МАВЗУ: ҚУШЛАР– AVES СИНФИ. ҚУШЛАР СИНФИГА ХОС УМУМИЙ ХУСУСИЯТЛАР. ҚУШЛАР СИСТЕМАТИКАСИ ВА КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Режа:
Қушлар синфига хос умумий хусусиятлар.
Ташқи тузилиши. Тери қоплами ва тери ҳосилалари.
Скелети ва мускуллари.
Овқат ҳазм қилиш, нафас олиш ва қон айланиш тизимлари.
Нерв тизими ва сезги аъзолари.
Айирув ва жинсий аъзолари.
Қушлар-Aves синфининг систематикаси
Қушларнинг келиб чиқиши
Қушлар синфига умумий тавсиф.
Қушларнинг ташқи муҳит билан бўладиган мураккаб муносабатларини таъминлашга хизмат қилувчи ва уларни судралиб юрувчилардан ажратиб турувчи морфологик ва физиологик белгилари қуйидагилардан иборат:
1.Танаси пат ва пар билан қопланган;
2. Нeрв систeмаси ва хатти-ҳаракатлари мураккаб;
3. Гомойотерм ва тана ҳарорати юқори;
Олдинги оёқлари қанотга айланганлиги сабабли учиш қобилиятига эга;
5. Модда алмашинуви жадал;
6. Тухум қўйиб кўпаяди;
7. Танасида безлар ривожланмаган (қуймич безидан ташқари);
8. Жағлар ўрнига тумшуқ шаклланган ва тишлар йўқ;
9. Скелети ўзига хос (суяклари пневматик, қовурғалари ўсимтали, тос суяги очиқ типда, илик суяги, кўкрак тожи суяги);
10. Юраги тўрт камерали, қон айланиш тизими такомиллашган;
11. Нафас олишда ўпкадан ташқари ҳаво халтачаларининг ҳам иштирок этади.
Бундан ташқари қушлардаги бошқа морфо-физиологик хусусиятлар ҳам уларнинг мукаммаллашувига сабаб бўлган.
Қушларнинг танаси зич ва асосан юмалоқ шаклда бўлади. Боши унчалик катта эмас, бўйни узун ва ҳаракатчан. Олдинги оёқлари, яъни қанотлари тинч турганда танаси ёнига йиғилган бўлади. Қушларнинг пат ва парлари гавдасига суйри шаклини беради. Каптарлар, япалоққушлар, лочинсимонлар ва тўтиқушларнинг устки тумшуғи асосида восковицаси бор, бу юмшоқ тери бўлиб, тумшуқнинг устига бўртиб чиқиб туради. Қушлар анатомик тузилиши жиҳатидан ўзларининг бевосита аждодларига, яъни судралиб юрувчиларга жуда яқин туради. Қушларнинг териси судралиб юрувчиларники сингари қуруқ, деярли тери безлари бўлмайди. Қушларнинг оёқлари тангачали тери билан қопланган. Уларнинг пати ва пари судралиб юрувчиларнинг тангачаси сингари шохсимон моддадан тузилган. Судралиб юрувчилар сингари қушларда ҳам ичак, сийдик йўли ва кўпайиш органлари тешиклари клоакага очилади. Айниқса, уларнинг эмбрионлари ўртасида жуда кўп ўхшашликлар бор. Қушларнинг асосий прогрессив белгиларига уларнинг кўрув ва эшитув органларининг яхши таракқий этганлиги, бош миясининг мураккаб ривожланганлиги, гавда ҳароратининг доимий юқори бўлиб туриши (гомойотермик) организмнинг бутун ҳаёт фаолиятини кучайтиради ва қушларни муҳитга, жумладан, атрофдаги ҳароратга камроқ боғлиқ қилиб қўяди. Қушларнинг юраги тўрт камерали бўлиши, ҳавода осон ҳаракатланишни таъмин этадиган ва дифференциялланган мураккаб пат қопламининг юзага келганлиги ҳавода учиш учун ёрдам қилиб, қушларнинг тарқалиши ва озиқ топишига кенг имкониятлар очиб берган мураккаб мосламалар комплекси борлигидир. Қушларнинг ҳажми ва массаси ҳам турлича. Масалан: Янги Гвинея Казуарларининг оғирлиги 50-70 кг гача боради, Африка туяқушининг бўйи 2,5-3 м ва оғирлиги 90-100 кг гача етади. Учиб юрувчи қушлардан альбатрослар қанотини ёйганда кенглиги 3,6 м гача, тасқараники 3,25 м гача ва сақоқушларники 3,1 м гача боради. Учиб юрувчи қушлар орасида энг йириги оққуш ҳисобланади. Унинг массаси 22 кг гача етади. Энг кичик ва енгил қуш колибрилар бўлиб, уларнинг ҳажми қовоқарилардай ва оғирлиги 1,7-2 г келади. Кўпчилик колибриларнинг оғирлиги 3-8 г атрофида бўлади. Қушларнинг олдинги оёқлари шаклан ўзгариб, қанотга айланган. Аорта ёйи битта бўлиб, ўнг томонга бурилган. Бош мия яримшарлари туби олдинги мия, ўрта мия ва мияча ҳисобига прогрессив тараққий этган. Қушларнинг ташқи ва ички тузилиши каптар мисолида ўрганилади.
Каптарнинг гавдаси ҳам бошқа қушларникига ўхшаб пат ва парлар билан қопланган. Танаси тухумсимон шаклда, боши кичкина ва юмалоқ. Бошининг олдинги томонида тумшуғи бор, тумшуғи икки қисмдан, яъни юқоригиси - тумшуқ усти ва пасткиси - тумшуқ остидан иборат. Тумшуғи шох парда билан қопланган суяк жағларидан тузилган. Ҳозирги яшаб турган қушларда тишлари бўлмайди. Бу эса уларнинг учиши учун катта аҳамиятга эга бўлган тана массасини енгиллаштиради. Қушлар тумшуғи ёрдамида озиқ йиғади, кўпчилиги озиқни тумшуғи билан майдалайди, уя қуради, душманлардан ўзларини ҳимоя қилади. Умуман қушлар тумшуғининг катталиги ва шакли озиқ турига қараб турли қушларда ҳар хил бўлади.
Тумшуғи асосида бурун тешиклари жойлашган. Бошининг икки ёнида йирик кўзлари бўлиб, уларда устки ва пастки қовоқлардан ташқари юмгич пардалари ҳам бор. Кўзларидан орқароқда бирмунча пастда патлари орасида қулоқ тешиклари жойлашган. Айрим қушлар (қирғовул, қур)нинг бошида гўштдор ҳосилалари- тароқ ва ҳалқалар бўлади. Умуман, қушларнинг гавдаси (каптар, қарға, чумчуқ) нисбатан кичик боши, узун ҳаракатчан бўйни, тухумсимон танаси ҳамда бир жуфтдан оёқ ва қанотлардан иборат. Ҳавода улар бошини олдинга чиқариб, оёқларини танасига тортиб ёки орқага узатиб учади. Бунда уларнинг танаси ҳаво қаршилигига камроқ учрайдиган шаклга келади. Қушларнинг думи кичрайиб, гўштдор кичкина дўмбоққа айланган, бу дўмбоқда елпиғичдек ёзила оладиган узун-узун сербар патлар бўлади. Ўзгариб, қанотга айланган олдинги оёқлари лотинча «Z» ҳарфи шаклида бўлади, яъни бу оёқларининг учта асосий бўлими бир-бирига нисбатан бирор бурчак остида туради ва шунга кўра бутунлай ёзила олмайди. Тери қоплами. Қушларнинг териси юпқа ва қуруқ бўлиб, унда ҳеч қандай суяк тузилмалари йўқлиги, патлардан ташкил топган шох қоплағичининг борлиги ва безларнинг бўлмаслиги билан характерланади.
Қушларнинг тeриси юпқа, эпидeрмис яхши ривожланмаган, суяк ҳосилари йўқ. Қушлар тeрисида ягона қуймич бези бўлиб, у сувда сузувчи қушларда яхши ривожланган, кўкрак тожсизлар, айрим тувалоқлар, каптарлар ва тўтиларда бўлмайди. Қушлар қуймич бeзининг ёғли сeкрeти билан парларини ёғлайди. Илгари бу ҳодиса парларни намланишдан сақлашга қаратилган ҳатти-ҳаракат сифатида баҳоланган. Ҳозирги маълумотларга кўра, парларнинг намланмаслиги биринчи навбатда уларнинг микроструктурасига боғлиқ, қуймич бeзининг ёғли сeкрeти парларнинг қайишқоқлигини таъминлайди ва бу секрет ўзида провитамин D (эргостерол) ни сақлайди. Қуёш таъсирида провитамин D витамин D га айланади ва уни қушлар парларини тузатиш (тартибга солиш) ва тозалаш вақтида қайта ютади.
Қушлар танаси ташқи томондан шох ортиқлари-патлар, патпарлар, ҳақиқий парлар, ипсимон патлар ва қилчалар билан қопланган. Контур патлар. Вояга етган қушнинг устини қоплаб турадиган патларнинг кўп қисмини контур патлар ташкил этади. Бу патлар жойлашишига қараб турли номлари бор, яъни дум усти патлари, қулоқ қоплағич патлари ва ҳоказо. Қушларнинг дум пати ёки қоқувчи қанот патларидан бир донасини юлиб олиб, тузилиши билан танишиладиган бўлса, типик пат эгилувчан ўқ ва бирмунча юмшоқ ён пластинка - ташқи ҳамда ички елпиғичлардан иборатлигини кўриш мумкин. Пат ўқининг устки узун қисми тана, елпиғичсиз пастки қисми эса қалам учи дейилади, қалам учининг тубида тешиги бор. Қоқув патларининг ички елпиғичлари ташқи елпиғичларига нисбатан сербар бўлади. Қанот ёйилганда ташқи елпиғич юқори томондан ёнидаги қоқув пати ички елпиғичининг фақат бир чеккасини қоплаб туради. Пат танасининг ички қисми ғовак ўзак билан тўлган бўлса, қалам учининг бўшлиғида бир-бирига кириб турган нозик шох қалпоқчалар бор. Пат елпиғичининг ҳар бири талайгина узунчоқ уч қиррали пластинкалар - биринчи тартибдаги толачалардан ҳосил бўлган. Бу толачаларга ундан ҳам майда иккинчи тартибдаги толачалар ўрнашган. Ҳар қайси иккинчи тартибдаги толача учида микроскопик илмоқчалар бўлади. Бу илмоқчалар иккинчи тартибдаги бошқа толачалар илмоғига илашиб олади. Елпиғичлари бўлган катта йирик патларни контур патлар дейилиб, вояга етган қуш гавда шаклини шу контур патлар белгилайди. Улардан айрим гуруҳлари махсус номланган, масалан: дум усти патлари, қулоқ қоплағич патлари, қанот усти қоплағич патлари. Қанот четидан чиққан катта патлар қоқув патлари деб аталади. Қоқув патлари уч турли бўлади: панжаларда бўладиган биринчи тартибдаги қоқув патлари ёки катта қоқув патлари, билакка бирикадиган иккинчи тартибдаги қоқув патлари ёки кичик қоқув патлари ва елка суягига бириккан учинчи тартибдаги қоқув патлари.
-расм. Парларнинг типлари: 1-рул (дум) пари, 2-қоқувчи пар, 3-қопловчи пар, 4-ипсимон пар, 5- чўткасимон пар, 6- патли пар.
.
3-расм. Парларнинг типлари. А,Б,В–контур (қопловчи) парлар; Г–патли пар; Д–пат; Е–ипсимон пат; Ж–дағал тук: 1–ўзак, 2–ташқи елпиғич, 3–ички елпиғич, 4–елпиғичнинг патли қисми, 5–қўшимча ўзак, 6–қалам учи.
Do'stlaringiz bilan baham: |