www.ziyouz.com kutubxonasi
254
Кун ёришганда Жалил билан Муҳиддин ота кириб келишди.
— Иситманг бор-ку, укахон, — деди Жалил, Асадбек билан кўриша туриб, — шамолладингми,
дейман?
— Шунақага ўхшайди, — деди Асадбек.
Кичик хонтахта атрофида нонушта қилишди.
— Жалил, тушимда адамларни кўрибман, — деди Асадбек, дастурхонга фотиҳа ўқилгач.
— Тушида ўлик кўрган, ўнгида тирик кўради. Соғинган одаминг келиб қолади, — деди Жалил.
— Арвоҳларни зиёфат қилиш керак...
— Нима?! Нима дединг? — Жалил «иситма аралаш валдираяптими?» деган маънода Муҳиддин
отага қараб олди.
— Шунақа гап бор-ку? — деб изоҳ берди Асадбек.
— Гап бўлса, бу бир бидъат! Нима дедингиз, отахон?
— Ҳа, бўтам, арвоҳларни йўқлаш дуо билан бўлади.
— Мени адам анчадан бери чақирар эдилар, аслида мен кетишим керак эди.
— Бас қил, гўрдан чиқиб, гўрга кирадиган гапларни айтма.
— Ҳа... тўғри айтдинг, гўрга киради...
— Бўтам, Оллоҳга таваккул қилинг, Оллоҳдан нажот сўранг.
— Ҳадеб Оллоҳ, Оллоҳ дейсиз... Оллоҳга сўзингиз ўтса, айтинг, ўғлимни қайтарсин.
Бу гапни эшитган Муҳиддин ота беихтиёр овозини кўтариб «Астағфируллоҳ!» деб юборди.
Жалил эса «Воҳ!» деб нидо қилганича — бошқа гапирмасин, деган мақсадда унинг оғзига
кафтини қўйди:
— Тавба қил, бунақа аҳмоқ гапни айта кўрма, тавба қил!
— Бўтам, шайтонга бўш келманг, шайтонни енгинг, — деди Муҳиддин ота. — Шайтони мағлуб
этишнинг энг осон йўли — масжидга чиқинг. Масжид қурдиришнинг ўзи кифоя эмас, унга
кириб, саждага бош қўйинг.
Асадбек дўстининг қўлини четга суриб, Муҳиддин отага қаради. Унинг кўзлари ғалати
жавдиради:
— Ота, менинг Худо билан шартномам бор: энди мен унинг уйига қадам босмайман, у меникига
кирмайди.
Бу гапдан Муҳиддин ота сесканиб кетди. Жалил эса шапалоқ тортиб юборди. Сўнг елкасидан
ушлаб силкиди:
— Тавба қил, аҳмоқ! Дарров тавба қил!
Жалилнинг важоҳатини кўрган Муҳиддин ота ўрнидан туриб, уни ажратди-да, Асадбекнинг
елкасини силади.
Бу бош, бу елка неча йиллар мобайнида силовчи бир меҳрибон қўлга муҳтож эди. Ширин сўз
нондек арзанда бўлган кезлари ҳақорат эшитди. Отанинг меҳрибон қўллари силаши керак бу
бетларга «халқ душмани»нинг ўғли деб тупурилди. Ҳозир силанаётган елка не маломатларни,
не ташвиш тоғларини кўтармади. Жалилнинг ўзи баъзан дўстининг бу дунё аламларига дош
беришига қойил қолиб, «ўртоғим тупроқдан эмас, темирдан яралган», деб қўярди. Ҳозир ўша
таърифни эслаб, «темирлиги рост, юраги ҳам темирга айланиб қолибди», деб афсусланди.
Темир юракни эритиш йўлини билолмай ўзининг бошини чангаллаб, тебраниб ўтирди.
Бу манзарани кўриб турган Манзура шийпон томонга бир интилди-ю, қизи билан
келинларининг ҳам шу ёққа тикилиб турганларини кўриб, жойида қотди.
Вужудида меҳрибон қўлнинг тафтини сезган Асадбек ота қадрдонининг кўксига бош қўйишни,
тўйиб-тўйиб йиғлашни истади. Аммо ёлғизлигида бостириб келувчи йиғи бу сафар унга хиёнат
қилди.
— Сабр қилинг, бўтам, тоқатлига тоғлар бош эгаркан. Оллоҳнинг «ей Одам фарзанди, сабрли
бўл ва ўзингни паст тут, сени ўзим олий даражага кўтараман», деган ваъдаси бор. Бу кўргулик
сиз билан биз учун Олдоҳнинг бир синови.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |