Ташқи функциялар эса халқаро-ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти сифатида иштирок этаётган давлатнинг давлатлараро миқёсдаги вазифаларни ҳал қилиши билан боғлиқдир.
Давлатнинг асосий ички функцияларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
иқтисодий функция;
ижтимоий функция;
сиёсий функция;
ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш функцияси;
тинчликни таъминлаш функцияси;
экологик функция ва бошқа функциялар.
Иқтисодий функция – бу давлат томонидан иқтисодиётни ривожлантириш борасида асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада бошқарувни амалга ошириш ва тартибга солиб туришдан иборатдир. Бундан ташқари, давлат бюджетини шакллантириш, жамиятнинг иқтисодий ривожланиш стратегиясини аниқлаш, турли хил мулк шаклларини тенглик шароитида амал қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш кабилар ҳам давлатнинг иқтисодий соҳадаги функцияси доирасига киради.
Ижтимоий функция – бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий тенгсизликни камайтириш, инсонларга муносиб турмуш тарзини яратиш, таълим соҳаси, соғлиқни сақлаш ва маданиятни ривожлантириш ва бошқалар.
Сиёсий функция – бу давлат (жамият)нинг сиёсий ҳаётини бошқариш, давлат органларини шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этишдан иборат.
Ҳуқуқий тартиботни муҳофаза қилиш функцияси –давлатнинг жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлаш, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кабиларга қаратилган.
Тинчликни таъминлаш функцияси – бу давлат томонидан аҳолининг тинч-тотув яшаши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, турли миллатларни ва ижтимоий гуруҳларни муросаи мадорада сақлаб туриш, уларнинг орасида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этишдан иборат.
Давлатнинг экологик функцияси – унинг жамият талаб ва эҳтиёжларини янада тўлиқроқ таъминлаш ва жамият аъзоларининг яшаш, меҳнат ва дам олиш шароитларини яхшилаш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш вазифаларини ҳал этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни тиклаш ва кўпайтириш борасидаги фаолиятидир. Ички тузилишига кўра, давлатнинг экологик функцияси ўзаро боғлиқ уч йўналишда амалга оширилади: а) атроф табиий муҳит объектларини сақлаш; б) табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
в) табиий ресурсларни тиклаш. Давлатнинг экологик функцияси жамиятнинг иқтисодий ва экологик манфаатларини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиий ресурсларни тиклаш, кўпайтириш, фуқаролар учун қулай табиий атроф муҳитни яратиш мақсадларига қаратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |