Порфирий
Неоплатончилар орасида Плотиндан кейинги энг йирик ва иқтидорли файласуф Порфирий (232 тахминан 301-304) бўлди. У сермаҳсул адиб, олим, файласуф ва диншунос сифатида яхши танилган эди. Фаннинг математика, гармоника, риторика, грамматика ва тарих соҳаларида ижод қилган. Унинг фалсафий-назарий асарлари орасида «Арасту «Категориялар»ига кириш» ё «Беш хилдаги оҳанг» номли китоби машҳурдир. Ушбу қўлёзма Византия, Шарқ ва Ғарбнинг кўплаб олимлари томонидан бир неча маротаба турли тилларга таржима қилинган ва шарҳлаб берилган. Бу асарида Порфирий тушунчаларнинг белгилари (хил, тур, турга оид хусусиятлар, ўзининг ва ўзга нарсанинг белгилари, тасодифий хусусиятлар) ҳақидаги мантиқий таълимотини баён қилади.
Порфирий космология ва астрология, христианликка зид бўлган мунозарага оид бошқа кўплаб асарлар ҳам яратган. У Плотин маърузалари ва Афлотуннинг бир қатор муҳим диалогларига шарҳлар ёзган. Порфирий нафақат Афлотунинг, балки Арастунинг ҳам асарларига, айниқса унинг мантиқ соҳасидаги китобларига шарҳлар ёзган.
Порфирийнинг ўзи неоплатонизмнинг энг йирик мантиқшуноси эди. Унинг назарий асарлари билан бир қаторда амалий фалсафага оид асарлари ҳам мавжуд. Ушбу асарларда Порфирий, жумладан, сиёсий фазилатлар, ҳаяжонлардан покланиш, ақлга таъсир қилувчи фазилатлар ва ҳоказо ҳақидаги таълимотларини баён қилган.
Порфирий амалий мистикага катта аҳамият берган ва ўз асарларида уни ҳимоя қилган.
Августин «Илоҳий шаҳар ҳақида» асарида хабар қилишича, Порфирийнинг «Руҳнинг юксалиши» номли асари мавжуд бўлган. Ушбу асарда Порфирийнинг икки йўл тўғрисидаги таълимоти шаклланган ва ривожлантирилган. Биринчи йўл фақат файласуфларга хос бўлган соф мушоҳада йўли бўлса, иккинчи йўл оломон учун мўлжалланган теургия (илоҳларга таъсир этиш воситалари тўғрисидаги таълимот) йўлидир.
Прокл
Антик фалсафада неоплатонизм қарашларини якунловчи файласуф афиналик Прокл (410-485) бўлди. Бу давр фалсафасида натурализм инкор этилиб, табиатни тушунишда, инсон ҳақидаги билимда, антропология ва психологияда идеализм тантана қилади. Прокл ана шу муҳитда тарбия топади. У ўзидан кейин бой адабий мерос қолдирган. У Евклиднинг «Ибтидо»си Плотиннинг айрим асарлари, шунингдек, Афлотуннинг 12 та диалогига шарҳлар ёзган. Улардан «Парменид», Тимей, «Кратил» асарларига ёзган шарҳлари бизгача етиб келган.
Проклнинг энг буюк асари «Оддий илоҳий таълимот»дир. Асар неоплатонизм таълимотининг бирлик, ақл, руҳ ҳақидаги тушунчаларни қамраб олувчи 211 та тезисдан иборат. Прокл қурилиш ва изоҳлашга доир учлик тамойилини ривожлантирди. Бу тамойилларнинг биринчиси – ўзлик ичида бўлиш, иккинчиси – ўзликдан чиқиш, учинчиси эса ўзликка қайтишдир. Бу ғоя Плотин таълимотининг бирмунча такомиллашган шакли эди. Расман қараганда, Проклдаги Ақл триадаси немис классик фалсафасидаги Гегель қарашларини эслатади. Лекин улар орасида жиддий фарқ бор. Гегель фикрича, ақл ривожланиб боради. Прокл эса, фараз қилинаётган ақл тўлароқ ва бойроқ, ўрганувчи, интилувчи ақлни эса, ундан ожизроқ деб билади. Прокл бошқа нарсалар хусусида фикр юритганда ҳам, учлик тамойилига амал қилишга интилади. Ҳатто Руҳ илоҳий, иблисона ва инсоний каби турларга бўлинади. Прокл Афинада Академия бошлиғи, юксак таҳлилий ақл соҳиби бўлганига қарамай, неоплатонизм ҳукмронлигини сақлаб қола олмади. Зеро, юнонча кўп худоликка зид ўлароқ, христиан дини ҳукмронлигии даври бошланаётган эди.
529 йили император Юстиниан декретига кўра, Афинадаги Афлотун Академияси ёпилди. Шу билан антик фалсафанинг минг йиллик умри тугаб битди.
Do'stlaringiz bilan baham: |