Каптарнинг бош мияси:
1- орқа томони; 2- қорин томони; 3-коринчаси очилган ва миячаси олинган холатдаги кўриниши.1 олдинги миянинг хидлаш кисми; 2- бош миянинг катта ярим шарлари; 3 оралиқ мия; 4- мия усти эпифиз бeзлари; 5-оралиқ миянинг кўриш қисми; кўриш йўли; 7-хиазма; 8- гипофизли воронка; 9- ўрта миянинг кўриш қисми; 10- мияча; 11- миячанинг ён томон бўртмалари; 12- кўриш комиссураси; 13- узунчоқ мия; 14- йўл-йўл тана, 15- монроево тешиги.
Сезги органларидан қушларда эшитиш ва кўриш органлари яхши ривожланган. Эшитиш органлари худди судралиб юрувчиларникига ўхшаб 2 қисмдан, яъни ички ва ўрта қулоқдан иборат. Одатда, қушларда ташқи қулоқ бўлими бўлмайди, лекин, айрим тунги қушлар (бойқушларда ) бошида қулоғи атрофида тери бурамалари бўлиб, ташқи қулоқ бўлимига ўхшаб қолган. Умуман, қушлар жуда яхши эшитади, улар жуда секин товушни ҳам эшитади.
Кўпчилик япалоққушлар ўз ўлжасини қоронғида қулоқ солиб тутади. Ёш қушлар катта қушларни сайрашини эшитиб, уларга тақлид қилиб сайрайди. Кўпгина қушлар хавф-хатарни, биринчи навбатда эшитиш органлари орқали сезади. Охирги йилларда яна шу нарса аниқландики қушлар сайраш ёки бирорта овоз чиқариш орқали бир-бирларига сигнал беришдан ташқари, улар бир-бирлари билан ультратовуш орқали ҳам сигнал беради. Бундай ультратовуш сигналлар кўпгина чумчуқсимонларда, бойқушларда, узунқанот қалдирғочларда борлиги аниқланган. Лочин ва айрим тунги қушларда (узунқанот қалдирғочлар), кундузи ғорларда яшовчи қушларда эхолокация ёрдамида ориентрлана олиши ҳам аниқланган. Бу қушлар ғор ичида қоронғида бемалол бир-бирларига ва бошқа нарсаларга урилиб кетмасдан учиб юради. Қушларнинг кўзи ҳам жуда яхши ривожланган (161-расм). Масалан: сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар ва сутэмизувчилар синфлари орасида айрим турларини кўзи редукцияланган, лекин қушлар орасида бундай турлари йўқ, яъни ҳамма қушларнинг кўзи мавжуд. Қушларда айниқса кўз олмаси жуда катта бўлади, жумладан кўз олмаси тунги қушларда ва баланддан ўз ўлжаларини кўра оладиган қушларда яхши ривожланган. Кўз олмасининг вазни қуш вазнига нисбатан турли қушларда турлича. Масалан: ғозлар кўз олмасининг вазни бутун танасига нисбатан 1/570 га тенг (ғозлар асосан ўт билан озиқланади). Зағизғон (ҳакка) кўз олмасининг вазни бутун тана вазнининг 1/70 ни ташкил қилади (зағизғонлар секин ҳаракат қилувчи ҳашаротларни тутиб ейди). Умуман, қушларнинг кўзида ҳам худди судралиб юрувчиларнинг кўзи сингари 3 та қовоғи бор, яъни юқориги ва пастки кўз қовоқлари, ҳамда пирпиратувчи пардаси бор. Пирпиратувчи парда кўзнинг ички (олд томони) томонига бириккан бўлади. Кўпчилик қушларнинг кўриш доираси жуда кенг, шунинг учун ҳам улар фақат олдиндаги нарсаларни кўрмасдан балки ён томонидаги ва қисман орқа томондаги нарсаларни ҳам кўради. Одатда, кўпчилик қушларнинг кўзи монокуляр бўлади, чунки уларнинг кўзлари бошининг икки ён томонида жойлашган. Ҳар қайси кўзининг кўриш майдони 150° га, бинокуляр кўриш майдони (иккала кўз билан кўриш) эса 30-50° га тенг бўлади. Япалоққушларда кўзлар бошининг олд томонида жойлашади ва улар бинокуляр кўришга мослашган. Бу ҳолат тунда яшашга мосланиши натижасида ҳосил бўлган. Йиртқич қушларнинг кўзлари жуда ўткир, масалан лочинлардан сапсан 1100 метрдан ва турумтой 800 м дан ҳаракатланаётган қушни кўради. Қуш кўзининг характерли хусусияти шундаки, кўз киприкли мускуллари таъсирида кўз гавҳари шаклини ўзгартириш йўли билан аккомодация қилишдан ташқари, кўз гавҳари ҳамда тўр парда орасидаги масофани узайтириш ва қисқартириш йўли билан ҳам аккомодация қилишга мослашган бўлади. Кўз гавҳари билан тўр парда орасидаги масофа склера атрофидаги ҳалқа мускуллар таъсирида ўзгаради. Шундай қилиб, қушларнинг кўзи икки томонлама аккомодацияли бўлади. Қушларда, одатда, ҳид билиш органлари анча суст ривожланган. Фақат айрим қушлардагина ҳид билиш органлари яхши ривожланган. Буларга Янги Зеландия кивиси, лойхўраклар, найбурунлилар, ўрдаклар ва ўлаксахўр йиртқич қушлардан - тасқаралар киради. Қушларнинг таъм билиш органлари оғиз бўшлиғида ва тилининг шилимшиқ пардасида жойлашади. Қушлар асосан овқат таъмининг ширинлиги, шўрлиги ва аччиқлигини сезади. Айириш органлари. Қушларнинг айириш органлари судралиб юрувчиларнинг айириш органларига ўхшаш. Қушларнинг эмбрионларида бир жуфт тана буйрак бўлиб, вояга етган қушларда бир жуфт чаноқ буйраги, яъни метанефрос буйрак бўлади.
Қушларнинг буйраклари учта паллага бўлинган узунчоқ ясси таначадан иборат бўлиб, чаноқнинг устки девори остида жойлашган. Ҳар қайси буйракдан клоаканинг ўрта бўлимига очиладиган сийдик йўли бошланади. Сарғимтир майда жуфт таначалар шаклидаги буйрак усти безлари буйрак олдинги учининг яқинига жойлашган бўлади. Қушлар буйрагининг ҳажми судралиб юрувчиларнинг баъзан эса сутэмизувчиларнинг буйрагидан ҳам катта бўлади. Масалан: чуғурчуқлар (майна) буйрагининг оғирлиги тана оғирлигининг 1,2% ни ташкил қилади. Кераксиз маҳсулотларнинг парчаланиши буйракларда содир бўлади. Уларда ҳосил бўлган сийдик иккита сийдик йўли орқали клоакага ўтиб ундаги чиқиндилар билан бирга ташқарига чиқиб кетади. Қушларда сийдик пуфаги йўқ. Шу сабабли қушларнинг судралиб юрувчилардагига ўхшаш сийдик кислотасидан иборат бўлган бўтқасимон сийдиги организмда тутилиб турмайди. Сийдик кислота оқсил алмашинувининг асосий маҳсули ҳисобланади. Сийдик кислота унча заҳарли бўлмаганлиги туфайли айнан метаболизмнинг шу маҳсулоти тухум системасида узоқ муддат сақланиши мумкин. Шундай қилиб, қушлар, балиқлар, амфибиялар ва сутэмизувчилардаги сингари ёпиқ системасида мочевина эмас, балки сийдик кислота ҳосил қилувчи алмашиниш типига эга. Сийдик орқали қушлардан кўп сув чиқиб кетмайди, балки клоакага тушган сийдикнинг бир қисми яна қайтадан организмга сўрилади. Кўпгина қушлар, жумладан, йиртқич қушлар ва айрим чумчуқсимонлар умуман сув ичмайди. Кўпайиш органлари. Қушлар айрим жинсли. Эркакларида ловиясимон бир жуфт уруғдон ва урғочиларининг кўпгина турларида фақат битта чап тухумдон бўлади (162-расм, А,Б). Иккинчи-ўнг тухумдони айрим пайтларда фақат кундузги йиртқич қушларда, яполоққушларда, гагаларда, тўтиқушларда ва товуқсимонларда бўлади. Уруғдонлардан уруғ йўли кетиб клоакага очилади. Айрим қуш турларида уруғ йўллари клоакага тушиш олдидан кенгайиб, уруғ халтасини ҳосил қилади (уруғ халтасида ортиқча уруғлар сақланади). Қушларнинг айрим турларидагина копулятив органи бўлади. Масалан: туяқушларда, тинамуларда ва ғозсимонларда клоакаси деворининг бир қисми бўртиб чиқиб, тоқ копулятив органини ҳосил қилади. Қарқара (қўтон), лайлак, фламинго ва тувалоқларнинг копулятив органлари рудимент ҳолида бўлади. Кўпгина қушларда қўшилиш органлари йўқ бўлиб, бунда эркак ва урғочи қушлар клоакаларини бир-бирларига яқинлаштириб, эркаги клоакаси орқали урғочиси клоакасига спермасини юборади ва оталаниш ички бўлади. Тухумдон донадор бўлиб, чап буйраги олдида жойлашган. Кўпайиш даврида тухумдон узум шингилини эслатади. Шингилдаги ҳар бир ғужум ичида тухум ҳужайраси бўлган юпқа қобиқли пуфакчадир. Пуфакча етила бориб, унда озиқ моддалар тўпланади ва бўлажак тухумнинг сариқлигига айланади. Тухум ҳужайра тухумдондан тухум йўлига тушади. Тухум йўли узун найсимон бўлиб, пастки томони клоакага, юқори томони эса воронка шаклида бўлиб тана бўшлиғига очилади. Етилган тухум тана бўшлиғидан тухум йўли воронкасига ўтади ва тухум йўли бўйлаб пастга туша бошлайди. Умуман, қушларнинг тухум йўли бир неча бўлимдан иборат. Тухум йўлининг фаллопий найи деб аталадиган энг узун устки бўлимининг ички томони талайгина оқсил безлар ва бурмалар билан қопланган. Унинг кенгроқ, лекин девори бир қадар юпқароқ бўладиган кейинги бўлими бачадон дейилади. Бачадон ўз навбатида, тор қинга айланади, қин эса клоакага очилади. Кўпгина қушларда ўнг тухумдон билан тухум йўли, одатда, муртак ҳолда бўлади. Урғочи қушларда ўнг тухумдон ва тухум йўлининг редукцияланишига уларнинг йирик тухум қўйиши ва тухумнинг тухум йўлида 1-2 суткагача туриб қолиши сабаб бўлса керак. Умуман, товуқларнинг тухуми тухум йўлидан бир суткада клоакага тушади, каптарларда эса 41 соатгача боради. Тухум тухум йўлида уруғланади. Тухум, асосан усти юпқа парда билан қопланган сариқликдир. Сариқликнинг юқорига қараган томонида эмбрион диски жойлашган. У очиқ рангли доғлар кўринишида бўлади. Бу доғлар уруғланган тухум ядросининг бўлиниши ва цитоплазманинг актив қисмидан ҳосил бўлган ҳужайралардан тузилган. Сариқлик қобиғига қуюқ оқсилдан иборат ипчалар бириккан бўлади. Шунинг учун ҳам сариқлик тухум ўртасида ипчаларга осилиб тургандек кўринади. Сариқлик эмбрионнинг ривожланиши учун зарур бўлган кўп миқдордаги озиқ моддалар ва сувдан ташкил топган. Масалан: товуқ тухуми сариқлигининг таркибида 50% сув, 23% ёғ, 16% протеинлар, 11% липоцидлар бор; ғоз тухуми сариқлигида эса 44% сув, 36% ёғ, 17 % протеинлар ва 3% бошқа моддалар бор. Сариқлик тухум йўлининг юқориги қисми - фаллопий найи бўйлаб пастга ҳаракат қилганда оқсил билан ўралади, бачадондан ўтаётганда эса оқсил ташқи томондан 2 қават юпқа парда билан ўралади, тухумнинг пойнак томонида 2 та парда бир-биридан узоқлашиб орасида ҳаво камераси ҳосил бўлади. Ҳаво камераси ҳарорат таъсирида, тухум ҳажми ўзгарганда заҳира ҳаво сақлайди. Сариқлик атрофидаги оқсил асосан тухумни (сариқликни) механик шикастланишлардан ва кескин силкинишлардан сақлайди ҳамда эмбрионнинг ривожланиши учун зарур бўлган сув манбаи ҳисобланади. Товуқ тухуми оқсили таркибида 87% сув, 12% протеинлар ва 1% бошқа моддалар бор. Шуни айтиш керакки, тухум пўчоғи бачадон безларидан чиққан пайтда чўзилувчан суюқ масса шаклида бўлади ва бу масса тез қотади. Қушларнинг тухуми (сариқлик) оқсил билан қоплана бошлашдан олдин фаллопий найининг бош қисмида уруғланади. Агар тухум уруғланмаса у палағда бўлади ва бундай тухумлар ривожланмайди. Сариқликнинг устидаги оқсил қатламидан тухумнинг иккала қутбига узун-узун бурама оқсил иплар - халазалар чиқади ва тухум пўчоғининг ички пардасига бирикади, натижада, сариқлик тухумнинг энг марказида муаллақ ҳолда туради. Кўп қушларнинг тухуми ташқарига чиқиш олдидан тухум йўлида бўёвчи моддалар билан бўялиб қолади. Дарахт ковакларида ёки бошқа пана жойларда уя қурадиган қушлар
297
нинг тухуми, одатда, бир хил рангда - оқ ёки ҳаво ранг бўлади. Очиқда уя қурадиган қушларнинг тухуми ҳимоя рангига эга бўлган ҳар хил холлар бўлади. Қушлар биттадан тухум қўяди. Ташқи томондан тухум майда тешикчалари бўлган оҳакли қобиқ (пўчоқ) билан қопланган (163-расм). Тухумнинг тўмтоқ, яъни пойнак томонида кўп миқдорда тешиклар бўлади. Бу тешиклар орқали ривожланаётган эмбрион билан ташқи муҳит ўртасида газ алмашинуви содир бўлади. Товуқ тухуми пўчоғидаги тешиклар сони 7 мингтагача боради. Тухум пўчоғининг 89-97% ни оҳакли модда ташкил этади, оз миқдорда магний карбонат ва 3-5% ни органик бирикмалар ташкил этади. Тухум пўчоғи тухумни ҳар хил механик шикастланишлардан ҳимоя қилади, газ алмашинувида муҳим аҳамиятга эга, яъни тухумни қуриб қолишдан сақлайди ва ниҳоят эмбрион ривожланаётганда тухум пўчоғи қисман скелетни ҳосил қилиш учун сарфланади. Пўчоқ ташқи томондан тухумга ҳар хил микроблар кирмаслиги учун юпқа парда билан ўралган бўлади. Шунинг учун жўжа очишга қўйиладиган тухумларни ювмаслик керак, акс ҳолда тухум пўчоғи устидаги пардаси шикастланади ва эмбрион ҳар хил микроблар билан касалланиши мумкин. Қушлар эмбрионининг ривожланиши тухум йўлида бошланади. Қушлар тухум қўйганларидан кейин уни босиб ётади, натижада эмбрион тез ўсади ва унда муҳим ўзгаришлар рўй беради. Қуш эмбриони бошланғич ривожланиш даврида вояга етган қушга мутлақо ўхшамайди, яъни эмбрионнинг боши жуда катта, тумшуғи кичик думбоқча шаклида, оғзи бошининг олдинги чеккасида кўндаланг жойлашган бўлади. Бўйнида бир неча жуфт жабра ёриқлари кўриниб туради. Эмбрион ривожланишининг дастлабки даврида қушнинг дум умуртқалари узун бўлиб, олдинги оёқлари шакли жиҳатдан орқа оёқларидан фарқ қилмайди. Бундай хусусиятларни калтакесаклар, тимсоҳлар ва тошбақаларнинг эмбрионларида ҳам кўриш мумкин. Бу эса қушлар билан судралиб юрувчиларнинг бирбирларига яқин қариндош эканлигидан далолат беради. Эмбрионнинг кейинги ривожланишида у борган сари қушга ўхшай бошлайди, яъни уларда пар бошланғичлари пайдо бўлади, кейин тумшуғи катталашади, думининг ўсиши секинлашади. Тухумдан чиқишидан олдин қуш боласи ҳаво камерасининг иккинчи қобиғини тумшуғи билан тешиб, биринчи марта ўпка билан нафас ола бошлайди. Бу вақтда тухум ичида унинг чийиллаши эшитилади. Эмбрионнинг ривожланиш даврида пўчоқ таркибидаги оҳак қисман скелетининг қурилишига сарф бўлади. Тухумнинг ичида тузларнинг миқдори 4-5 марта ошади, тухум пўчоғи эса юпқа бўлиб қолади ва жўжаларни пўчоқни ёриб чиқиши енгиллашади. Кейин тухум ичидаги жўжалар тумшуғининг мугузли учи билан тухум пўчоғини тешиб, маълум вақтдан кейин ташқарига чиқади. Умуман, қушларнинг тухумида эмбрион маълум ҳароратда, яъни +38 +390С да ва маълум шароитда ривожланади. Бу шароитни, албатта, қушлар тухумни босиб ётганда муҳайё қилади. Қушлар тухумни босгандан кейин, уларнинг эмбрионида қон айланиш ва нерв системалари, кўриш органлари, бошланғич ичакнинг бир қисми пайдо бўла бошлайди. Масалан: чумчуқлар ва бошқа майда қушларда тухумдан эмбрионнинг чиқиш даври 1214 кунга, каптарларда 15-18 кунга, товуқларда 21 кунга, оққушларда ва йирик
йиртқич қушларда 1,5 ой атрофида ва туяқушларда 40-70 кунга тўғри келади. Каптар, чумчуқ, қорашақшақ, йиртқич қушлар, қарға, кизилиштон, тўтиқушлар, ҳамма сайроқи қушлар ҳамда пингвинларнинг жўжалари тухумдан заиф, кўзи юмуқ, усти яланғоч ёки усти сал-пал момиқ билан қопланган ҳолда чиқади. Бу қушларнинг жўжалари оёғида тура олмайди ва узоқ вақтгача уясидан чиқиб кетмайди. Ота-оналари уларга ҳар хил ҳашаротларни олиб келиб озиқлантиради ва душмандан ҳимоя қилади. Каптарлар ўз болаларини дастлабки кунлари махсус сут билан боқади. Улар бу сутни жиғилдондан ишлаб чиқаради. Жўжалари учадиган бўлгандан кейингина бу қушлар боқишни тўхтатади. Тухумдан бундай заиф бола очадиган қушларга жиш бола очувчи қушлар дейилади. Товуқ, қур, булдуруқ, ўрдак, ғоз, оққуш, қирғовул, бедана ва турналарнинг тухумларидан кўзи очиқ, усти пар билан қопланган жўжалари чиқади. Улар бир неча соатдан кейин ёки тухумдан чиққандан бир кун ўтгач уясидан ташқарига чиқиши ва ҳатто онаси кетидан юриб мустақил озиқланиши мумкин. Бундай қушларга жўжа очувчи қушлар дейилади. Бундай жўжалар мустақиллигига қарамай, ҳаётининг дастлабки кунларида барибир исинишга эҳтиёж сезади ва кўпинча онасининг қанотлари остига яширинади, чунки жўжаларнинг тана ҳарорати бирданига доимий бўлиб қолмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |