, категориялари, шу жумладан, субстанция категориясини асослашда олға қўйилган янги қадам эди. Субстанция «ионияликларда физикавий, пифагорчиларда математик, элейликларда эса, айтиш мумкинки, фалсафий маъно касб этади, бинобарин, бу субстанция борлиқ эди».
Элейликларнинг фалсафий қарашлари муайян тадрижий ўзгаришларни бошидан кечирган. Бу йўналишнинг асосчиси Ксенофан қарашларида материалистик элементлар учраб турарди, мазкур мактабнинг етакчисига айланган Парменид дунёқарашида эса, идеализмга мойиллик устуворлик қилган. Пармениднинг шогирди Зенон тасаввурларида бу нарса янада чуқурроқ акс этади.Тарихий жиҳатдан Элей фалсафаси мактаби антик замон фалсафий фикрларига муайян даражада таъсир этиб, мил.ав. V аср ўрталарига келганда таназзулга учрайди.
Фалсафий тафаккур ва унинг тарихи кўп жиҳатдан у ёки бу мутафаккирнинг шахсий интеллектуал фазилатлари, ақлий салоҳияти ва оламни идрок этиш қобилиятлари билан белгиланади. Бу нарсани Элей мактабини ташкил этган фалсафийларнинг қарашлари, тушунчалари, концепцияларини умумлаштириш орқали унинг ўзига хослигини кўрсатиш мумкин. Шу сабабли, Элей фалсафа мактабининг Ксенофан, Парменид, Зенон каби намояндалари тўғрисида фикр юритиш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |