АЙТАР СЎЗИМИЗНИНГ ИНТИҲОСИ
Васл тугаб, фироққа етишилди.
Узоқ йиллар мобайнида беҳисоб сатрлар орқали танишганимиз яхши-ёмон одамлар билан
хайрлашиш фурсати етди.
Ҳазрат Навоий «Муншаот»ларида «Машаққат эса ибтидоси анинг, мурод ўлғуси интиҳоси
анинг», деб ёзмиш эканлар.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
267
Оллоҳ барчаларимизни машаққат саҳросидан кечиб ўтиб, муродга етишганлардан қилсин.
Дастлабки сатрларни битишдан олдин Яратганга муножот этиб, баёнларимда Ҳақ йўлдан
тойдирмаслигини тилаган эдим, яна илтижо этаман: Ё, Раб, бизларни, то қиёматга қадар
зурриёдларимизни ҳам адашганлардан қилмагин.
Тангри таолога беҳисоб-беҳисоб ва яна беҳисоб шукроналаримиз бўлсинким, ўзининг мадади
ила шунингдек, Сиз азиз китобхонларнинг дуолари туфайли мўлжалимиздаги яна бир баён
ниҳоясига етди. Тангри тилагимизни раво айлаб, ажойиб бир бахт бағишлади. Бундайин бахт
сиз азизларга, хусусан, ҳамасрларимизга ҳам насиб этсин! Эндиги тилагимиз: бажарган ишимиз
хайрли бўлғай. Омийн я Раббил-оламийн. Шубҳасизки, бу баёнларда қаламнинг ожизлиги
сабабли йўл қўйилган хатолар ҳам учрар. Бунинг учун тавбалар қилганимиз баробаринда Сиз,
азизлардан узр сўраймиз.
Яна ҳазрат Навоий дебдиларким:
Интиҳоси ишқнинг ҳижрон эмиш, эй аҳли ишқ,
Васл даврони аро мағрур бўлманг асру ҳам.
Бизнинг баёнимиздаги кўп одамлар дунё васлига мағрур бўлиб, оқибатда аламга банди
бўлдилар. Улар Яратганнинг огоҳлантиришини эшитмаслик учун қулоқларига гўё қўрғошин
қуйдилар. Раҳмоннинг эслатмаларини ўқимаслик учун гўё кўзларига нил тортиб, кўр бўлиб
олдилар. Бу дунёда қул бўлишга арзийдиган матоҳнинг ўзи йўқлигини фаҳмламадилар. Оқибат,
Оллоҳ ўзининг ваъдасига кўра, уларга шайтонларни ҳамроҳ қилиб қўйди. Шайтон уларни тўғри
йўлдан тўсди. Қачонки қиёмат чинқириғи янграб, бундайлар Оллоҳнинг ҳузурига боришгач,
афсус чекадилар ва умрлари бўйи жонажон ҳамроҳ бўлган шайтон алайҳилаънага қараб «Қани
эди, мен билан сенинг орамиздаги масофа мағриб ва машриқчалик узоқ бўлса. Сен энг ёмон
ҳамроҳсан»*, дер эканлар.
Оллоҳ ҳеч қайсимизни — ўзимизни, зурриёдларимизни, қавму қариндошларимизни,
биродарларимизни, таниш-билишларимизни бундайлардан қилмасин, иншаоллоҳ!
Барча, барчага, ҳатто ўзимизга душман деб билган кимсаларга ҳам ҳидоят берсин.
Барчага ҳидоят насиб этса бу дунё қанчалар гўзал бўлар эди, валлоҳи аълам!
________________
* Зуҳруф сурасининг 39-оятидан маъно таржима.
© Тоҳир Малик
Ислом.уз
маърифат марказидан олинди.
www.ziyouz.com
- 2008
Do'stlaringiz bilan baham: |