www.ziyouz.com kutubxonasi
243
билсин? Қорадори билан қўлга тушиб қамалган зобитда гап кўплигини сезган Гамлетнинг
муддаога етишини Селим ўйлаб ҳам кўрмаган эди.
Алҳол, «Лебединая песня» ресторанидаги дастурхоннинг нариги бетида гарангсиб ўтирган
полковникка тикилиб қолган Селим унинг бу ерда пайдо бўлиши тафсилотларини билмас эди.
Ораларида ноз-неъматга тўла дастурхон эмас, балки ўлим жари устига тортилган қил кўприк
мавжудлигини, бу қил кўприкдан аввал ким қулаши Хонгирейнинг марҳаматига боғлиқ эканини
унинг калта фаҳми идрок этолмасди.
Селим полковникнинг бемаъно боқаётган кўзларига тикила туриб, унга лаънат ўқларини
ёғдирди. Бошига тушган кўргулик учун уни айблади. Тобут портлаган пайтда ҳам шу фикрда
эди. Ўшандан бери «бу кўргуликка полковник эмас, ўз нафсим айбдор», деган ҳақ фикр
хаёлини ёритмади. Агар биров, айтайлик, Хонгирейми ёки Маматбейми шундай деса ҳам бу
ҳақиқатни тан олмаган бўларди. «Ўлиминг олдидан бир сўз айт», деб сўнгги имкон берилса,
ўшанда ҳам нафсини эмас, полковникни лаънатлай-лаънатлай жон берган бўларди.
Маматбей «соғиниб қолган бўлса маза қилиб тикилиб тўйиб олсин», дегандай индамасдан
турди. Сўнг бу манзара ғашини келтириб, эшик оғзидаги йигитга ишора қилган эди, у
полковникни бошлаб чиқиб кетди. Шундан кейин Маматбей Селимнинг қадаҳини яна ароққа
тўлдирди.
— Ич, қорнингни тўйғазиб ол.
Селим бир-икки қултум ичди-ю, қадаҳни яна жо-йига қўйиб, Маматбейга қаради:
— Маматбей, ахир... у пайтда сизларни яхши билмасдим... Мен ёлғиз ишлардим. Ўтган иш ўтиб
кетди... Мен сизларга хиёнат қилмадим-ку?
— Сенга биров «хиёнат қилдинг?» дедими? Ол, ичиб қўй.
— Мен...
— Довдирама. Шунчалик қуёнюрак экансан, нима қилардинг катта овга осилиб. Сени
ўлдирмаймиз. Сени бизга Ҳосил совға қилиб кетган. Биз совғани бекордан бекорга ташлаб
юбормаймиз. Бундан бу ёғига қада-мингни билиб бос.
— Мен.. болаларимдан хабар олиб келай.
— Аҳмоқ экансан! Княз сенинг жонингни қайтиб берди. Бу мукофот учун хизмат қилишни
ўйламай, болаларим, дейсан, а? Сен болаларингни унут. Ҳозир изингга қайтасан.
— Бир ўзимми?
— Агар йўқ демасанг бирга борардим.
Бу пичинг замирида «енди сен ёлғиз юрмайсан, шунга ақлинг етмадими?» деган маъно ётарди.
Москвадан қайтишган куннинг эртасига Маматбей хўжайинига қўнғироқ қилиб, ундан топшириқ
олди-да, гўшакни жойига қўйгач, бош чайқаганича, афсус билан:
— Княз хунук хабар етказди — полковнигинг ўлибди. Юраги чатоқ экан-да, а? Айтмоқчи,
сенинг юрагинг ҳам безовталаниб турадими? — деди.
Селим бу айтилмиш гапнинг ёпинчиғи остида қандай маъно яшириниб ётганини англаса-да,
бирон нима демоққа чорасизлиги туфайли тилини тийишга мажбур бўлди. Селим Москвага
чорланиб, учиб бораётган маҳалидаёқ, Хонгирей томонидан тақдири ҳал этилиб қўйилганини
билмасди. Изига қайтилиб, Ҳайдар йўқлангач, Хонгирейнинг бирон топшириғи айтилар, деб
ўйлаб, янглишмади.
Кесакполвон келгач, Маматбей ундан ҳол-аҳвол сўраган бўлди-да, Асадбекнинг айтган гапига
зид равишда, Хонгирейнинг ундан норози эканини баён қилди. Наркокурер танлашда асосан
Кесакполвон адашгани, Маматбей билан Селим унга тўла ишониб, хатога йўл қўйгани учун
Хонгирей томонидан танбеҳга лойиқ кўрилгани ҳам билдирилди.
Норасмий хўжайиннинг шошқич равишда Москвага чорланганидан хавотирда юрган
Кесакполвон «Селим шу мақсадда чақирилган экан-да?» деган ўйда ташвишини босди.
Маматбей хўжайинининг марҳамати туфайли бу сафар ҳеч ким жазоланмаслигини айтгач, янги
наркокурер танлашда адашиш қимматга тушажагидан огоҳлантирди. «Қани, булар ўйлашсин-
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |