ИЛОҲИЙ ҚАРАШЛАРИ. Ўзининг этик таълимотида файласуф инсон ҳаётининг мазмуни ва мақсади ҳақида фикр юритади. Чунончи, ҳаёт, Сенеканинг таърифига кўра, Худо инъомидир. Унинг мазмунини инсон бахт-саодати, мақсадини эса азоб-уқубатлардан қутулиш ташкил этди. Инсон азоб-уқубатлардан сақланмоқ қилмоқ учун фалсафий билимларни ўзлаштирмоғи, донишмандлик сари интилмоғи зарур. Азоб-уқубатлардан холи бўлган, ортиқча эҳтиросларга берилмаган кишинигина донишманд дейдилар.
Бироқ, донишмандлик ҳам нисбийдир. Инсон комилликнинг сўнгги нуқтасига чиқа олмагани боис энг олий донишманд даражасига ҳам эриша олмайди. Унинг комиллиги даражасини аниқлашда файласуф «гуноҳ» тушунчасидан фойдаланади. Сенеканинг фикрига кўра, инсон ибтидодан гуноҳкордир. Бегуноҳ кишининг ўзи бўлмайди, ёлғиз Худогина бегуноҳдир. Шунга қарамасдан, инсон гуноҳларидан фориғ бўлишга интилиб яшамоғи лозим. Бунинг учун унга виждон мададкор бўлди, чунки виждон – эзгуликни ёвузликдан ажрата билиш қобилиятидир.
Сенека таълимоти ўз моҳиятига кўра шаклланиб келаётган христиан фалсафасига яқин эди. Шу боис христиан илоҳиётчилари ва файласуфлари (масалан, Тертуллиан, Иероним ва б.) Сенека ижодига такрор батакрор мурожаат этганлар.
Марк аврелий
ҲАЁТИ. Стоицизм таълимоти шаклланишининг сўнгги босқичи вакили Марк Аврелий 121 йилда Римда туғилган. Унинг ҳаёти хусусидаги маълумотлар ниҳоятда кам. Аврелий 101 йилда Рим империясининг тахтига ўтирди. У ўта меҳнаткаш, талабчан ҳукмдор бўлганига қарамасдан, Римда содир бўлаётган инқирознинг олдини ола олмади. Зиддиятлар ва ташвишларга тўла замон Аврелий дунёқарашида ҳам ўз изини қолдирди: мутафаккир пессимистик кайфият оғушида шаклланди. 180 йилда Римда вабо тарқалди. Шаҳарнинг кўплаб фуқаролари каби император ҳам ушбу даҳшатли касалликнинг қурбони бўлди. Асарлари Марк Аврелий ўлимидан сўнг, унинг қўлёзмалар орасида бутун бошли фалсафий асар топиб олиндики, унда император ўз фикр-мулоҳазалари, кузатишлари, изтироблари ва орзу-умидларини қайд этиб борди. Мазкур асар кейинчалик шартли равишда «Ўзим билан юзма-юз» деб атала бошланди.
ТАЪЛИМОТИ. Марк Аврелий қўлёзмаларида эътироф этилган ғоялар кишини жунбушга келтиради, ўйга толдиради. Бу дунё лаззатлари ва ташвишлари ўткинчидир. Серғалва дунё дарёга, инсон эса унинг комига йўлиққан бир хасга ўхшайди. Хас ҳарчанд уринмасин, дарё юзида бир кўринади-ю, ғойиб бўлади. Ташвишли дунёда иккинчи умр (яъни ўлимдан кейин эслашларини истаб) илинжида яшаш ҳам бемаъниликдан ўзга нарса эмас. Бу дунёда барча нарса муваққат экан, ундан инсоннинг ўрин топиши амри маҳол экан, хотира қолармиди?
Файласуф ушбу руҳий тушкунлик давосини яхлитликдан излайди. Оламдаги барча нарсалар ана шу яхлитликдан таркиб топади ва ўлимидан сўнг унга қайтади. Яхлитлик ва фақат яхлитлик бу ёруғ дунёда инсоннинг маънавий таянчи бўла олади, уни ташвишлардан халос этади. Инсон яхлитлик бағрига қайтганидагина тиним ва таскин топади. Яхлитликнинг таркибий қисми бўлиш учун инсон адолатпарварлик, ҳақиқатгўйлик, оқиллик, шижоатлик каби ахлоқий қадриятларга содиқ бўлмоғи лозим. Ушбу фазилатларга эга инсон Аврелий тасаввурида баркамол инсондир. Тилга олинган фазилатларни ўзида шакллантиришни истаган ҳар бир киши жамият олдига ахлоқий бурчини ўтамоғи шарт. Ахлоқий бурч эзгулик билан ёвузлик, яхшилик билан ёмонликнинг фарқига боришдан бошланади. Табиийки, бунинг учун инсон ўз ақлига мурожаат этмоғи зарур. Ақл – инсонни бошқарувчи ибтидодир. Шу ўринда Аврелий антик фалсафа тарихида илк бор инсон ақлининг мутлоқ мустақиллигини таъкидлаб ўтади.
Ўз мулоҳазалари якунида Аврелий ҳаётини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш керак, табиат билан ҳамоҳанг яшаб, паймона тўлганида ортиқча оҳ-воҳларсиз ҳаётни тарк этмоқ лозим, деган хулосага келади. Марк Аврелий фалсафаси антик замон инқирозининг ифодасидир. Унинг кўз ўнгида эски замон қадриятлари қадрсизланиб, антик руҳ сўна борди. Бу ҳол мутафаккир фалсафасида ҳам ўз ифодасини топди.
Do'stlaringiz bilan baham: |