www.ziyouz.com kutubxonasi
260
қаради. Асадбек хотинининг бир қадам нарига жилмаслигини била туриб, бу таклифни айтган
эди. Шу сабабли унинг қарашига эътибор бермади.
Абдусамаднинг ҳам, келинларнинг ҳам шаҳар айланадиган кайфиятлари йўқ эди. Оталарининг
хоҳишига кўра чиққанлари учун узоқ юришмади. Улар қайтиб келишгач, Зайнаб акасини холи
хонага чақириб, адасининг гапларини етказди.
— Сўрашга уялиб юрувдим, яхши бўлибди, — деди Абдусамад.
— Кетишни хоҳлаяпсизми? — деди Зайнаб.
— Ўқишни чала ташлашим керакми?
— Адам билан ойимни шу ҳолда ташлаб кетаверасизми?
— Сен борсан-ку?
— Кетманг.
— Нега?
— Адамни ёлғиз қўйиш мумкинмас.
— Нега?
— «Нега, нега?» деяверасизми?! Тушунмаяпсизми? Ҳамид акам ўзларича касал бўлдиларми?
— Нима деяпсан?
— Ҳамид акамни адамнинг душманлари ўлдиришган...
Абдусамадда ҳам шундай фикр бор, аммо бу гумон аниқ тасдиғини топмагани учун
ишонмасликка ҳаракат қиларди. Синглисидан бу ҳақиқатни эшитиб, лол қолди.
— Кимдан эшитдинг?
— Бировдан эшитишим шартми? Мен аниқ биламан. Сиз бош ўғилсиз, қасос олиш керак!
— Зайнаб, сенга нима бўлди, бунақа гапларни гапирма.
— Қасос олмасак, Ҳамид акам гўрида тикка туради.
Зайнабнинг худди отаси каби кескин гапириши Абдусамадга таъсир этди. Синглисига бир нима
демоққа қийналди. Сўнг сўз топишга уринди:
— Зайнаб, бунақа демагин. Агар душманларнинг иши бўлса ҳам адам нима қилишни ўзлари
биладилар. Бизни бунақа ишларга барибир яқинлаштирмайдилар. Агар аралашишимизни
истасалар бизларни ўқитмасдилар. Сен билан мен нимани биламиз? Лимонад тсехлари бор,
такси кооперативлари бор. Яна нима? Қолган гапларни миш-мишлар орқали биламиз. Адам
бизнинг олдимизда ишдан ҳеч гапирмаганлар. Демак, бизни бош-қа одам бўлишимизни
истайдилар.
— Қанақа одам?
— Масалан, олим бўлишимизни...
— Қасос-чи?
— Бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла.
— Ҳеч қачон! Агар сиз кетсангиз, ўрнингизга ўзим қоламан!
Зайнаб шундай деб чиқмоқчи эди, Абдусамад йўлини тўсди. Кесакполвон «Асадбекнинг асл
қизи», деб янглишмаганди. Юмшоқ кўнгилли Абдусамад синглисининг йўлига ғов бўлолмади.
Абдусамад билан келинлар сафар тадоригини кўришаётганида Зайнаб Жамшидни учратиш
ҳаракатида бўлди. Учрашди ҳам. Мақсадини айтди ҳам. Бироқ, Жамшиддан ўзи кутмаган
жавобни эшитди:
— Бу эркакларнинг иши. Агар мен ўлсам, менинг ўрнимга сен келасан. Унгача бу гапларни
хаёлингдан чиқариб ташла. Бек акамнинг ёнларида мен борман, кўнглингни ҳотиржам қилавер.
Абдусамад ҳам «бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла», девди. Зайнаб чорасиз қолди. Аҳдидан
отаси огоҳ бўлса, ўзининг уй қамоғига маҳкум этилувини англаб, Жамшиддан «Адамга
айтманг», деб илтимос қилди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |