www.ziyouz.com kutubxonasi
248
Зелихон шундай деди, аммо қўлида тўппонча кўринмади. Панжаларини очган равишда унга
яқинлашди. Сўнг бўғди...
Харидоргир дўзах аҳли қаторида умр кечирган Селимнинг ҳаёти шу тарзда поёнига етди. Шоир
айтмоқчи:
Сесканмай шум нафснинг хоҳишларидан,
Маст бўлиб шайтоннинг олқишларидан,
Қўрқмасдан мазлумнинг қарғишларидан
Умри ҳам ўтди...
Селимнинг сўнгги нафаси шу тарзда кечиб, «юрак хуружидан жон берди», деб
расмийлаштирилди.
Асадбек Селимнинг Хонгирей қармоғига қандай илинганини ўйлаб ўтирган пайтда «шахси
номаълум» деб топилган наркокурернинг жасади куйдиришга тайёрланарди...
2
Жалил Абдулҳамиднинг кундан кун сўлиб бораётганини кўриб, Асадбекка билдирмай,
Муҳиддин отани олиб келди. «Ҳозир ошнамнинг ёнида суянадиган бир одам бўлиши керак.
Менинг тилим ёмон, суянаман, деганида бир гап айтвориб, дилини баттар хира қиламан», деб
қўйди. Отанинг келиши Асадбек учун айни муддао бўлди. Суҳбатлашиб ўтирган чоқлари
Асадбек ғам-ташвишдан бир оз узоқлашган бўларди-ю, лекин ёлғиз қолганида изтиробли
хаёллар яна банд этаверарди. У москвалик врачнинг касаллик ҳақидаги гапини кўп
ўйлади. Ўйлай-ўйлай гумонлари оқими Хонгирей томонга бурилавергач, Абдусамадни чақириб,
гапга тутди. Абдусамад хорижда эканликларида дўхтир зотига яқинлашмаганларини айта
туриб, Москвада тут-қун бўлган кечаси билак томиридан қон олишганини айтди. Асадбек
эслади: ўшанда ҳам айтишувди, қорадори истеъмол қилинганини аниқлаш учун олишган экан.
Ўшанда бунга ишонган эди. Абдусамаднинг гапидан сўнг гумон ҳақиқатга айланиб,
Асадбек Иликога қўнғироқ қилди. «Ўғлимга ёмон касаллик юққан. Москвадаги қамоқхонада қон
олишганда юқтиришган», дейишининг ўзиёқ Иликога кифоя қилди. Асадбекнинг «икки-уч
кундан кейин борайинми?» деган таклифини бутунлай рад этди.
Москвалик врач «енг яхши дори – умид», деб бу хонадондагиларнинг умидига қувват
бергандай эди. Бироқ, умид саройи гўё муздан барпо этилгандай кун сайин эриб борарди.
Манзура туну кун мижжа қоқмай ўғлининг қошида ўтирмоқни истарди. Асадбек «боласининг
рангига қарайвериб куйиб кул бўлмасин», деган фикрда уни чақириб, турли юмушлар
буюраверарди. Хотинининг қўли ишда-ю, хаёли боласида эканини кўравергач, уни ўз ҳолига
қўйди.
Асадбек ўғлининг ёнига кирганида унга кўнгил кўтарувчи гапларни айтишни истарди. Лекин
тилга гап кела қолмасди. Мўлтиллаб ўтириш ўзига ҳам ёқмай, ўқишдан гап очаверарди. Бу
сафар ҳам шундай бўлди. Унинг домлалари ҳақидаги гапига ўғли кутилмаган жавобни берди:
— Ада, бизга берилган таътил чўзилиб кетди. У томонларда «ҳа, ҳечқиси йўқ», дейилмайди.
Доктор Худоёр ҳам аямайдилар. Акам билан янгамга ижозат беринг, хўп десангиз, келинингиз
ҳам бирга кетсин. Мен сал ўзимга келволсам, етиб бораман.
Асадбек бир оз ўйлангандай бўлди, бироқ, аниқ қарорга келмади. Ўғлининг жавоб кутиб,
тикилиб ётганини кўриб:
— Ўзлари билан маслаҳат қилай-чи, — деб қутулмоқчи бўлди.
— Ўзлари билан маслаҳат қилманг, — деди Абдул-ҳамид. – Эртага йўлга чиқишса, индинга у
ёққа учишлари мумкин. Бўлмаса, яна бир ҳафта йўқотишади.
Асадбек «гапинг тўғри», дегандай ўғлининг бошини силаб қўйди.
— Ада, — деди Абдулҳамид, — Москвалик дўхтир «умид қилинг», деди, а? Агар устозимиз
доктор Худоёр бўлганларида «Оллоҳнинг раҳматидан умид қилинг», дердилар. Бир шарафли
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |