www.ziyouz.com kutubxonasi
252
ошнаси жиддий тарзда «Яхши кўраман, лекин Худони кўпроқ яхши кўраман», деб уни мулзам
қилган эди.
Донишмандлар «дунё надир?» деб сўрашганида, у «бир оҳга арзимас матоҳ», деган экан.
Ўғлининг ўлимидан сўнг бутун топган-йиққанлари яримта оҳга арзимаслигини тушунди. Ҳаёт
бор жойда ўлим ҳам муқаррар мавжудлигини барча билса-да, худди бундан бехабардай
дунёдан кўнгил узмай, тиришгандан тиришади. Билмайдики, барча хатоларнинг асли айнан шу
дунёга муҳаббатдир.
Асадбек хасталаниб, ҳаётдан умидини узиб қўйган пайтда, аниқроғи, Жалил Бухородан тилла
танга олиб келган куни, икки ошна ҳаёт ҳақида эзилиб суҳбатлашишган эди.
— Шу тилла танга неча юз йил аввал қуйилган экан. Нечта қўлдан ўтган, нечта одам шуни деб
бир-бирини ўлдирган экан. Агар ҳозир кўчага чиқариб ташласанг, яна нечта одам шуни деб
бир-бирининг гўштини еркин?
— Одамлар тилла учун олишмайдилар, аслида яшаш учун олишадилар. Бу тилла яхши
яшашнинг бир воситаси, — деб жавоб берганди.
— Бировни абгор қилиб яхши яшашдан кўра, бировнинг қарғишига қолмай камбағалликда умр
кечирган аъло эмасми? Пайғамбаримиз «камбағаллигим – фахрим» деган эканлар.
Эшитмаганмисан?
— Одам ўзини мажбурлаб камбағалликда яшаши шартми? Мен камбағал одамнинг бахтли
бўлганини кўрмаганман.
— Унда сен бахтли экансанда, а?
— Менинг ўзимга яраша бахтим бор.
— Ана энди ўзингга келдинг. Сен бахт деб юрган нарса, аслида бахтсизлик, ошнажон. Чунки
сен ҳаётинг-да сира ҳам бахт изламадинг. Сен қасос изладинг. Қасос излаб шу бахтсизлигингни
топдинг. Болаликда адангни қамоққа олиб кетишаётганда «Мен уларни ўлдираман», деганинг
ҳали ҳам қулоғим остида жа-ранглаб турибди.
— Қасос олишим шарт эди. Бошқача яшашим мумкин эмасди.
— Бир донишманднинг гапига қараганда, агар керак бўлса, заҳарни асал, чўчқани тоға, эшакни
амаки, дейиш керак экан.
— Эшакни амаки дейдиган доно сенмисан?
— Гапни бошқа ёққа айлантирма. Сенинг яна битта хатоинг – дўзах азобидан қўрқмадинг.
— Дўзах азобидан дейсанми?.. Жалил, ошнам, бошимга тушган балоларни, азобларни
бошқалар билмаса ҳам сен яхши биласан. Сен мени дўзах билан қўрқитма. У ерда одам куйса
балки куяр, лекин «халқ душманининг боласи» деб афтига тупуришмас, а? Мен кўрган азоблар
олдида дўзахинг ҳеч гап эмасдир?
— Дўзах меники эмас... Сен азоб, азоб, дейсан-у, лекин сенга душманларингдан кўра кўпроқ
дўст деб юрганларинг зарар етказдилар. Чунки душмандан эҳтиёт бўласан, аммо дўстнинг
душманлигидан қутулиш қийин...
— Гапириш осон. Сенинг ҳаётинг бошқа, меники бошқа...
— Сен ҳали шуни ҳаёт деб биласанми?..
Ўшандаги бу суҳбат осойишта тарзда кечган эди. Ўшанда Асадбек қалбида имонга мойиллик
уйғонай деганди. Лекин «тун зулмати муваққат, қалб зулмати абадий» деганларидек, Асадбек
қалби кўр шўрликлар тоифасидан юлқиниб чиқолмади...
Номус кучлилик қилиб, Асадбек қизига «ўзингни ос», деган мақсадда арқон ташлаб чиққанида
фарзанд доғи нима эканини идрок қилолмасди. Балки ўшанда Зайнаб имилламай, ота амрини
бажарганида Асадбек ҳозиргидай азоб чекмасмиди, ўзини оқлашга баҳоналар топа олармиди...
Eнди ўзини оқлай олмайди.
Айниқса Илико келиб-кетганидан кейин...
Ҳамдардлик билдиргани келган Илико Асадбекнинг аҳволини кўриб, топшириғининг
натижасини айтишни лозим кўрмаган эди. Асадбек «илтимосим нима бўлди?» деб икки қайта
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |