www.ziyouz.com kutubxonasi
251
ёмон умматингдан ҳам олтмиш мингтани!» Шунда Юшаъ алайҳиссалом «Ёмонларни
жазолашинг мумкин, я Раббим, яхшиларга нега бундай жазо беражаксан?» деб сўрабди. Шунда
Оллоҳ «Улар менинг ғазабим келадиган ишлардан ғазабланишмади. Ўшалар билан бирга
ейишди, ичишди», деб жавоб берган экан. Ота, биз шундайларданмизми? Биз ўзимизни
яхшилардан дейишга ҳақлимизми? Оллоҳнинг раҳматига умид қила оламизми?
Кутилмаган бу савол Муҳиддин отанинг бутун вужудини зириллатиб юборди. Ҳушини йиғиб,
жавоб қайтаришга улгурмай Абдулҳамид гапини давом этди:
— Пайғамбаримиз «Албатта одамларнинг бир тоифасида ёмонликни ёпувчи яхшилик калитлари
бордир, — деган эканлар. – Одамларнинг баъзисида яхшиликни ёпувчи ёмонлик калитлари
бордир. Яхшилик калитларини Оллоҳ уларнинг қўлларига тутган кишилар қандай ҳам яхши
одамлардир! Вайл бўлгай, Оллоҳ-таоло ёмонлик калитларини қўлларига тутган кишиларга!» Бу
ҳадисдан менинг тушунганим – яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар мўъминлардан
бўлишар экан.
Абдулҳамиднинг тин олганидан фойдаланган Муҳиддин ота уни қувватлади:
— Устозингиз гўзал хулқларни ўргатган эканлар. Ҳар бир онгли инсон биродарини ёмонликдан
қайтариши керак. Оллоҳ таоло айтадики: «Вал мўъминууна вал муъминоат баъдуҳум авлияу ва
баъдин яъмуруна билмаъруфи ва янҳавна анил-мункари...» яъниким, мўъмин ва мўъминалар
бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар...
Бу гапдан сўнг Абдулҳамид Муҳиддин отага ялинувчи боланинг кўзлари билан тикилиб қаради.
Ке-йин:
— Жон отажон, сиз шундай дўстлардан бўлинг. Тавба фасли ўтиб кетмасин, ҳеч кимнинг
бошига Фиръавннинг кулфати тушмасин, — деб чуқур нафас олди.
Унинг «адамга шундай дўст бўлинг, тавбага етакланг, иймонсиз кетмасинлар» демоқчи эканини
Муҳиддин ота тушунди. Сўнгги нафасларини олаётган йигит отасининг зулм йўлидан
қайтишини истаб, бобо қадрдонига васият қилаётганини ҳам англади...
Муҳиддин ота айвонга чиқиши билан Асадбек унга ялт этиб қаради: отанинг салла ўрнига
дўпписи атрофига боғлаб юрувчи оқ чит рўмолнинг йўқлиги унга ёмонликдан хабар бериб,
танасидан жон чиқиб кетгандай бўлди. Қимирлашга ҳам, сўз айтишга ҳам ҳоли қолмади.
Меҳмонхонада ивирсиб юрган Манзура айвонга чиқиб туриб қолган отани кўрибоқ, «Вой,
болам!» деб югуриб қолганини ўзи ҳам сезмади.
Муҳиддин ота эр-хотин келгунича жойидан жилмади. Сўнг:
— Оллоҳ сизларга сабри-жамиил ато этсин. Инна лиллаҳи ва инна илаҳи рожиуън*, — деди-да,
илова қилди: — Оллоҳ фарзанду аржумандингизга имон калимаси билан жон таслим этмоқ
бахтини берди...
Ўша онда на Асадбек, на Манзура бу бахтнинг маъносини англадилар...
_____________
* Маъноси будир: «Биз барчамиз Оллоҳникимиз ва унга қайтгучимиздир.
3
Камалак — чиройли, лекин иситмайди. Астойдил ёки тил учида айтилган ҳамдардлик сўзлари
қанчалар кўп бўлса-да, қалб ярасига малҳам бўла олмас эди. Асадбек заиф жисмига қувват,
мажруҳ ва дардли кўнглига сиҳҳат етишмай бу дунёни ташлаб кетган ўғли ҳажрида ўртанган
кезлари ўзича бир ҳақиқатни кашф этди: ҳар қанча қийинчиликка дуч келса баён этарга бир
меҳрибон дўст, бошига ҳар қандай қаттиқчилик етса изҳор қиларга сирдош ўртоқлар зарур
экан. Биргина Жалил унинг ярасига малҳам бўла олмас экан. Ҳар ким айбсиз дўст қидирса,
дўсти камаявераркан, дўстларини ранжитаверса, душмани кўпаяркан. Асадбек шундайлардан
эканига ишонди. Бир куни Жалилга ҳазил аралаш «Сен мени яхши кўрасанми?» деганида,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |