www.ziyouz.com kutubxonasi
230
бўлди:
— Адаси, дарров жаҳлингиз чиқмасин. Зайнабнинг ҳам кўнглига қарайлик-да.
— Зайнабнинг кўнглига?.. — Асадбек шундай де-ди-ю, жимиб қолди. Бу сукутдан фойдаланган
Манзура Зайнабнинг кунда икки, баъзан уч марта касалхонага бораётганини, Элчиннинг
жиянлари келгани, уларга жавобан «У менинг эрим, уни ўзим олиб чиқаман», деганларини
айтиб берди. Бу гапларни эшитган Асадбек «Eрини ёмон кўрарди-ку? Энди Жамшиддан кўнгли
совуб, унга муҳаббатли бўлдими?» деб ўйлади.
— Зайнаб бу ерда анча сиқилиб қолди, — деди Манзура. — Кеннайилари билан акалари
кулишиб туришса унинг кўзларида ёш милтиллайди. Куёвингизни уйига олиб чиқсак...
— Тўйдан кейин, — деди Асадбек унинг гапини узиб. — Ҳозир олиб чиқсанг, ҳамма тўй
ҳаракати билан овора бўлиб, қаровсиз қолади.
Онаси билан суҳбатлашганда Зайнаб «Eлчин акам чиқмасалар мен тўй базмида нима қиламан?
Бева хотинга ўхшаб шумшаб ўтираманми?» деган эди. Манзура эрига бу гапни айтай деди-ю,
журъат этолмади.
Икковлари биргалашиб пастга тушиб, уйга кирдилар. Ўзининг хонасидаги деразадан ҳовлидаги
ота-онасига қараб турган Зайнаб хўрсиниб қўйди.
Зайнаб нимани истаса онаси дарров рози бўлар, отасидан эса ижозат тегиши мушкул вазифа
эди. Эрининг тўй базмига олиб борилиши бошқалар учун арзимас масала бўлса-да, Зайнаб учун
ғоят муҳим эди. У тўйда хизмат қилиб юрган Жамшид билан рўпара келишдан ёки кўзлари
тўқнашишдан қўрқарди. Яримжон эринниг ёнида ўтириши уни шайтон васвасасидан
қутқарарди. Жамшид ўлдига чиқарилганида Зайнаб бир ўлиб, бир тирилувди. Ёшлик суруридан
эсдалик бўлмиш бу йигит ҳовлида ҳар пайдо бўлганида у яна ўлиб, яна тирилаверди. Руҳи
қайта-қайта азобланмоғи учун ҳам тирилаверди. Асадбек хотинининг гапларини эшитиб
«Жамшиддан кўнгли қолибди», деб ўйлаб янглишган эди. Ёшликка хос чин севгидан қутулиш
мумкин эмаслигини у билмасди. Чунки Асадбек бу каби сурурли дамларни бошидан кечирмаган
эди. Дунёда «муҳаббат» деб аталмиш илоҳий туйғу борлигини англаш ёшида фикру зикри
қимор билан банд, унинг муҳаббати ҳам, садоқати ҳам ўшанда қимор эди.
Яқиндагина хаёлан Кумушбибига айланиб, ўз Отабеги билан бахтиёр бўлувчи қиз бахтини
совуриб, жувонликнинг зимистон оламига ўтиб қолгандай эди. Бу оламда саодатдан умидвор
қилувчи битта учқунни ҳам кўрмас эди. У энди Кумушбиби эмас, эртакдаги тош маликага
айланиб қолишни истарди. Ўн йилми, юз йилми ўтгач, аслига қайтса, атрофидаги ғам-андуҳни
кўрмаса... У баъзан бир ёрилтошга учрамоқни орзу қилади. Суйгани билан ўша тошга борса-да
айтса:
«Ёрилгин тош, ёрилгиней,
олгин бизни ўз бағрингга...»
Сўнг тошга айланиб яшасалар. Ўн йилми, юз йилми...
Шафқатсиз дунё, аламли дунё бу орзуларга йўл берармиди?
Ўн йилми, юз йилданми кейин бу дунё шафқатлироқ, бахтга мўлроқ бўлиб қолармиди...
Do'stlaringiz bilan baham: |