www.ziyouz.com kutubxonasi
236
— дейди кафанланган Асад- бек, — бел боғлаган одам ҳам тобут олдида ўйнайдими?»
Кесакполвон қаҳ-қаҳ отиб кулади: «Тўй бўлганидан кейин ўйнайман-да... Бизга тўй... Сенга эса
аза...»
Кўринмас бармоқлар Асадбекнинг томоғидан бўғди. Ёнидаги Жамшидга қараб «ол уни!» деб
ишора қилди. Жамшид илдам бориб, Кесакполвоннинг қулоғига «Бек акам чақиряптилар», деб
шивирлади. Кесакполвон чексиз-чегарасиз шодон одам кўринишида Асадбекка рўпара бўлди.
Асадбек сир бой бермаслик учун:
— Маматбейни яхши жойга ўтқаздингми, хабар олиб тур, — деди.
«Ўйиним Асадга ёқмади», деган фикрдан йироқ Кесакполвон ичкари кириб кетди.
Келин-куёвларнинг изидан келаётган Чувриндининг хотинини Асадбек тўхтатди-да:
— Келганинг учун раҳмат, — деди. — Ўғилларингнинг тўйини худди шу ерда, бундан ҳам
афзалроқ қилиб ўтқазамиз.
Чувриндининг хотини титроқ лаблари билан «раҳмат» деб қўйиб, бошқа сўз айтмай хотинлар
оқимида ичкарига қараб юрди.
Никоҳ базмидан сал олдинроқ етиб келган Илико узоқ ўтирмади Асадбекни ранжитмаслик учун
кетиши сабабини яширмай айтди:
— Тўйда хунук хабар айтиш яхши эмас, лекин сен бизга бегона эмассан... эртага бобомни
сўнгги йўлга кузатишим керак.
Асадбек беихтиёр равишда уни бағрига босди. Руҳи тушкун қариянинг сўнгги гапларини
эслади.
Иликони кузатиб ичкари кирганида Кесакполвон чап қўлида микрофон, ўнг қўлида иккита
машина калитларини кўз-кўз қилиб ушлаганича дўсти Асадбек шаънига мақтовлар ёғдирарди.
Мақтовлар якун топиб, машиналарнинг калитлари куёвлар қўлига топширилгач, Кесакполвон
машшоқларга «чал», деб ишора қилиб, яна ўйинга тушиб кетди.
Асадбек энсаси қотса ҳам ўзига тикилиб турган ўнлаб нигоҳларни ҳис қилиб, ўртага тушди, шу
пайтгача қилмаган ишини қилди: Кесакполвоннинг устидан пул сочди...
Тўй базми авжга чиққанида Жамшид Асадбекка яқинлашиб:
— Бек ака, Ҳамид чарчади, куёв-келинларга жавоб беришсинми? — деб сўради.
Жамшид айтмаса ҳам Асадбек дам-бадам ўғлига қараб унинг ҳолсизланаётганини сезиб
турарди.
— Ҳеч ким билмасин, аввал келин янгаси билан секин чиқишсин. Кетидан Ҳамидни ўзинг олиб
чиқ. Самад ўтираверсин, — деди. Кейин тайинлади: — Кеннайинг эргашмасин. Меҳмонларга
қарасин. Биз боргунча дўхтир Ҳамиднинг ёнидан жилмасин.
Асабдек айтгандай бўлди. Уларнинг чиқиб кетишганини биров билди, биров эътибор бермади.
Нима воқеа юз берганини Маматбейгина сезди. Сезди-ю, мамнунлик билан кулимсираб қўйиб,
Кесакполвонни чақирди-да, чўқиштириб ичди. Шу онда Асадбекнинг нигоҳи ўзига қадалиб
турганини эса билмади.
3
Абдулҳамиднинг хасталиги Манзура билан Асадбек учун бир ташвиш бўлса, Зайнабнинг никоҳ
базмига келмагани ташвиш устига нохушлик эди. Асадбек базм бошлангунга қадар ҳам
қизининг келиб қолишига умид қилиб йўлга қараб-қараб қўйди. Кесакполвон Мардона
ўлдирилганидан кейин «қизинг ўзингга ўхшайди», деганида Асадбек аччиқланган эди.
Қизининг ўзи каби ўжар, чўрткесарлигига мана энди ишонди.
Eлчинни тўйга олиб бориш таклифи рад этилга-нини Манзура юмшоқлик билан тушунтирса-да,
Зайнаб отасининг мақсадини англади ва ўзининг айтганидан қайтмади. Базмда иштирок
этмасликка узил-кесил аҳд қилиб, сартарошхонага отланган акалари билан кўчага чиқди-да,
касалхонага қараб кетди. Жалил сочларини тараттириб келган куёв тўраларга тўн
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |