www.ziyouz.com kutubxonasi
234
иситма шу дорининг эм бўлаётганидан нишонадир, бугун табибнинг ўзи келиб қолар», деб
ўйлади. Пешинга қадар кўзлари йўлда бўлди. Икки марта Муҳиддин отага «биродарингиздан
дарак йўғ-а?» деб қўйди.
Пешинда дарвозадан анча нарида эскигина «Москвич» тўхтаб, ундан охори тўкилган кийимли
бир киши тушиб, орқа ўриндиқдан каттагина тугун олди. Юмуш билан кўчага чиққан Жамшид
машинанинг тартиб рақамига қараб «Абдураҳмон табиб келибди», деб ўйлаб, изига қайтди-ю,
бу янгиликдан хожасини огоҳ қилди. Асадбек шошилиб кўчага чиққанида тугун кўтарган
меҳмон дарвозага яқин келиб қолган эди. Асадбек уни табибникида кўрган, ҳамиша отлар
билан овора бўлгани учун уни отбоқар деб ўйлаган эди. Меҳмон тугунни Жамшидга бериб, ўзи
Асадбек билан қўшқўллаб сўрашди-да, «тўйлар қуллуқ бўлсин», деб қўйди.
— Абдураҳмон ака қанилар? — деб сўради Асадбек «Москвич»га қараб олиб.
— Поччам узрларини айтиб юбордилар. Қишлоғимиз бир оз нотинчга ўхшаб қолди, ташлаб
келаверишга кўнгиллари бўлмади.
Бу гапни эшитиб Жамшид «Нима бўлган экан?» деган савол назари билан хожасига қаради.
Абдураҳмон табибнинг хавотирли гапларини эслаган Асадбек бу қарашни жавобсиз қолдирди-
да, меҳмонни ичкарига таклиф этди.
Сел каби оқиб келаётган қимматбаҳо совғалар орасида табиб юборган майдақавиқ икки тўн,
қийиқ, дўппи, икки кийимли хонатлас ғарибгина кўринарди. Шунинг учун ҳам тавонхонадаги
хотинлар тугуннинг бир учини очиб кўришди-ю, «ким олиб келди?» деб сўраб ўтирмасдан бир
бурчакка қўйишди.
Абдураҳмон табибнинг қайниси бу ҳашаматли уйда, шохона дастурхон атрофидаги димоғдор
одамлар орасида ўзини бегона ҳис қилдими ё чиндан ҳам шошқич равишда изига қайтмоғи
лозиммиди, ҳар ҳолда бир пиёла чойдан иборат зиёфатдан қониқиб, ўрнидан турди. Унга
биров «Нега турдингиз?» демади. Бундан унинг кўнгли бир оз чўкса-да, «тўйчиликда айби йўқ,
танимаганни сийламас», деб ўзини ўзи овутди. Кўчага чиққанида масжиддан қайтаётган
Муҳиддин ота билан Жалилни кўриб «Танишларим ҳам бор экан-ку», деб кўнгил чироғи
ёришди. Жалил табибнинг узрини эшитиб бўлгач:
— Сиз қаёққа отландингиз? — деб сўради.
Шомга қадар довондан ўтиб олишни ният қилган меҳмоннинг узри қабул бўлмади. Жалил уни
қочиб кетишига йўл қўймайдигандай билагидан ушлаб, ичкари бошлади. Ҳовлига киргач,
хизматда юрган Жамшидни чақириб «Меҳмон сенларга хор бўлдими?» деб койиди-да, шийпон
ёнига қўйилган ихчам сўрига қараб юрди. Сўнг «Шотирларингнинг биттасига айт, фақат бизга
қарасин. Ҳадеб тўйганларингнинг атрофида гирдикапалак бўлавермаларинг», деб буюрди.
Бир косадан манпар ичилгач, меҳмон қайтмоғи зарурлигини айтиб, дуога қўл очди. Муҳиддин
ота ҳовлининг ўзида хайрлашди. Жалил уни то машинасига қадар кузатиб борди. Меҳмон
машинасига ўтириб, эшикни ёпишга шошилмади:
— Поччамнинг бир топшириқларини бажара олмадим, агар малол олмасангиз... шу хизматни
ўзингиз уддалаб қўя қолсангиз, — деди.
— Тортинмай айтовринг, қанақа хизмат?
— Поччам куёвларга атаб тўн тиктирган эдилар. Ўзинг елкаларига ташлаб, хайрли хос
дуойимни етказ, Оллоҳ уларни ёмон шамоллардан асрасин, девдилар.
Жалил топшириқни бажаришга ваъда бергач, меҳмон изига қайтди. Жалил эса ҳовлига қайтиб,
Жамшидни чақирди-да:
— Куёв тўралар қани? — деб сўради.
— Сочларини таратгани сартарошга чиқиб кетишувди, — деди Жамшид. — Ҳозир келиб
қолишади.
— Сочни уйда тараса бўлмас эканми? — деб тўнғиллади Жалил.
— Тарашда ҳам тараш бор-да, ювади, қурутади...
— Бурунларинг оқса ҳам бировга арттирларинг. Ҳалиги меҳмон тўн олиб келган экан, қаерга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |