www.ziyouz.com kutubxonasi
253
сўрагач, турмада қон олган ҳамширанинг ким эканини аниқлагани, лекин унинг изсиз
йўқолганини айтишга мажбур бўлди. Шунинг ўзиёқ Асадбекдаги гумоннинг тўла ҳақиқатга
айланиши учун кифоя бўлди. Оловни олов билан ўчириш мумкин эмаслигини Илико рад этмас
эди, аммо қонни қон билан ювиш мумкинмаслигини тан олишни истамасди. Шунга қарамай, у
қасос ўтида ёнаётган Асадбекни тўхтатишни хоҳларди. Асадбекка бу он насиҳат кор
қилмаслигини билиб бемаслаҳат бир иш бошламай туришни сўради.
Абдулҳамиднинг жанозаси куни ёмғир бир майдалаб ўтганича ҳаво очилиб кетди. Шундан сўнг
осмон булутдан ҳоли бўлди.
Кундузлари қуёш порларди.
Лекин Асадбекнинг хонадони зулмат ичра қолаверарди.
Кечалари Асадбек ҳовлиси устидан сузиб ўтувчи Ой чеҳрасида мотам, юлдузлар кўзларида эса
алам зоҳир эди.
Одам тафтини одам олишини Асадбек кундузлари ҳис этарди. Тун кирди, дегунча унинг
иситмаси кўтарилиб, алахсирай бошларди. Манзурага фарзанд доғи азоби камлик қилиб,
эрининг тунги талвасалари минг ғамига яна ғам қўшарди. Манзура қайнонасининг ҳажри
қаробатга чидолмай ақлдан озганини эшитган эди. Эрининг кеч кириши билан ўзгариши уни
ташвишга солиб, Жалилга айтди. Жалилнинг кўнглидан ҳам «онасига ўхшаб жинни бўлса-я?»
деган ташвиш ўтса-да, сир бой бермай «ташвишланма, бу ўткинчи нарса», деб қўйди.
Дўстининг ёнида ётиб қолишини айтганида Муҳиддин ота «бўтам баттар қийналадилар», деб
шаштидан қайтарди. Ўзи эса Асадбекнинг қоровул бўлиш ҳақидаги таклифини қабул қилган
бўлиб, масжидга кўчиб чиқди.
Асадбек ўзига ҳам хайрихоҳлик, ҳам ташвиш билан тикилаётган кўзларни ҳис этиб турарди.
Аммо тунги талвасадан қутулишга ўзида куч тополмасди. Қоронғу тушиши ҳамон қорасоч кеча
кокиллари билан уни бўға бошларди. Уйга кирди, дегунича бурчакда кўзойнакли илон лунжини
шишириб тургандек бўлаверарди. Сукунатдан паноҳ топиш умидидаги Асадбекни шарпалар
таъқиб этар, кимдир унинг орқа томонига келиб олиб, «ух» тортаверарди. Аввалига
«онамлармикин», деб ўйлади. Кейин боланинг товуши келди.
— Самандар! — деб чақириб, орқасига ўгирилди: ҳеч ким йўқ...
Яна хўрсинди. Яна бола...
Ким бу? Абдулҳамидми? Юраги потраётган Асадбек яна ўгирилди: ҳеч ким йўқ...
Сўнг... кўзойнакли илон ўрнида отасини кўриб, у томон юрди. «Адажон!» деб қучоқлади.
— Менман, тойчоқ, мен келдим, — деди отаси.
— Адажон, сиздан тупроқ иси келяпти.
— Нега ажабланасан? Ахир мен қабрдан чиқиб кел-япман-ку?
— Ада, сиз менга ёғоч чана ясаб қўювдингиз, боламни олиб кетдингиз...
— Болангни олиб кетувчи мен эмасман... — Отаси шундай деб стол устидаги неъматлардан ея
бошлади.
— Қорнингиз очдими, ада?
— Очди. Ўлик тўйса — тирик тўяди. Арвоҳларни зиёфат қилмайсанми?
— Албатта, албатта меҳмон қиламиз. Ҳаммани чақиринг. — Асадбек шундай деб очиқ дераза
ёнига келиб чақирди: — Манзура, тез кел, адамларни меҳмон қиламиз... Ада, келинингизнинг
қўлидан бир пиёла чой ичинг. Невара келинларингизни ҳам чақирайми?..
Бирдан ҳаммаси йўқолди: отаси ҳам, илон ҳам, стол устидаги неъматлар ҳам... Атрофни
зулумот босди...
Бомдод азонини эшитиб, кўзларини очди: шийпонда ётибди. Ёнида қайғули кўзларидан ёш
тўкаётган Манзура. Асадбек нима воқеа юз берганини идрок этолмай хотинига тикилиб ётди.
Масжид томондан Муҳиддин отанинг товуши эшитилди:
— Ҳайя алал фалах...
Нажотга чорланган Асадбек жойидан жилолмади.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |