3.7-расм. Черепица турлари. а-ўйиқли қолипланган; б-ўйиқли тасмасимон; в-тасмасимон ясси; г-конькисимон
Оқава ва дренаж қувурлари. Оқава қувурлари оловбардош ёки қийин суюқланадиган гиллардан тайёрланади. Қувурлар бирикадиган жойлари билан бирга прессларда қолипланади. Қуритилгандан кейин қувурларнинг ташқи ва ички юзалари сирланади ва пиширилади.
Юпқа сир қатлам қувурларнинг сув ўтказмаслиги ва кислоталар ҳамда ишқорлар таъсирига чидамли бўлишини таъминлайди. Оқава қувурларининг ички диаметри 150-600 ва узунлиги 800-1200 мм га тенг. Сопол қувурлар кимёвий жихатдан жуда барқарор бўлиб, таркибида ишқор ва кислоталари бўлган саноат корхоналари сувларини чиқариб юбориш учун кенг фойдаланилади.
Дренаж қувурлари силлиқ юзали ва сув ўтказувчанлигини оширувчи икки томонида очиқ ариқча ёки кесиклари бўлган сирланмаган сопол буюмдир. Унинг узунлиги 500 мм гача, ички диаметри эса 25-250 мм га тенг бўлади. Қувурлар тўғри цилиндрик шаклга эга, ички юзаси силлиқ механик жиҳатдан етарли мустаҳкам бўлиши керак. Улар осон суюқланадиган гил ва қумоқ тупроқлардан ясалади. Дренаж қувурларидан ботқоқланган ерларнинг сувини қуритиш учун, шунингдек, ер ости сувлари сатхини пасайтириш учун фойдаланилади.
Кислотабардош буюмлар. Бундай буюмлар одатдаги сопол буюмлардан фарқ қилади, улар зич, шунингдек, механик жиҳатдан мустаҳкам, иссиққа чидамли сопол қатламлидир. Улар кислота ва ишқорларнинг узоқ давом этадиган таъсирига турғунлиги билан ажралиб туради. Сопол буюмларнинг бу гуруҳига кислотабардош ғишт, иссиққа ва кислотага чидамли плита ҳамда қувурлар киради.
Кислотага чидамли ғишт 230х113х65 мм ўлчамли тўғри бурчакли параллепипед ва понасимон кўринишда тайёрланади. Улар кимёвий ускуналарнинг пойдеворларини териш, ускуналар ичига ва газ йўлларини қоплаш, кимик ва целлюлоза-қоғоз саноати корхоналарининг пол ва тарновларига ётқизиш учун ишлатилади.
Иссиқлик-кислотага чидамли плиткалар квадрат, тўғри бурчакли ва понасимон бўлиши мумкин, томонларининг ўлчами 50 дан 200 мм гача қалинлиги 10 дан 50 мм гача бўлади. Кислотага чидамли плиткалар, ускуналар, газ йўллари ва тарновлар ички юзасини қоплаш, зарарли мўҳитли цехларда пол материали сифатида, иссиқлик ва кислотага чидамли плиткалар эса, бундан ташқари, пишириш қозонларининг ички юзаларини қоплаш учун ишлатилади.
Кислотага чидамли қувурлар қовушган зич қатламга эга бўлиб, уларнинг ташқи ва ички томонлари кислотага чидамли сир билан қопланади. Улар асосан кимиё саноати корхоналарида ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |