Иония фалсафаси. Ўлканинг энг мураккаб ва зиддиятли даврида вужудга келди. Аристократия ва демократия ўртасидаги ички кураш билан банд бўлган Иония жамиятига дастлаб Лидия, сўнгра форсларнинг ташқи таҳдиди кучайган эди.
Милоддан аввалги 546 йили Иония шаҳарлари форслар томонидан забт этилганидан сўнг савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик инқирозга юз тутган, тижорат ишлари форсларга ҳомийлик қилиб келган финикияликлар қўлига ўтган эди. Иониянинг Миср билан савдо-иқтисодий алоқалари анча кучсизланган, бу эса охир-оқибатда ионияликларнинг норозилик чиқишларига сабаб бўлган эди. Милоддан аввалги 499 йили бошланган халқ ғалаёнлари эронликлар томонидан шафқатсиз бостирилган. 491 йили аввало Милет таслим бўлди, шаҳар вайрон қилинди, шаҳар аҳолисининг бир қисми қирилди, бир қисми эса, асирликка олинди. Бу юнонлар учун катта фожеа эди. Афиналик Фриних кейинчалик ана шу фожеа ҳақида ўзининг «Милетнинг қўлга олиниши» трагедиясини яратган. Геродотнинг ёзишича, Фриних бу трагедияси билан юнонларга ўз бахтсизлигини эслатгани учун унга минг драхм жарима солинган.
Форслар милоддан аввалги 493 йили Иониянинг энг сўнгги эркпарвар шаҳрини ҳам забт қилганлар. Бу билан Иониянинг гуллаб-яшнашига барҳам берилган. Кейинчалик юнон-форс урушида юнонлар ғалаба қозонган бўлсалар ҳам, Иония илгарига мавқеини тиклай олмади.
Иониялик файласуфлар ана шундай мураккаб даврда ижод қилдилар: жамият бошига тушган кулфат ва бахтсизликдан қутулишнинг оқилона чораси сифатида табиий-илмий билим ва фалсафий тафаккури ривожлантиришга, инқирозга бартараф қилишга, жамият, табиат ва коинотнинг узвий бирлигини фалсафий асослашга алоҳида эътибор бердилар.
Иония фалсафаси учун эмпиризм (тажрибага асосланувчи билим), сенсуализм (оламни ҳиссий билишни мутлақлаштириш), ҳиссий оламнинг конкрет кўринишларига қизиқиш хос эди.
Суқротгача бўлган барча файласуфларнинг диққат марказида коинот турган, унинг моҳиятини билишда қиёслаш усулидан фойдаланганлар.
Иония фалсафаси бир неча мактаблардан иборат бўлиб, улар орасида эрамиздан аввалги VI асрда Фалес асос солган Милет мактаби алоҳида ўрин тутар эди. Бу мактаб ўз атрофига Анаксимандр ва Анаксименни ҳам бирлаштирган эди.
Милет Иониянинг ижтимоий – иқтисодий жиҳатдан анча ривожланган полислардан бири бўлиб, қадимги Шарқ цивилизация марказлари – Бобил Миср билан бевосита алоқадорлиги, савдо сотиқ ва ҳунармандчиликнинг ривожланганлиги илмий билим ва фалсафанинг ҳам равнақ топиши учун пухта замин яратган. Шарқ фалсафасининг илғор анъаналари қадимги Юнон шарқида ҳар томонлама ривожланиш имконига эга бўлган.
Милетлик файласуфлар ўзини онгли равишда ўрганилаётган объектга қарши қўйиш ва тафаккур орқали шу қарама-қаршиликни бартараф этишни илмий билишни дастлабки қадамлари деб ҳисобладилар. Сергакланган онг табиат олдида тўхтади ва коинотдаги хилма-хилликни битта ибтидо орқали ягона бирликка бирлаштиришга интилди. Бу аслида оламни фантастик идрок этишдан қониқмаган инсоннинг олам моҳиятини фалсафий билишга интилиши эди. Илмий ва фалсафий билиш ақл хулосаларига ва мантиққа асосланар эди. Билим хеч қачон тўла ҳақиқатдан бошланмайди, агар ҳақиқат тўлиқ ва мутлоқ бўлганида эди, илмий билишнинг кераги ҳам бўлмас эди. Ҳақиқат тафаккур орқалигина қашшоқлик, мавҳумлик ва бирёқламаликдан тўлиқлик, конкретлик ва кўпёқламалик томон ривожланиб боради ва тобора чуқурлашади.
Милетлик файласуфлар табиатдаги доимий ўзгаришлардаги энг умумий ва ўзгармас асосни топишга интилдилар. Фалес сувни, Анаксимандр ҳавони, Анаксимен апейрон («чексизлик»)ни бирламчи ибтидо сифатида олишлари бежиз эмас эди.