www.ziyouz.com kutubxonasi
255
«Фақат синов эмас, қилган гуноҳлари учун олган мукофоти» деб ўйлади Жалил. Муҳиддин ота
эса йиғлоқи болани юпатаётгандай меҳрибонлик билан давом этди:
— Оллоҳ биз, ғофил бандаларга айтадики: «мен бир мўъмин кишини бирон мусибат етказиб
имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, гуноҳлардан онаси
туққан кунидагидек пок бўлиб туради...» Оллоҳнинг шу марҳаматига етишмоқ сиз билан бизга
насиб этган.
Жалил бу гапдан сўнг армон билан бош чайқади-да, ялинди:
— Жон ошна, бир марта «тавба» деб қўйгин...
— Ҳа, бўтам, «астағфируллоҳ» денг...
Улар Абдураҳмон табибникида шифо топаётган Асадбекнинг иймонга киришига ишониб,
Яратганга шукрлар айтишган эди. Ундан сал илгарироқ гап талашиб қолишганда Асадбек
иймонга даъват этилишига жавобан ярим ҳазил, ярим чин оҳангида «Кўрамиз, сенинг иймонинг
кучлимикин ёки менинг шайтоним қудратлироқмикин?» деб жавоб қайтариб, Жалилнинг
дилини хуфтон қилган эди. Ўшанда ҳам Жалил тавбага ундаган, бироқ дўсти гапни ҳазилга
буриб юборган эди. Бу гап Жалилнинг юрагига қиррали тошча каби ўрнашиб қолиб, гоҳи-
гоҳида қўзғолиб азоб берарди. Табибнинг уйида дўстининг руҳи ҳам шифо топаётганини
билган ондан бу тошча эрий бошлади. Жалил уни бутунлай эриб битди, деб янглишган экан.
Асадбекнинг ҳозирги гапидан сўнг тошча яна қўзғолиб, шайтанатдан диёнатга ўтмоқ осон
эмаслигига имон келтирди. Бу сафар қиррали тошча Жалилнинг юрагини қаттиқ тилди. Унинг
руҳи қақшагандан қақшади. Агар ошнаси дард исканжасида эзилмаётганида уни дўппослаб
қолишдан қайтмасди, хумордан чиқиш учун ҳам дўппосларди.
Агар бу онда Оллоҳнинг каломини мукаммал билувчи олим улар ҳузурларига келиб:
— Сиз шайтон етовидаги шу муҳаббатсиз қалбга ачиняпсизми? Ғафлат уйқусидаги бу
банданинг иймон сари юриши алдамчи манзара эди. У Исломдан фақат фойда кўзлади. У
иймон йўли билан тижорат йўлини чалкаштириб юборди. Манфаат ва зиён тарозусига қараб
юрмоқни ихтиёр этди. Сиз билмайсизмики, Оллоҳ: «Одамлардан Оллоҳга бир томонлама
ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз
ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир*»,
деганида айнан шу биродаримиз кабиларни назарда тутган, — деса Жалил ҳам, Муҳиддин ота
ҳам унга зид гап айтолмаган бўлишарди.
Муҳиддин ота иккинчи марта тавбага даъват этганидан сўнг Асадбек хаёлини жамлаб, айтган
гапининг маъносини англади-ю, ўзи ҳам қўрқиб кетиб, тавба калимасини айтмоқни ихтиёр
қилди. Бироқ, «Аззз...» деди-ю, у ёғига тили айланмади. Буни сезган Муҳиддин ота уни
қувватлади:
— Худойим ўзинг кечир, денг, бўтам.
Асадбек дудуқ бола каби айтди.
Жалил бундан бир оз енгил тортиб, ўртоғига қаради-ю, унинг терга ботганини, оғзида кўпик
пайдо бўлганини кўриб қўрқиб кетди. Муҳиддин ота ҳам чўчиб, шошилганича унга дам солди.
________________
* «Ҳаж» сурасининг 11-оятидан маъно таржима. («Тафсири ҳилол»-дан)
Do'stlaringiz bilan baham: |