www.ziyouz.com kutubxonasi
226
турганида Кесакполвон бошига оғир кулфат тушган одам каби дардли овозда:
— Асад, маслаҳатинг керак, — деди.
Кесакполвон Асадбекнинг илгаригидай «Қани, дардингни айт-чи» дейишини кутди.
Асадбек «қозихонадаги маш-машадан гапирар», деб ўйлаб, собиқ аъёнининг гап бошлашини
унсиз равишда кутди.
— Асад, — деди Кесакполвон ғамли кўринишини ўзгартирмай. — Ҳалимни бир иш билан
Карсноярга юборувдим, қўлга тушиб қолибди...
— Ҳа, тулки, — деб ўйлади Асадбек, — ишкалингнинг иси чиққанидан кейин ёриляпсанми?
Масковдаги хўжайинларинг телефон қилиб айтишгандир-да, а? Қани, аравангни қуруқ олиб
қочавер-чи?
Кесакполвон бир неча нафас сукут сақлаб ожиз уф тортди-да, илова қилди:
— Нима қилишга ҳайронман.
— Қанақа иш билан юборувдинг? — деб сўради Асадбек.
— Озгина майда-чуйда олиб кетувди.
— Кўпга тушдингми?
— Гап тушишда эмас, бола нобуд бўлмасин, дейман, ҳар ҳолда сенга яхши хизмат қилиб
юрувди.
— Красноярда қўлга тушган бўлса бошингни оғритиб юрма. Бу бола менга унча ёқмас эди. Иш-
пиш чиқиб қолса Жамшидга буюра тураман.
— Масковга ҳам ўтибсанми?
— Хонгирейни тўйга айтай деб ўтувдим, отаси ўлибди, сен эшитмовмидинг?
— Кечроқ эшитдим. Боришнинг иложи бўлмади.
— Иккаламизнинг номимиздан кўнгил сўраб қўйдим. Хонгирей сендан хурсанд, «ишнинг кўзини
биладиган» экан деб мақтади.
Икки ёлғон дўстнинг ёлғон лутфи шу тариқа қисқа бўлди. Тўйга доир бир-икки масала ҳақида
бундан-да қисқароқ тарзда гаплашиб олингач, Кесакполвон кетишга тараддудланди. Асадбек
«Ўтир, қаёққа шошасан», демади. Дарвозахонага қадар кузатиб боргач Кесакполвон «Бу ёғига
ўзим йўлни топиб кетаман», дегандай хайрлашди. Сўнг бўшаб ётган болохонага қараб бир
энтикиб қўйди.
... Ҳамма ишлари сип-силлиқ кетаётувди. Болохонадаги йигитлар қуллуқ қилиб туришарди.
Хонгирей деган шайтонвачча қаёқдан пайдо бўлди, қандай қилиб суқулиб кирди?.. Энди
бундан буёғи хуфтонми?..
Кесакполвон Хонгирейни «шайтонвачча» деди-ю, аммо унинг шайтони билан ўзининг йўл
кўрсатувчи шайтони ака-ука эканини ўйлаб кўрмади.
Кўчада машина ойнакларини артаётган Жамшид Кесакполвонни кўриши билан ишини ташлаб,
пешвоз чиқиб кўришди.
— Ҳа, эркак, акахон келдилар, деб қўйишга ҳам ярамай қодингми?
— Ўзим ҳам ярим соат олдин билиб қолдим, — деб ёлғонлади Жамшид.
— Бу ердаги ишингни тугатиб, қозихонага ўт, гап бор.
Жамшид машинани артиб улгурмай Абдусамад чиқиб:
— Кетавераркансиз, эрталаб азонда келсангиз, табибникига бориларкан, — деди.
Жамшид янги хожасининг изидан кетма-кет етиб боришни истамай, касалхонага ўтиб, отасини
зиёрат қилди. Отаси унга нимадир деб ғўдиранди. Унинг мақсадини ўгай онаси тушунтирди:
— Уйга кетгилари келяпти. Ўтиришга ҳам мадорлари қолмади.
— Дўхтирлар яхши қарашмаяптими?
— Боқишлари ёмонмас, лекин уйнинг ҳавоси бошқачада.
— Эртага бир жойга бориб келишим керак, индинга ўзим келиб, олиб чиқаман.
Жамшид машинага ўтирди-ю, касалхонанинг панжара девори ортида маъюс қараб турган ўгай
онасига кўзи тушиб, юраги эзилди. Отаси бу хотинга уйланган кезлари икковини лаънатлаб
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |