www.ziyouz.com kutubxonasi
228
Жамшид унинг ўткир нигоҳига дош беролмай ерга қаради.
— Гапирмайсанми? — деди Кесакполвон зарда билан.
— Агар хато қилган бўлсам... айтинг. Хатоларимни айтиб-айтиб тарбия қилгансиз.
— Сени Маҳмуд тарбиялаган. Маҳмуд аканг киндигини ўзи кесганлардан эди, ҳамма ақл
ўшанда, баъзан ақли тошиб ҳам кетарди. Сенам акахонингга ўхшагансан. Сени, одам
бўлармикин, деб ўлимдан олиб қолган эдим. Сен нимангга кериласан?
Жамшид бош эгиб, индамай ўтираверди. Кесакполвон аламдан чиқиш учун сўкишни
бошлаганда ҳам бошини кўтармади. Фақат онасининг номи ҳақоратга қўшилганида бир
сесканди-ю, бу жиккак одамчани янчиб ташлагиси келди. Сўкишлар поёнига етгач, туҳмат
саройининг дарвозалари очилди.
— Мен сенга бир иш буюрувдим, «ҳа» ҳам демадинг, «йўқ» ҳам демадинг, а? Ё эсингдан
чиқдими?
Бу саволдан сўнг Жамшид бош кўтарди:
— Қайси иш эди?
— Ҳалимни текширишинг керакмиди?
— Ҳа.
— Хўш?
— Ҳали тагига етолмадим. Гапларидан милисага ўхшайди, лекин милисанинг идорасидаги
рўйхатда бунақа номдаги одам йўқ. Агар милиса бўлганида ҳам бизнинг ичимизда бошқача
номда юргандир?
— Мен сенга нима деб буюрувдим?
— Милисанинг одами бўлса ўлдир, девдингиз.
— Ўлдирдингми?
— Йўқ.
— Унда қаёққа ғойиб бўлди?
Жамшид Қозига қарашдан ўзини аранг тутиб қолди. Қози Жамшиднинг Ҳалимжондан гап очиб
суриштирганини хожасига етказгани аниқ. Агар ҳозир унга ялт этиб қараса, фош бўлиб қолиши
мумкин эди. Шунинг учун ҳеч нарса билмагандай:
— Уч-тўрт кундан бери кўринмай қолди. Уйидан хабар олайми? — деб сўради.
— Сен уни ё чўчитиб қўйгансан, ё қочириб юборгансан. Ахир икковингнинг устозинг бир-ку, а?
— У кўринмай қолганига...
— Хўш, гапиравер, ичингда қолмасин.
— Сизми ё Бек акамми иш буюргандирсизлар, деб ўйловдим.
— Мен унга ҳечам иш буюрмаганман. У милисанинг одами эди, кўнглим сезиб турарди. Сен уни
қаердан бўлса ҳам топасан.
— Хўп...
Жамшид шундай деб қутулмоқчи эди, бўлмади. Кесакполвон навбатдаги арининг уясини
кавлади:
— Бек акангни нима учун бу ерга бошлаб келдинг? Бу сен аралашадиган ишмиди?
— Мен тўғри уйга олиб бордим. Боланинг онаси кеннайимга арз-дод қилиб чиққан экан.
Кеннайим Бек акамга айтдилар. Кейин Бек акам бир пиёла чой ҳам ичмай бу ёққа юришни
буюрдилар.
Кесакполвон Манзуранинг шунга ўхшаган гапини эшитгани учун бу ёлғонга ишонди. Лекин бўш
келмади:
— Пул берган хунасанинг милисага борганини нега айтдинг?
— Чўтал кўпроқ бўлсин, девдим...
— Ўша пулнинг ҳаммасини бўйнингга илворсам нима дейсан?
— Хатойимга яраша жазоланг, майли.
— Сен шунақа мўминтойлигинг билан ҳаммани енгиб келгансан. Бу қилиқ менга ўтмайди,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |