www.ziyouz.com kutubxonasi
247
Жамшид Новосибирдан учган пайтда бир кишилик қамоқхонада ўтирган Селимнинг бақувват
юраги уришдан тўхтаган эди...
Селим Хонгирейнинг қаҳрли нигоҳига рўпара келган ондаёқ унинг кўзларидан ўлим ҳукмини
ўқиган эди. Ресторандаги талвасаси бежиз эмасди. Лекин Маматбейнинг гапига ишониб,
шафқатга умид қилди. Красноярга жўнатилишида ҳам бир зулмни сезиб турса-да, яна умидга
алданди. Ҳатто милитсия машинасига ўтираётганида, қамоқ хонасига кирганида ҳам умидини
узмаганди. Хонгирейнинг атрофида зир қақшаб яшагандан кўра, турмада умр кечириш унга
роҳатдай кўриниб, бу қисматидан рози бўлди.
Бошидаги гаранглик чекиниб, хаёли бир оз равшанлашгач, кўргуликларини идрок этмоқчи
бўлди. У Маматбей айтганидай, катта овга бир мартагина қўл урмоқчи бўлувди. Оғзи куйиб,
тавба қилиб, қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолса-да, барибир ҳали у томондан, ҳали бу
томондан турткилайверишларига у ҳайрон эди. «Онангни кўрсатаман», деб юрган
Ҳосилбойваччанинг ўзи кўрадиганини кўрди. Зелихон ҳам ўлдирмоқчи эди, у ҳам насибасига
ярашасини олди. Энди Хонгирей... У «ўлдираман», дегани йўқ... Селим шунисидан қўрқди...
У «Сўроқ қачон бошланаркин, қийнаса ҳам чидашим керак, Хонгирейни сотсам, шу ерда
чиритади», деб ўйлаб ўтирганида эшик очилиб, икки йигит кириб келди-ю, ура бошлади. Селим
буни «сўроқ олдидан тайёргарлик», деб билиб, букчайиб, бошини қўллари орасига олганича
чидади, овоз чиқармади. Йигитлар тез чарчашдими ё биринчи галдаги «ишлов» шундай камроқ
белгиланганмиди, уришни бас қилишиб, чиқиб кетишди.
Селим шундан кейингина ихранишини бошлади. Шундай кейингина калтак зарблари ўз кучини
кўрсатди. Кўнгли ағдарилди. «Ичимда бир нима ёрилди», деб ўйлади у. Орадан ярим соат
ўтмай, йигитлар қайтиб киришди. Селим аввалги сафар эътибор бермаган эди, йигитлар унинг
юзига тегишмай, фақат қорни, биқинию кўкрагини мўлжаллаб уришарди. «Селим «нега
шундай?» дейишга улгурмади. Ҳушидан кетди. Шу аснода яна қанча тепки, қанча мушт
еганини билмади.
...Оғриқлар вужудини тарк этиб, қуш каби енгил тортди. Ҳатто уча бошлади. Далалар, тоғлар
устидан учиб ўтди. Роҳатланди. Фарғонадаги уйигача борди. Қўнди. Лекин... Уйга қўндим, деб
ўйлаб қувонувди. Йўқ... қараса, қамоқ хонасига қўнибди... Эшик оғзида кимдир турибди. Урган
йигитларга ўхшамайди. Диққат билан тикилди: Зелихонми? Ҳа, Зелихон...
— Бошингга итнинг куни тушибди-ку? — деди Зелихон кулиб.
— Мен бунчалик бўларини кутмаган эдим, — деди Селим.
— Қанақа бўлади, деб ўйловдинг?
— Билмайман.
— Сен нон берганларга хиёнат қилувдинг. Энди ҳақини тўла.
— Айб менда эмас.
— Менинг бобомга, Исмоилбей оғамга кафанни ўзбеклар беришган эди. Сен эса кафанга зор
бўлиб ўласан. Шу нарсага ақлинг етадими сенинг?
— Ҳа, тушунаман.
— Тушунмайсан. Сен нафсингга қул бўлиб яшаган эдинг, энди кафанлигинг ҳам нафс бўлади.
— Мени ўлдирасизми?
— Ҳа. Эсингдами, Фарғонадан қочаётганингда қаёққа борсанг ҳам излаб топиб, отаман девдим.
— Зели оға, ундай деманг, мен сизни ҳурмат қиламан.
— Ҳа... ўшанда ҳам шундай девдинг. Сен мени ҳурмат қилолмайсан. Чунки мен ўлганман.
Эшитмовдингми?
— Эшитганман.
— Охирги кўришганимиздаги гапим эсингдами? «Сен мени кутгин, бир кунмас бир кун уйингга
кириб бораман. Агар бир бало бўлиб қамалиб кетсам, одам юбораман. Сени ўлдириш – мен
учун қиёмат қарз!» демаганмидим? Мен сени топдим. Энди қарзни узиш керак. Тўппончадаги
ўқ сени кутавериб занглаб кетди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |