www.ziyouz.com kutubxonasi
245
«молни олиб келдим, сизни қизиқтирадиган қоғоз аеропортдаги автомат юкхонанинг қирқ
олтинчи катагида» десанг бас. Ўша заҳоти темирйўл бекатига борасану Новосибирга жўнайсан.
У ердан бу ёққа учасан. Қолган гапни кейин гаплашамиз.
Маматбей топшириғини айтиб бўлгач, Кесакполвонга «чақир», дегандай қараб қўйди.
Кесакполвон зийрак ва чаққон дастёр каби ўрнидан туриб эшикни очди-да, Селимни чақирди.
Йўлда Селим ўзини мўминтой бола сингари тутди. Жамшидга оғирлиги тушмади. Меҳмонхонага
жойлашишгач, ресторандан емоқ-ичмоққа лозим нарсаларни буюриб, яқиндан танишгандай
бўлишди. Мўлжалдан кўпроқ ичиб олган Селим бу йигитга ҳасрат дафтарини очмоқни истади.
Портлаган темир тобут, кутилмаганда пайдо бўлиб қолган полковник ҳақида гапириб, ўзининг
жабрдийда эканини айтиб раҳм-шафқат уйғотишни мўлжал қилди. У Жамшидга берилган
топшириқдан бехабар, эрталаб мижозга қўнғироқ қилиш билан вазифасини уддалаб изига
қайтишдан умидвор эди. Мижознинг Козловга тегишли йигит экани, унинг аллақачон ҳибсга
олингани эса, шубҳасиз, Селимга маълум эмасди. Дастлаб ҳасратини очишни истаган Селим
фикридан қайтиб, тилини жиловлашга ҳаракат қилган бўлса-да, ароқнинг кучи билан
чулдирай-чулдирай, гап орасида Афғондан келган темир тобутнинг портлаганини айтиб қўйди.
Жамшид буни муҳим жиддий гап сифатида қабул қилмади. Уйга қайтгач, зиммасига янги
вазифа юклатилганда Селимнинг мастликда айтиб қўйган бу гапини ўзича таҳлил қилди.
Ароқ кучини кўрсатиб, Селимни қулатиб қўя қолди. Жамшид уни аранг судраб каравотига
ётқизиб «ростданам қаттиқ ухлаяптими ё найранг қиляптими?» деган гумонда тез-тез
қараб турди.
Жамшид белгиланган вақтда кўчага отланди. Селим қўлдан қўймай кўтариб келган дипломатга
қараб олди-да, уйқудан уйғонганида кўражак томошаларни кўз олдига келтириб, унга ачинди.
Красноярда ҳам, Новосибирда ҳам Асадбекка қўнғироқ қилиш имконияти бўлса-да, Жамшид
бундан ўзини тийди. Қайтганидан кейин ҳам унга учрамай, Маматбей қўноқ тутган жойга
келиб, ҳисобот берди.
Маматбей унинг гапларини эътиборсизлик билан тинглади. Жамшид арзимаган юмушни
бажариб қайтиб, кўпиртириб мақтанаётган боладай ўзини ноқулай сезди. У гапдан тўхтагач,
Маматбей Кесакполвонга қараб:
— Красноярдагилар қўнғироқ қилишди, Селим ҳам қўлга тушибди, — деди. Кейин арзимаган
нарсани эслагандай илова қилди: — Бечоранинг юраги касал эди, уларнинг қийнашларига
чидармикин?
Жамшид ҳам, Кесакполвон ҳам бу ачиниш замирида қандай аянчли оқибат ётганини англаб,
бир-бирларига маънодор қараб олдилар.
Маматбей ён чўнтагидан қизил жилдли гувоҳнома чиқариб, Жамшидга узатди:
— Сен энди афғон урушининг фахрийсисан. Марказий кенгаш аъзоси сифатида афғонда ўлган
уч-тўрт қуролдошингнинг оиласидан, қабрларидан хабар олиб келасан. Эсингдан чиқмасин,
уларнинг қабрлари атрофи обод бўлса ҳам, қаровсиз қолибди, деб танбеҳ бериб келасан, —
Маматбей стол устида турган газета парчасига ўроғлик пулни кўрсатиб, қўшиб қўйди: — Бу
пулларни ўлганларнинг ота-оналарига бўлашиб берасан. Кийимларингни ўзгартир, уларда
яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қил. Яқинда Москвадан махсус вакил келишини ҳам айт.
«Ўғилларингга орден берилган экан», деб қувонтириб қўй.
Жамшид борадиган манзилларни ёзиб олгач, кетишга ижозат сўради.
Do'stlaringiz bilan baham: |