Пингвинлар ёки сузувчилар (Impennes) катта туркуми. Пингвинлар катта туркумининг 1 та пингвинсимонлар (Sphenisciformes) туркуми, 1 та пингвинлар оиласи (Spheniscidae) ва 16 та тури бор. Пингвинлар учолмайдиган, лекин яхши суза оладиган ва яхши шўнғийдиган қушлардан ҳисобланади. Уларнинг олдинги оёқлари шакли ўзгариб, куракка айланган. Суяклари ичида ҳаво бўлмайди. Патлари ўзига хос, аптерияси йўқ, пати бутун гавдасини зич ва бир текисда қоплаб туради. Пат ўзаги кенг, елпиғичлари эса қисқа. Пингвинларнинг калтагина кейинги оёқлари сузиш пайтида рул вазифасини бажаради, олдинга қараган учта бармоқларининг орасида сузгич пардаси бор. Қуруқликда гавдасини вертикал ҳолатда тик тутиб юради. Қанот суяклари япалоқлашган, унинг бўғимлари эса кам ҳаракатчан. Елка камари кучли ва тўш суягининг олдинги юзасида яхши ривожланган кўкрак тож суяги бор. Чунки олдинги оёқларининг сувда сузиш ва шўнғишини тож суягига бириккан кўкрак мускуллари ҳаракатга келтиради. Кўкрак мускуллари тана массасининг ¼ қисмини ташкил этади. Калта ва сербар цевкаси тешиклар билан бўлинган учта товон суякларидан ташкил топган. Ёғли илик билан тўлган нопневматик оғир суяклари ва ўзига хос патлари билан бошқа қушлардан фарқ қилади. Патлари сербар, ясси пат танасидан ташкил топган патчалардан иборат. Туллаш даврида эски патларининг ўзи тушиб кетмай, уларни тўла ўсиб етилган янги патлар суриб туширади. Йилига бир марта асосан қуруқликда туллайди, туллаш даври жуда тез (2-3 ҳафта) ўтади. Бу вақтда пингивинлар озиқланмайди. Пингвинлар асосан Антарктида қирғоқларида, Жанубий яримшарнинг қутб минтақасида яшайди. Шимол томонда улар Австралия, Африка ва Жанубий Американинг жанубий қирғоқларига етиб боради. Асосий вакилларига император пингвини (Aptenodytes forsteri), қирол пингвини (A. patagonicus), аделия пингвини (Pygoscelis adeliae), олтин ранг патли пингвин (Eudyptes chrysolophus) ва бошқалар киради.
Африка қирғоқларида кўзойнакли пингвин (Spheniscus demersus) яшайди. Антарктидада эса қирол пингвини учрайди. Унинг бўйи 91-96 см келади. Бу қушлар ҳаётининг кўп қисмини сувда ўтказади, сузгич пардали оёқлари ёрдами билан бемалол сузиб юради ва шўнғий олади. Баъзан, қўрқинчли даврларида қорин қисми билан сирғаниб, оёқларини ва кураксимон қанотларини итариб туради. Муз ва тош устида ҳам юради, бу вақтда фақат оёғи эмас, қаноти ва тумшуғи ҳам иштирок этади. Баъзи турларининг 2 та оёғи оралиғида тери бурмаси бўлиб, бу ерда улар тухумларини олиб юради. Баъзи турларида тери бурма қорин қисмида бўлади. Пингвинлар 1-2 та, баъзан 3 та тухум қўяди. Жўжалари тухумдан қўнғир патлар билан ўралган ҳолда чиқади. Жўжаларининг кўзи очиқ, лекин, ожиз бўлиб, кўп вақтгача уяда қолиб кетади. Пингвинлар озиғини фақат сувдан топади. Балиқлар, қисқичбақасимонлар, баъзилари эса моллюскалар билан озиқланади. Пингвинлар колония бўлиб уя қуради. Колонияда минглаб, баъзан эса юз минглаб пингвинлар бўлади. Уларнинг уясида 1-2 та тухум бўлади ва тухумларини ер коваклари, тош ости, қоя ёриқларига ёки очиқ жойга қўяди. Қирол пингивини ўз уясини муз устига қуради. Тухум босишда эркаги ҳам, урғочиси ҳам иштирок этади, баъзан эркагининг ўзи тухум босади. Эркаги тухум босганда урғочиси 1-3 ҳафта денгизга сузиб кетади ва озиқланиб қайтиб келиб эркаги билан алмашади, яъни урғочиси тухум босади, эркаги эса озиқлангани денгизга сузиб кетади. Пингвинлар моногам, жуфтлари бир неча йилгача ёки умрининг охиригача сақланади. Жўжаларини 3-6 ой боқади. Император пингвини бўйининг баландлиги 110-120 см, оғирлиги 45 кг гача боради. Инкубация даври 2 ой. Қирол пингвинининг бўйи 91-96 см, олтинранг патли пингвиннинг тана узунлиги 65-75 см келади. Пингвинларнинг кичик турлари оғирлиги 1,5-3 кг келади. Адели пингивинлари жуда кенг тарқалган. Улар Антарктида қирғоқларидан бошлаб Жанубий Шотландия, Жанубий Оркней ва Жанубий Сандвич оролларида ҳам учрайди, 2 та тухум қўяди. Инкубация даври бир ойдан ортиқ. Император пингвини қишда тухум босиши билан бошқа пингвинлардан фарқ қилади. Улар уя қурмайди. Пингвинларнинг саноатда аҳамияти йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |