ХХII б о б
1
Дунёда миллион ўғри бўлса, бирининг услуби бошқасиникидан фарқ қилади. Хонгирейнинг эса
ўғирлик, босқинчилик услубидан ташқари яна бир қилиғи ортиқча: ёлғон гапириш бўйича у
жаъмики ўғриларни доғда қолдириши мумкин эди. Катталар қамоқхонасига тушган Афтондил
ҳали Хонгирей лақабини олмасдан анча илгари устози Зелихоннинг диққатини айнан шу одати
билан тортган эди. Зелихон вақтида ишонарли ёлғонни тўқиб, ёв чангалидан қутулиб кетишни
ўғрининг фазилати деб биларди. Кейинчалик Зелихон шогирдидаги бу фазилатнинг керагидан
ортиқ эканини сезиб, кўп танбеҳ берган эди. Ҳатто бир куни «Ҳов бола, сен шайтонни доғда
қолдириб, бир мартагина рост гапирсанг-чи», деганди. Баъзилар ёлғонига бош-қаларни
ишонтириш учун кўп ўйлашади, турли баҳоналарни излашади. Хонгирей эса бу бош
оғриқлардан холи: тили ҳеч қачон ёлғон гапга муҳтож бўлмайди.
Марказий банк ходимининг қайнонасига «Мен ўйнашингдан бўлган ўғлингман», деган Хонгирей
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
239
«Бу гапимга ишонадими ё йўқми?» деб ўйлаб ҳам кўрмаганди. Чунки хотиннинг ишониш ёки
ишонмаслиги у учун мутлақо фарқсиз, унга муҳими — хотиннинг боши қотади.
Асадбекка отасининг васиятини бажариш учун Полшага кетаётганини айтганида ҳам «ёлғоним
фош бўлса-чи?» деган ўйи йўқ эди. У Полшага отасининг васиятини бажариш учун кетяптими,
ростданам амакиси Краковда халок бўлганми — буларни билиш Асадбек учун ҳам фарқсиз эди.
Шу сабабли Хонгирейнинг сафар ҳақидаги гапига унча эътибор бермаганди. Хонгирейнинг
нима учун айнан Краковга боришини у ке-йинроқ ўйлаб қолади.
Хонгирей Шаховскийдаги қароргоҳида биродарларини зиёфат қилган куни ўзи кутмаган ҳолда
қармоғига тилла балиқ илиниб қолган эди. Ярим тунга қадар давом этган зиёфат поёнига етиб,
меҳмонлар тарқалгач, яқинда «жинни» деган ташхис билан қамоқдан чиқиб келган биродари
кетишга шошилмади. Ўз отасини чавақлаб ташлагани учун «Гамлет» лақабини олган бу меҳмон
қолишининг сабабини дарров айтмади. Маишатни тонгга қадар давом эттириб чарчаган
Хонгирей «Eнди дам оламиз», дегач, Гамлет муддаога кўчди:
— Сен қорадорига астойдил аралашибсан, — деди у. — Ҳозир энг тўғри йўл шу. Бир қўлинг
Красноярга бир қўлинг Лвовга боргани яхши. Лекин қулочни яна ҳам чўзишинг мумкин.
Лвовдагиларнинг найрангини биласанми?
— Ҳа, — деди Хонгирей, — Полша билан Вен-грияга ошириб сотишади.
— Билар экансан. Улар Полшадан мен қамоқдалигимда вақтинча фойдаланишди. Энди у ёққа
бориш- са — ўлим топишади. Мен яқинда Канадага кўчиб кетаман. Агар келиша олсак, сенга
Полшани бераман. Яна қорадорининг беҳисоб хазинаси ҳам бор. Уни ҳам сенга топширгим
келяпти. Келиша олсак бас.
Бу таклифдан сўнг уйқу ҳам ўчди, чарчоқ ҳам унутилиб, шартлар, нарху наволар келишилгач,
биргалашиб Полшага боришга аҳдлашишди.
Асадбекнинг тўйидан бир кун аввал Хонгирей Гамлет билан бирга Варшавага етиб келган, икки
кундан кейин эса Краков яқинидаги сароймонанд уйда музокарани бошлаб юборган эди.
Гамлет «пан Любомирский» деб таништирган одамнинг ёшини аниқлаш мушкул эди. Сийрак
сочлари, бароқ қоши оппоқ оқарган, бир оз букчайиб юрувчи, аммо ўзини тетик тутувчи бу
одамни биров етмишдан ошган демасди. Гамлетнинг айтишича, урушдан олдин ҳам, немислар
хўжайинлик қилган йилларда ҳам, советлар эгаллаб турганида ҳам пан Любомирский ўз
касбига содиқ қолган ноёб одамлардан эди. Турли жамиятлар, турли қонунларга бўйин
эгмагани учун ҳам у «Ўлмас Кашчей» лақаби билан машҳур бўлганди.
Гамлет Хонгирейни таништираётган маҳалда мақтов сўзларига бахиллик қилмади. Пан
Любомирский — ўлмас Кашчей бу мақтовларни Хонгирейдан кўз узмаган ҳолда тинглади. Унинг
ўткир нигоҳига хатто Хонгирейнинг чақчайган кўзлари ҳам дош беролмади. Гамлетнинг
мақтовлари ўзининг ҳам жонига тегиб, «тезроқ тугатақол» деган маънода унга қараб-қараб
қўйди.
— Янги дўстимиз бизга қанча миқдорда мол етказиб бера олади?— деб сўради пан
Любомирский Гамлетнинг гаплари поёнига етгач.
— Буюртма берувчи — сиз. Қанча керак бўлса, шунча оламиз. Ўрта Осиёдан оқадиган йўл
шуники. Хитойнинг сунъий дориларини Сибир орқали етказиши мумкин.
— Менга сунъий дори керак эмас. Мен янги дўстимнинг ўз оғзидан эшитмоқчиман: биринчи
галда йигирма кило етказиб кела оласанми?
Хонгирей «Кўп-ку?» деб Гамлетга тезгина қараб олди. Гамлет ваъда беравер, деган маънода
ўнг кўзини салгина қисиб қўйди. Қариянинг сергак нигоҳидан бу четда қолмаган бўлса-да,
танбеҳ бермай, Хонгирейдан жавоб кутди:
— Мен яхши тушунмадим, — деди Хонгирей пинагини бузмаган кўринишда, — йигирма киломи
ё йигирма тоннами?
Пан Любомирский Гамлет билан кўз уриштириб олиб, кулимсиради:
— Қандай шартларингиз бор?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |