www.ziyouz.com kutubxonasi
237
кийгизаётган пайтда Зайнаб касалхонанинг машинасида эрини уйига олиб келган эди.
Қўшнилар ёрдамида замбилдаги бемор янги аравачага ўтқазилгач, меҳмонхонага кирдилар.
Меҳмонхонадаги ясатиғлиқ дастурхонни кўрган Элчин қайнотаси келмаса ҳам қайнонасининг
келиб қолишига умид қилди. Зайнаб чой дамлаб, эрига қуйиб узатди-да, айвонга чиқиб онасига
қўнғироқ қилди. Қизининг бу ишидан ҳайратга тушган Манзура:
— Вой қизимей, бугун шартмиди, а? — дейишдан бошқа гап айта олмади.
«Инсофга кириб қолармикинлар», деган умидда Асадбекка тўғрисини айтди. Асадбек бу
хабарни эшитиб, қошларини чимириб қўйди. «Майли, куёвни тўйга олиб келинглар», демади.
Зайнабнинг кўринмай қолганидан энг аввало келинлар ҳавотирланишди. «Уларнинг «Зайнаб
бону нечук кўринмайдилар?» деган саволларига «Eри оғирлашиб қолибди», деб, ичида тавба
ҳам қилиб қўйди: Ёлғонни Худо кечирсин!»
Тўйдан бехабар Элчин қайнонасининг келмаганига ажабланди. Бугун эрталаб ҳам
касалхонадан чиқиш ҳақида гап йўқ эди. Зайнаб «жавоб тегди, кетамиз», деб кулимсираган
бўлса ҳам Элчин унинг юзига соя ташлаётган ташвиш булутини сезди. Вақт ўтиб, кун ботганда
ҳам эр-хотин ёлғиз ўтирардилар. Тилсиз, ҳаракатсиз қолади, деб ташхис қўйилган Элчин
врачларнинг кутганларини пучга чиқарса-да, ҳали бемалол гаплашиб ўтириш даражасига
етмаган эди. Тили бурро бўлгани билан нималарни гаплашиб ўтирарди?
«Менинг тирик қолишим сенинг комронлиғингми ё бахтсизлигингми?» деб сўрайдими? «Отанг
менинг ўлишимни истаган эди, тирик қолишим хонадонинг учун бахтсизликдир? Умуман...
ўлсам нимани йўқотардим, тирик қолиб нима ютдим? Сен мени жиянларимдан тортиб олдинг
ҳисоб. Бирга яшаб, хуш бахт бўлишмизга ишонасанми?» дермиди.
Бу гаплар тилга кўчмаса ҳам кўз қарашларида зоҳир эди. Зайнаб эрининг туйғуларини тўла
бўлмаса-да, ҳис этарди. Гўё ўша машъум воқеа юз бермагандек, гўё қалбида интиқом чўғи
йўқдек, гўё чалажонга айланган бу одамни азал-азалдан яхши кўрадиган бахтиёр жувондек
кўрсатишга уринарди.
Eлчин эса бахтиёрлик ниқоби ортидаги тоғдек дард-ни қалб кўзи билан кўриб турарди. Бу
нозик жисм бу дард тоғини кўтариб туришга яна қанча чидаркин, деб чамаларди. У қорадори
балосидан қутулишга куч топган жувоннинг бу дард тоғига чидашгина эмас, уни йиқишга ҳам
қодир эканини хаёлига ҳам келтирмас эди. Элчин Зайнабни оддий аёллардан деб билиб, унинг
ирода кучини ҳисобга олмаётганди. Балки бошқа аёллар дард олдида эгилиб қоларлар? Лекин
Асадбекнинг қизи эгилмас, дардга енгилмас...
Зайнаб лаганчага икки кишилик таом сузиб киргач, Элчин:
— Ойинг келмайдиларми? — деб сўради.
Зайнаб «Келишлари керакмиди?» деган савол назари билан жавоб қайтарди. Эрининг бу унсиз
жавобдан қониқмаганини билиб:
— Қариндошимизникида тўй, — деб изоҳ берди.
— Сен нега бормадинг? Мен эртага чиқсам ҳам бўлаверарди, — деди Элчин.
Зайнаб ундан кўзларини олиб қочиб:
— Мен эртага борсам ҳам бўлади, — деди.
Таомдан сўнг телевизор кўришди. Ҳар икковининг кўзлари тамошада бўлса-да, хаёллари бошқа
ерларда сарсари кезарди.
Акалари билан келинаяларининг бахтиёр чеҳралари Зайнабнинг кўзи олдидан нари кетмади.
«Худо бахт бераман, деса беравераркан-да, — деб ўйлади у. — Бу қизлар дунёнинг нарига
четида эди. Шунда ҳам хоҳлаганларига етишишди. Меники шундай ёнгинамда эди...»
Зайнабнинг тақдирига дил мақсудига етолмаслик ёзилган экан, на илож қилсин? «Ноумидлик
ёмон, дунё умид билан қойимдир», дейишади. Зайнаб дардни умид билан енгишга уринарди.
Лекин... қуриган умид дарахти қайта гуллаши мумкинмикин?.. Бу ғам ман-зилида унга нелар
қолмиш яна? Зайнабнинг юра- гида яраланган сурур бу саволга жавоб тополмай ингради.
Телевизордаги тамоша тамом бўлиб, қўшиқ бошланганида Зайнаб ошхонада эди. Маъюс оҳанг
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |