www.ziyouz.com kutubxonasi
233
Менга номаълум бир хасталикдан ақлим лол. Нимадир унинг юрагини ялаб адо қилай дебди.
Ишқилиб янглишаётган бўлай, фолбинликдан Оллоҳ асрасин, йигитимиз кўпга боролмайдиган
кўринадир...
Бу хунук хабар Муҳиддин отанинг аъзойи баданини музлатиб юборди. Тили гапга айланмай,
табибга қараб қолди. «Тақсир, адашмаяпсизми? Айтинг, жон тақсирим, айтинг, адашдим, денг.
Боланинг умри узоқ бўлади, денг...» Муҳиддин отанинг илтижо билан боқаётган кўзларида
шундай маънолар зоҳир эди.
Улар меҳмонхонага қайтишганда Муҳиддин ота Асадбекка ҳам, Абдулҳамидга ҳам қарай
олмади. Унинг руҳидаги тушкунликни Асадбек сезди. Табиб дори тайёрлаш учун чиққанида
«Ота, нима бўлди, тобингиз қочдими?» деб сўради. Муҳиддан ота унга жавобан «Сал
толиқибман, бўтам», деб қўя қолди.
Абдураҳмон табиб тунда йўл юрмоқликнинг хосиятсиз эканини, довонни қалин қор босганини
рўкач қилиб, уларнинг қайтишларига изн бермади. Ўрин солиниб, ётишга ҳозирланганларида
Абдураҳмон табиб Асадбекни қўшни хонага чорлади. Муҳиддин ота «боланинг аҳволини
яширмасликка қарор қилдими?» деб ўйлаб Асадбекни хавотир назари билан кузатди. Унинг
ташвиши ўринсиз эди. Табиб Асадбекни мутлақо бош-қа бир сабаб билан чорлаганди.
— Дев аканинг ҳужраси эсингиздами? — деб гап бошлади табиб. — Ҳали ўша ердан
келаётувдим. Дев аканинг вафотидан кейин қишлоқдагилар ҳужрани бузиб ташлайлик,
дейишувди. Мен гўри совумай туриб бузмайлик, девдим. Ҳар бир жойнинг бир яхшиси, бир
ёмони бўлади. Биздан бир ёмон чиқиб, каллакесарликни касб қилиб олган эди. Қайси бир йили
қамалиб кетувди, отувга ҳукм бўлди, деб ҳам эшитувдик. Отилмабди, тирик экан. Бир ҳафта
илгари қишлоқда кўриниб қолди. Кеча ўзига ўхшаган яна уч-тўртаси пайдо бўлиб, Дев аканинг
ҳужрасини макон тутишибди. Кўнглим ёмонликни сезиб, ўша ерга бордим. Нашани чекиб,
ароқни ичиб ётишибди. Қамоқдан қочишган десам, қўрқиб, беркиниш ҳаракатлари йўқ.
Абдураҳмон табибнинг ҳавотирли гапларини эшитиб, Асадбек Зелихонни эслади. Ўтган йили
Фарғонада фожиалар бошланмай туриб у ҳам табиб каби ҳавотирли гумони билан унга
мурожаат этган эди. Бу йил яна қайтариладиганми бу фожиа? Бунинг тепасида ким
турибди? Мақсади нима? Асадбек жон талвасасидаги жамиятнинг сиёсатини таҳлил қилмоққа,
макр-ҳийлаларини кашф этмоққа ожиз эди. Шу сабабли Абдураҳмон табибга ҳамдард бўла
олмади. Тайинли гап ҳам айтолмади.
2
Абдусамад, сўнг Абдулҳамид дунёга келишганида Манзуранинг, Асадбекнинг қалбларида орзу-
умидлар ҳам туғилган эди. Бу оламда ҳисобсиз, ўлчовсиз нарсалар кўп. Шулардан бири — ота-
онанинг фарзанди бахти-саодатига хос орзулардир. Барча ота-оналар каби Манзура билан
Асадбек гўдакларини қандай авайлаб вояга етказсалар, орзу-умидларини ҳам йиллар
мобайнида шундай эҳтиёт қилдилар Уларнинг етишолмаган орзуларига кўра ушалганлари
кўпроқ эди. Узоқ вақт кутилган никоҳ базмига етишганлари шулар сирасидан бўлди.
Бир кун олдин Суликонинг бобоси ваъда қилган совға етиб келди. Зулукдек икки от
кўрганларининг ҳушини олаёзди. Ҳатто отларни кўрганда кўз олдига фақат қази келувчи
Кесакполвон ҳам бу гўзаллик олдида лол қолди. Мардонавор гуржи йигитларининг уст-боши
ҳам ажабтовур эди. Маматбей Хонгирейнинг сов-ғаси — қинига олтин суви юритилиб ёқутлар
билан безатилган икки ханжарни тортиқ қилди. Эрталаб эса Асадбекнинг уйи қаршисидаги йўл
четида Кесакполвоннинг совғаси — иккита оппоқ «Жигули» пайдо бўлди.
Хурсандчилик билан ўтиши лозим бўлган кун бир оз ташвиш билан бошланди. Нонуштада
Абдулҳамид кўринмагач, Манзура унинг ётоғига кириб чиқди-да, ўғлининг яна
иситмалаётганини эрига маълум қилди. Манзуранинг «дўхтир чақирайлик» деган гапига
Асадбек «шошилмай тур», деб жавоб қилди. У «Табибнинг дориси касални бир қўзитиб олади,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |