www.ziyouz.com kutubxonasi
227
юрганини эслади. Унинг назарида отаси уйланиб, онасининг руҳига улуғ хиёнат қилган эди.
Отаси кўз очиб кўрган аҳли аёлининг хотираси олдида ўзини гуноҳкор деб биларди, бироқ
дардини ичига ютарди. Ўгай онаси эса йигит ёшига етиб, қамоқхонанинг шўр шўрвасини тотиб
кўрган ўгай ўғли ҳузурида ўзини ноқулай сезарди. Шу сабабли эр-хотин Жамшиднинг бевош
юришларидан норози бўлишса-да, танбеҳ беришмади, тўғри йўлга тортишга уринишмади.
Кўнгли яримта ўғилнинг кўнглига қарашга мажбур бўлишди. Жамшидни ўз ҳолига қўйиб
беришларига яна бир сабаб бор эди: улар «Қамалиб чиққан йигит тамоман бузилиб бўлган,
унга насиҳат кор қилмайди», деб ўйлашарди.
Кунларни, ҳафталар, ойлар, йилларни бу эр-хотин бир-бирига суянган ҳолда ўтказишди.
Хонгирейнинг ҳузуридан қайтганидан сўнг Жамшидда яхшилик томонга ўзгариш сезилди. У
отаси ва ўгай онасининг ёлғизликдаги ҳаётини ҳис қилди. Айниқса тўшакка михланган беморга
ўгай онасининг меҳрибонлиги уни лол қолдирди. Отаси бу хотинга ёшлик чоғида беқиёс
муҳаббати туфайли уйланиб, узоқ бахтиёр йилларни биргаликда ўтказса ҳам бу вафога
ажабланмаса ҳам бўларди. Ўлган хотиннинг ўрнига хотин, бевош болага ўгай она бўлиб кириб
келган эди бу хонадонга. Соғлом эр билан қанча яшади, неча йилдан бери касал боқади?
«Тузалмас касал эрни бошимга ураманми?» деб ташлаб кетиши мумкинмиди? Ахир ўртада
фарзанд йўқ, эҳтиросли аҳду-паймон, қолаверса, мол-мулк йўқ-ку? Уни нима ушлаб турибди?
Жамшид бу саволга аниқ жавоб бера олмасди. Чунки у ҳеч қанақа ўлчови йўқ меҳр-муҳаббат,
одамийлик, вафо деган фазилатнинг моҳиятини англай олмасди. Кейинги пайтларда ўгай
онасини кузата туриб «ойим тирик бўлсалар ҳам адамга шундай қарардилар», деган хулосага
келиб, ўгай онасига муносабати ўзгарди.
Ҳозир кузатиб чиққан ўгай онасининг дардли боқишига парво қилмай кета олмади.
«Кўнгиллари бир нимани сездими?» деган ўй хаёлига келиб юраги «шув» этди. «Нега икки
кундан кейин олиб кетишим керак? Ҳозир-чи?» деган хаёлда машинадан тушди.
— Ҳозир кета қоламиз, — деди Жамшид, — мен дўхтирга учрашиб чиқаман, сиз тайёрланиб
туринг.
Отаси бир ҳафта уйда бўлса, йигирма-ўттиз кун касалхонада ётарди. Уни ҳозир олиб кетишга
чоғланган Жамшид «Бўлди, энди бу ёққа олиб келиш йўқ, дўхтирлар уйга бориб боқишади»,
деб қарор қилди.
2
Жамшид отасини уйга қўйиб, кўчага чиқаётганида ўгай онаси уни остонада тўхтатди:
— Жамшиджон, — деди у синиқ овозда, — Худодан умидимиз кўп-ку, лекин... узоқ қолиб
кетманг.
Жамшид тушунди. «Хўп» демоқчи эди, томоғига нимадир тиқилиб бош ирғаб қўя қолди.
Қозихонага боришга оёғи тортмаса ҳам, ортиқча гап кўпаймасин, деган фикрда амрни
бажарди. У қозихонага кирганда Кесакполвон ёнбошлаб олиб нок еяётган эди. Қозининг
яқинида турган коняк шишасининг ҳали яримламаганига қараганда янги хожанинг маишатга
кўнгли йўқроқ эди. Жамшид киргач, Кесакполвон «Кел» ҳам демади, «Бунча узоқ қолиб
кетдинг?» деб гина ҳам қилмади. Жамшид ўтиргач, Қозига қараб:
— Ошнангга бақувват қилиб қуй. Ҳозир у тўйбоши, чарчагандир, — деди.
Жамшид бу гап замирида пичингни сезмагандай ўнг кафтини кўкрагига қўйиб, қуллуқ қилди.
Қози кон-як қуйиб узатган пиёлани қўлга олиб «ёлғиз ўзим ичаверайми?» деган савол назари
билан хожасига қаради. Кесакполвон «бирга ич» деган маънода Қозига ишора қилгач, икки
оғайни акахонларининг саломатликлари учун бўшатдилар. Кесакполвон нокни еб бўлиб,
лабини сочиқ билан артди.
— Сен бола, у ёқларга бориб келганингдан ке- йин айнидинг. Айниганингни ўзинг ҳам
сезасанми? — деди у.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |