www.ziyouz.com kutubxonasi
257
Асадбекнинг юрагида эса буларнинг барчаси мужассам: илон уйғонса, шер ҳамлага интилади.
Уларни жиловлаш учун Асадбекдан қанчалар куч талаб этилаётганини ўтирганларнинг ҳеч
бири хис этолмасди.
Асадбекнинг бахтига меҳмонлар узоқ ўтиришмади. Хонгирей ўрнидан туриб «соғ бўл», деб қўл
узатди. Унинг бу тилаги Асадбекнинг қулоғига «йўқ бўл» каби эшитилиб, вужудига титроқ
югурди.
Кесакполвон «сизлар ўтираверинглар, ўзим кузатаман», деб меҳмонларни бошлаб кетди.
Асадбек орқасига ўгирилаётган Жамшид билан кўз уриштириб олишга улгурди. Бир ҳафта
бўлдимикин, Жамшид дараксиз эди. Булар билан бошлашиб кириб келишидан Асадбек бир
бало бошланаётганини сезди.
Муҳиддин ота меҳмонларнинг ташрифи мезбонга ёқмаганини сезди. Бош эгганича сукутга
берилган Асадбекни турли хаёллар оқимидан тортиш мақсадида сўз қотди:
— Ҳайдар ошнангиз кўп ичаркан, чамаси, а?
— Кўп эмас, тинмай ичади, у ҳароми, — деди Жалил. — Ўтган йили рамазондан олдин «балиқ
еб, халқумни тозалаяпман», девди. «Сен Қора денгизнинг барча балиқларини пишириб есанг
ҳам ҳалқуминг тоза бўлмайди», дедим.
— Ҳай-ҳай бўтам, бандани бундай ҳақоратламанг.
— Мен уни ҳақоратламадим. Сиз унинг қилиқларини билмайсиз. Агар Абу Жахл тирилиб келиб
шу калтакессакка рўпара бўлса, «оламда мендан ўтадиганлар ҳам бор экан-ку», деб кўнгли
анча таскин топарди.
Муҳиддин ота «ҳай-ҳай, астағфируллоҳ», деб Асадбекка қараб олди. Жалил бир куни
Кесакполвон билан жиғиллаша туриб «сенлар кўп қон тўккансанлар», деганида унинг
тиржайганча «қон ёруғлик, акахон», деб жавоб берганини ҳам айтмоқчи бўлди-ю, ошнасига
гап ёқмаётганини билиб, индамади.
Асадбек Жалил билан Муҳиддин отанинг гапларига беъетибор эди. Агар хаёли жойида
бўлганида «Абу Жахл деганинг ким?» деб сўрар, Жалил эса чала илмини жамлаб,
мусулмонларга, хусусан Оллоҳнинг расулига қилинган ёмонликлардан гапириб берармиди...
Улар шом яқинлашганини баҳона қилиб ўринларидан туришди.
— Шомни мачитда ўқиб, ўшанақаси уйимга кетаман. Менда гапинг йўқми? — деб сўради
Жалил.
— Самад олиб бориб қўяди, — деди Асадбек.
Жалил одатига кўра «автобусда кетавераман, онам мени машинада туғмаганлар», демоққа
оғиз жуфтлади-ю, мавриди эмаслигини фаҳмлаб, «Раҳмат, ошна», деб қўйди.
Асадбек Жамшидни шу кеча келиб қолар, деб кутди. Лекин ундан дарак бўлмади. Эртасига ҳам
келмади. Тунларни бедор ўтказиб, вужудининг қақшаб оғришидан хориган Асадбек тонгга яқин
мизғиб оларди. Хонгирейнинг ташрифидан сўнг бу ҳам йўққа чиқди. Бу сафар субҳи козибда
ҳам, субҳи содиқда ҳам Асадбек бедор эди. Тонг отди, аммо унинг вужудидаги зулматга нур
ораламади.
Пешинга яқин Жамшид келди. Асадбек майдалаб сўраб-суриштирмаса ҳам, бир ҳафтага яқин
нима учун кўринмаганини тушунтириб берди. Гапни Хонгирейнинг атайин фотиҳа ўқиш учун
келмаганидан бошлади.
2
«Полковникнинг юраги касал экан, ўлди», деб Хонгирей навбатдаги ёлғонини ишлатган эди.
Полковникнинг ўлиши ёки тирик қолиши ўзи учун аҳамиятсиз бўлгани сабабли Маматбей бу
гапнинг чин ёки ёлғонлигини суриштириб кўрмаган ҳам эди. Хонгирейни кутиб олгани
чиққанида ёнида полковникни кўриб, «ие, ўлган эди-ку?» деб ажабланмади ҳам. Кесакполвон
«Хонгирей аввал фотиҳа ўқигани борар», деган мақсадда «ошнасининг ғоятда қайғуда
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |