www.ziyouz.com kutubxonasi
259
Хонгирей кетадиган пайтда Маматбейга «қолган ярми учун бошинг билан жавоб берасан»,
деганини эшитдим.
— Нима учун ҳаммасини олиб кетмади?
— Тобут оғир бўлиб кетармикин?
— Йўқ... ундай эмас... Маматбей шу ерда бўлса, демак, ишнинг чаласи бор.
— Бу ишнинг бир учини Ҳалимга айтайми?
— Нега?
— Агар хитларга хизмат қилиши аниқ бўлса, дарров хабар етказади. Улар Московга дарак
беришади. Масковликлар ўликни очиб кўришади.
— Кейин-чи?
— Кейин?.. — Жамшид «билмайман» дегандай елка қисди.
— Кейин Хонгирей сенга ёпишади. Ҳозирча индама...
Асадбек бедор тунда ўйлай-ўйлай, чекиниб хатога йўл қўйганини англаб етган эди. Ҳарна
бўлса ҳам ўрнида маҳкам турмагани учун ўзини лаънатлади. Энди пайсалга солмай хужумга
ўтишни мўлжаллаб, қароргоҳини шаҳар марказидан Эски жўвадаги вассажуфтли уйга
кўчиришга аҳд қилган эди. Ҳозир ўша аҳдига биноан Жамшидга топшириқ берди: Эски
жўвадаги уйни қандай топишни тушунтириб, Тарзанни ёнига олишни буюрди.
3
Eлчин аравачада юриб ўзини ўзи эплаб қолгани учун Зайнаб кундузлари онасининг ёнида
бўларди. Тунда эса отаси каби қийналиб чиқарди. «Мен ҳаётдан тўйган эдим, жонимни
олмадинг. Акам яшаши керак эди, ўлимни юбординг», деб у ҳам Яратганга даъво қиларди.
Даъволари тилга кўчмагани сабабли уни тавбага даъват этувчи йўқ эди.
Зайнаб отасининг хоҳишига кўра, пешинга қиймали шўрва қилди. Овқатланиб бўлишгач,
Асадбек Абдусамадни чақирди-да, «келинлар уйда сиқилиб ўтираверишмасин, шаҳарни
айлантириб кел», деди. Улар кетишгач, Зайнаб онаси билан бирга шийпонни йиғиштирди.
Кўрпачаларни қоқиб, қайта солишаётганида Асадбек чиқиб, она-болага «ўтиринглар», деди.
— Кеча кечқурун доктор Худоёр қўнғироқ қилувди, — деди Асадбек Зайнабга қараб.
Манзурага бу маълум эди. Доктор Худоёрнинг нима дейиши мумкинлигини ҳам биларди.
Шунинг учун кечадан бери «у киши нима дедилар?» деб сўрашга юраги бетламаётганди.
Асадбек эса Манзуранинг сўрашини кутаётганди. Хотинидан садо чиқавермагач, Зайнабга
қараб гап бошлаган эди.
— Доктор Худоёр сал хафа бўлиб гапирди.
— Нега? — деди Манзура.
— Сенга нима деб тайинлаганиди? Бир ойда қайтишсин, деганмиди?
— Вой, адаси... — Манзура эътирозини бошлай олмади, Асадбек унинг гапини шарт узди:
— Уларга баҳонанг ўтмайди... Мен Ҳамидни... айтмадим. Шу ҳафта буларни жўнатишга ваъда
бердим.
— Шу ҳафта? — эри билан баҳслашишга одатланмаган Манзура чорасизликдан бош эгди.
— Ҳамид ҳам айтувди... Озгина чидагин энди... ўқишлари чала қолмасин.
Кейинги гапни Асадбек ялиниш оҳангида айтиб, Манзуранинг кўнглини баттар вайрон қилди.
Асад- бек — Асадбеклигини қилиб, қатъий тарзда хоҳишини баён этганида Манзура ҳам,
Зайнаб ҳам эзилишмас эди. Манзура пиқиллай бошлаганидан кейингина аввалги Асадбекнинг
овози чиқди:
— Бўлди қил.
— Келин ҳам кетадими?
— Уларнинг ҳам ўқиши бор-ку? Хоҳласанг бирга кета қол.
— Вой... — Манзура «ўғлимнинг арвоҳини чирқиратиб ташлаб кетаманми?» дегандай эрига
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |