www.ziyouz.com kutubxonasi
258
ўтиргани»ни айтди. Хонгирей мамнун ҳолда Маматбей билан кўз уриштириб олгач:
— Олдин ишни қилайлик. Фотиҳа қочмайди, — дегач, шаҳарда қолмай, йўлга тушишди.
Жамшид уларни Афғон урушидан ўликлари келган аскарлардан бирининг уйига бошлаб борди.
Марҳумнинг ота-оналари масковлик азиз меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олишди.
Полковник «интернатсионал бурчини бажара туриб қаҳрамонона ҳалок бўлган ватан ўғлони
орден билан мукофотланганини, тушунмовчилик туфайли орден вақтида топширилмаганини»
айтиб уни СССР Мудофаа вазири номидан топширди. Яралари янгиланган ота-она фарзанди
юзини силагандай орденни силашди. Улар билишмасдики, Москванинг Арбат деб аталмиш эски
кўчасидан бунақанги ордендан истаганчасини сотиб олиш мумкин, гувоҳномасини эса
компютер деган беминнат дастёр аслидан ҳам яхшироқ қилиб тайёрлаб берарди.
Орденни топшириш пайтида Маматбей билан Кесакполвон қабристонда эдилар. Изма-из етиб
келган одамлари юк машинасидан қабртошни туширишди. Иш шошқич равишда амалга
оширилиб, қабр очилиб, темир тобут тешилганини гўрков ҳам сезмай қолди.
Полковник темир тобут миналаштирилмаганига қа-сам ичган бўлса ҳам Маматбей унга
яқинлашишга қўрқди. Қабристон дарвозаси ёнидаги чоғроқ хонада гўрковни гапга солиб
ўтирди. Оқ мармардан ишланган қабртош тупроқ устига ўрнатилиб, иш бир соатга қолмай
якунланди. Ана шундан кейин Маматбей марҳумнинг уйига хабар юборди.
Шу тарзда бошқа қишлоқларга ҳам боришгач, ишнинг зўр даражада уюштирганлари учун
Маматбей, Кесакполвон, Жамшид хўжайинларидан олқиш эшитдилар.
— Қабртош ўрнатишни зўр топибманми? — деди Хонгирей, — ўлик бўлишса ҳам улар бизнинг
шерикларимиз. Мен шерикларимнинг ўлигини ҳам ҳурмат қиламан.
Иш охирига етгач, Асадбекникига фотиҳага келишди.
Сўнг Маматбейнинг қароргоҳида зиёфат бўлди.
Зиёфатдан кейин Жамшид полковникни меҳмонхонага бошлаб кетди. Полковник у ерда ҳам
ароқхўрлигини давом эттирди. Жамшидга уни ташлаб келиш эмас, эрталабгача ёнидан
жилмаслик топширилган эди. Ярим кечагача полковникнинг жағи тинмади. Афғондаги
ишларини айтиб, мақтаниб, шунинг орасида ўзи билмаган ҳолда темир тобутларга қорадорини
қандай маҳорат билан жойлаштирганини ҳам ошкор этиб қўйди.
— Сен ким билан ишлаётганингни биласанми? — деди полковник Жамшиднинг бўйнига қўл
ташлаб олиб.— Хонгирей! У ҳақиқий эркак! Селимни билармидинг? У мени лақиллатмоқчи
бўлди. Мен эсам унга миналаштирилган тобутни рўпара қилдим. Менга қара, аҳмоққа
ўхшайманми, а? Ҳа! Мен ўлжага бир тўда одамнинг ташланишини билардим. Хонгирей мардлик
қилди. Селим билан тенг шерикликка келишувдим. Хонгирей ўттиз фоизига кўнди. Менга
етмиш фоиз тегади. Тушуняпсанми? Мен энг бой полковник бўламан. Ўша етмиш фоиз
ҳисобидан Хонгирей менга Шаховскийдаги уйини берди. Мен сени ўша ёққа бирга олиб
кетаман, уйни ювамиз...
Тун яримлаганда Маматбей қўнғироқ қилиб, полковникнинг аҳволи қандайлиги билан қизиқди.
Жамшиднинг «ичиб, сайраб ўтирибди», деган жавобини эшитиб амр қилди:
— Зийрак бўлиб тур, мазаси қочса, «тез ёрдам» чақир. Тўртинчи касалхонага олиб борасан.
Орадан бир соат ўтмай, полковник юраги қаттиқ санчаётганини айтгач, Жамшид «тез
ёрдам»ни чақирди. Бемор касалхонага етказилганидан сўнг ҳам Жамшид изига қайтмади.
Эрталабга яқин врач чиқиб, полковникнинг «узилгани»ни айтгач, Маматбейга қўнғироқ
қилди-да, «ўша ердан жилма», деган буйруқ олди...
Жамшид шу воқеаларни Асадбекка батафсил баён қилгач:
— Полковник учун махсус тобут ясатибди. Уни Хонгирейнинг ўзи олиб кетди, — деди. —
Назаримда йиғилган қорадориларнинг ярми шу тобутда кетди. Полковникнинг ихтироси
ўзининг бошини еди.
— Ярми кетганини қаердан биласан, кўрдингми?— деб сўради Асадбек.
— Кўрмадим, мени бу ишга яқинлаштиришмади. Қаерга яширишганини ҳам билмайман.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |